Энди улар: “Ҳижоб аслан
арабларнинг миллий кийими бўлиб, исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ; хотин-қизлар
бемалол очилиб-сочилиб юришлари мумкин, фақат маммаларининг тугмасини ёки
думғазасини номаҳрамларга кўз-кўз қилмаса кифоя!” деб таълим бера бошладилар.
Қарабсизки, ислом университетида таҳсил кўраётган талаба хотин-қизлар ёппасига
ҳижобларини ечиб гулханга ташладилар ва 8 март куни “Халқаро хотин-қизлар
байрами” муносабати билан гуррас-гуррас бўлиб, гулдасталар кўтариб янгамулломиз
Зулфия ҳайкали пойига гуллар қўядиган, тошга таъзим қиладиган бўлишди.
Ишқилиб,
қишлоқдан диний билим олиб, ҳижобга ўраниб, олий маълумотли отинча бўлиб
қайтаман деб шиддат билан пойтахтга келган аксарият қизлар тиззасидан ҳам
юқориси кўриниб турадиган мини юбка киядиган замонавий ёшлар сафига қўшилиб,
фаол “Камолот”чи бўлиб уйларига қайтади. Бахтга қарши, Ўрисиядан мардикорчилик
қилиб қайтадиган бўйдоқлар диний билим олган отинчаларга эмас, коллеж ёки
литцейни энди битирган, юзларига бўжама тошган қизларга ютоқиб уйланади. Чунки
олий маълумот олган қизларнинг ёшлари ўтинқираб, кўзлари ҳам тиллақўнғиздай
чақнамай қолади. Бўйдоқлар эса кўзлари чақнаб турадиган қизларга ишқибоз
бўлади. Ўтириб қолган қариқизлар иккинчи ёки учинчи хотин бўлишга ҳам рози
бўлиб, кўчага термилиб ўтириверади.
Эски
имом-хатиблар бошма-бош алмаштирилди. Янги имомчалар худди мини юбка киядиган
отинчалар каби бесоқол бўлиб, жума маърузаларини қоғозга қарамасдан ҳам
шариллатиб ўқиб бераверади. Жума маърузалари эса Юртменбоши девонида
тайёрланиб, сўнгра хавфсизлик идорасида ҳам етти чиғириқдан ўтказилиб
тасдиқлангач, факс орқали туманлардаги масжидларга жўнатилар эди.
Диний идоранинг қўғирчоқ
раҳбарига соқол қўйиш, салла ўраб юриш учун махсус рухсатнома ёзиб берилган. У
бир куни Хоразмга учиб кетиш ниятида аэропортга боради, божхона текширувидан
ўтаётганда паспортдаги суратида соқоли қора экани аниқланади: “Кечирасиз,
тақсир, соқолингиз оқ экан, паспортингизга мос тушмаяпти. Шу учун марҳамат
қилиб ё соқолингизни қирдиринг, ёки уни қорага бўяйсиз!” деб шарт қўядилар.
Аэропортда ҳадеганда бўёқ топилмайди, лекин сартарош дарров топилади. Муфти
соқолини қирдириб, Хоразмга учиб кетади. Кутиб олувчилар муфтини танимай
қолади; бир илож қилиб вилоят диндорларининг пахта йиғим-терим кампаниясига
бағишланган йиғилишига етиб ҳам боради. Йиғилиш охиригача ғала-ғовур
босилмайди. Одамлар муфтинининг эски соқол-муртининг ўрни оқариб песга ўхшаб
қолганини кўриб гоҳ ҳиринг-ҳиринг қилади, гоҳ бош чайқаб ўзаро пичир-пичир
қилишади...
Энг қизиғи –
муфти уйига қайтганидан сўнг росмана можаро бошланади. Хотини кўпдан буён
эридан шубҳаланиб юрар экан, бирдан ғавғо кўтаради: “Билардим Хоразмдан ёшгина
хотин олиб қўйганингни! Ўша хотинчангга яхши кўриниш учун атайлаб
соқол-муртингни олдиргансан!” дейди ва кўч-кўронини битта “КамАЗ”га ортиб
отасининг уйига жўнаб кетади. Ўртага маслаҳатчиларим тушади ва эр-хотинни зўрға
яраштириб қўяди. Иноят Махсум “бу киши соқол қўйиб юриши мумкин” деб махсус
рухсатнома ёзиб беради. Орқаваротдан суриштирсам, муфтининг хотини бекорга
ғавғо кўтармаган; писмиқвой яширинча яна учта бевани никоҳлаб олган, уларга
Самарқанд, Урганч, Чимкент шаҳарларидан уй-жой қилиб берган экан.
Охири бўлмади,
Айдарқулни муфтига хўжалик ишлари бўйича ўринбосар этиб тайинладим. Мана, муфти
бемалол шаръий хотинлар билан кўнгли тусаганча шуғулланаверади.
Тўғри қилган
эканман. Уч йилдан сўнг Айдарқул муфтиятни ҳам махсус хизмат идорасининг
филиалига айлантириб қўйди: барча кадрлар энг камида СНБнинг кичик сержанти унвонига эга эди.
Айдарқулга
қойил қолган жойим шундаки, чорак асрдан буён
КГБ-СНБ тизимида динга ва
диндорларга қарши муттасил курашиб келса-да, бироқ ўзи асло таъмагирлик
қилмайди: у на бошқаларга қўшилиб намоз ўқийди, на ўзини поклаб олиш учун
диконглаб ҳаж сафарига боради. Бошқалар эса ўзларига бериб қўйилган ваколатдан
фойдаланиб етти-саккиз мартадан ҳаж ибодатини адо этади. Албатта, ҳажга борган
идора ходими ўзи истаса-истамаса диний ақидаларга берилиб, хийла кўнгилчан
бўлиб қолади. Кўнгилчан одамлар эса ҳокимиятга сидқидилдан хизмат қила олмайди.
Улар кўнглининг бир четида нариги дунёдан ҳам умидвор бўлиб тураверади,
охиригача манга содиқ бўла олмайди. Оллоҳ уларнинг кўнглига доим ғулғула солиб
туради. Яхшиямки, Айдарқул бошқалар каби кўнгил кўчасига юрмайди – у умрининг
охиригача ортодоксал атеист бўлиб қолажак.
Нега
илгарироқ Айдарқулни ўз ўрнида фойдаланиш мумкинлигини ўйламадим? Унинг ўрни
“Ўзбекистон” меҳмонхонасининг учинчи қаватидаги битта люкс хона эмас, муфтининг
хўжалик ишлари бўйича ўринбосари эканини тушуниб етгунимча кўп сувлар оқиб
кетди. Аслида, Айдарқулнинг ўрнини топишим ҳам тасодиф орқали содир бўлди. Бир
куни Арнасойга йўлим тушди. Арнасой ҳозир Айдаркўл туфайли машҳур. Қаранг, у
ёқда ҳам туфайли бор, бу ёқда ҳам туфайли бор. Моторли қайиқда кўлни роса сайр
этдим. Қўриқхона ташкил этилибди. Қўриқхона мутасаддиси “Энашамол” номли китоб ёзиб чиқарибди.
Китобни варақлаб кўрдим, чакки эмас. Майли, дедим, китоб баҳонасида қўриқхона
ходимлари ҳам китобхон бўлса, қарши эмасман. “Лекин китобда Айдаркўл тўғрисида
лом-мим дейилмаган”, деб шикоят қилиб қолди қўриқхона директори Қозоқбой. Айнан
Қозоқбойнинг шикояти туфайли Айдарқул лоп этиб эсимга тушади: ахир ундан мақсадга
мувофиқ равишда фойдаланиш мумкин-ку! Шап этказиб пешонамга уриб: “Бундан кейин
Айдаркўл тўғрисида ҳам албатта эслатиб ўтади, Қозоқбой! Бу ҳақда Айдарқулга
тайинлаб қўяман, Қозоқбой!” дедим тўлқинланиб. Қозоқбой нима учун бу қадар
тўлқинланганимни албатта сезмади. Хуллас, Айдарқул усталик билан динга қарши
диндорларнинг ўзларини гиж-гижлаб қўяди. Э-э, офарин, деб юбордим. Муқаддам
Искандарга “Юртменистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонини
берган бўлсам, Айдарқулни “Юртменистон қаҳрамони” унвони билан сарафроз этдим.
У шунга арзийди. У Юрманистонни энг катта хавфдан – исломлашув хавфидан узоқ
муддатга қутқаради. Энди кечалари бемалол ухлашим мумкин.
Комментариев нет:
Отправить комментарий