среда, 25 апреля 2018 г.

116. Қувғин


Абдулатиф подшоҳ отасини қатл қилдиргач, бор-йўғи олти ой тахтда ўтиради. Мирзо Улуғбек Самарқанддан ташқарида сўйилган бўлса-да, лекин “Гўри Амир”га келтириб дафн этилади. Абдулатиф эса кўчада қолади (эҳтимол, илгари мозор бўлгандир, аммо Шўро замонида унинг қабри кўчанинг бир четида мунғайиб турганини кўп бора кўрганман).
Демак, қотил подшоҳ олти ойдан ортиқ тахтда ўтирмайди: ё тож-тахтдан воз кечади, ёки боши кетади. Самарқандда шунақа гап юрарди, шунақа ирим бор.
Ман ҳам отни қамчилашим даркор.
Радий Фиш қандайдир сеҳрли қудратга эга эди. Тарафдорлари ўн-ўн бештадан ошмайдиган уч юз кишилик парламантни бемалол изнига бўйсундиради. Мани сақлаб қолади. Бўлмасам, шу тобда Чиғатой қабристонида ётган бўлардим (ўшани насиб қилса). Юзминг кишилик аламзада талабаларни ҳам ҳовуридан тушириб, уй-уйига тарқатиб юборади.
Бўлиб ўткан воқеалардан Юртменистонда манинг ҳокимиятимга хавф соладиган реал битта куч бор – у Радий Фиш, деган хулоса чиқардим. Парламант аъзоларини битта-битта синдираман, талабаларни келган жойига жўнатиб юбораман, бақир-чақир қиладиган халқни мардикор (гостербайтер) қилиб хорижга ҳайдайман. Радий Фишни нима қилсам экан? Унинг яқин дўстларини битта-битта ёнимга олдим; ёнимга келмаганларига амал бердим, хизмат машинаси тайинладим, ҳукумат касалхонасида муолажа оладиган этиб қўйдим, ишқилиб, ҳаммасининг овозини ўчирдим, овози ўчмаганлар Юртменистондан бош олиб чиқиб кетди.
Радий Фиш эмоционал-ҳиссиётчан йигит, у ўзининг ҳис-туйғуларини бошқара олмайди. Туйғуга берилиб шошилинч қарор қабул қилиб қўйганини ўзи ҳам билмай қолади. Кейин пушаймон қиладими-йўқми, у ёғини билмайман-у, бироқ бирдан пов этиб ёниб кетади. Аста-секин уни жонидан тўйдиришим керак. Ўз хоҳиши билан сиёсий майдонни ташлаб чиқиб кетишга мажбур қилишим лозим. У сиёсатдан четлаштирилса, ман ўзим хоҳлаганимча Юртменистонда ҳукмронлик қилишим мумкин. Эҳтимол, умримнинг охирида ўзимни қирол деб эълон қиларман, ўлигимни Ленин ва Мао боболар каби ойнаванд мақбара остига дафн этишларини васият қиламан. Ўрнимга ҳам ўзим истаган меросхўримни қолдириб кетаман. Амир Темур ўзининг меросхўри этиб невараси Муҳаммад Султонни тайинлаган экан. Афсус, Муҳаммад Султон йигирма етти ёшида оғир касалга чалиниб вафот этади. Агар Муҳаммад Султон ўттиз-ўттиз беш ёшларида тахтга ўтириб, саксон йил яшаб, 1450 йилгача темурийлар салтанатини барча синовлардан омон-эсон олиб ўтганида борми, кейин бу салтанат бемалол супердавлатга айланиб кетиши мумкин эди. Усмонлилар давлати ҳам икки юз йилдан сўнг Оврупани зир титратадиган суперсалтанат бўлади. Биринчи Пётр асос солган Рус давлати уч юз йил ҳукм суриб, ҳамон Оврупа билан Осиё орасида семизқурт каби тўлғаниб ётибди... Ман барпо этадиган салтанат ҳам энг камида яна юз йил Марказий Осиёнинг бўғзига тиқилиб қолган суяк мисоли бутун дунёни безовта қилиши лозим. Токи бу суякни бемалол ютиб ҳам бўлмасин, уни туфлаб юборишнинг ҳам иложи топилмасин...
Унга Бош вазир лавозимини таклиф этдим. Яна тўртта вазирликка ҳам ўз одамингизни қўясиз, дедим.
                         Қайси вазирликларни манга бермоқчисиз? – деб сўради Радий Фиш оёқ устида парламант мажлисидан сўнг тасодифан учрашиб қолган чоғимизда.
                         Маданият вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Маориф вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги... – деб бармоқларимни буклаб, синчалоғимга тикилиб турсам, у индамасдан орқасига қайрилиб жўнаб юборса бўладими!
Шотирларим кўзларини қаерга яширишни билмайди. Ҳамма хижолат чекади. Ман мулзам бўлганимни билдирмасликка ҳаракат қиламан. Энди Радий Фиш билан муроса қилиб бўлмаслигини ич-ичимдан ҳис этдим. Ғишт қолипидан кўчган эди. Энди йўлларимиз айрилади.
Боя ман санаб кўрсатган вазирликлар, бир тийинга қимматлигини ўзим ҳам биламан. Улар бошқарув сиёсатига ҳеч қандай таъсир кўрсата олмасди. Ҳатто Бош вазир ҳам Юртменбошининг доим калтак еб юрадиган хунук хотинига ўхшарди. Шу пайтгача нечтасини эски пайпоқдек алмаштириб ирғитиб юборганимни Радий Фиш жуда яхши биларди. У йиртиқ пайпоққа ўхшаб қолишни асло истамади; агар Бош вазир бўлса, энг камида Миллий хавфсизлик хизмати билан Ички ишлар вазирлиги бевосита битта ўзига бўйсунишини истарди. Унинг талабини ман қабул қила олмасдим, талабига кўнсам, ўзимнинг оёғимга ўзим болта урган бўлардим.
Ҳартомонлама сиқувга олинади Радий Фиш. Партиясининг юзминг нусхада чоп этиладиган газетаси ҳар хил баҳоналар билан босмахонада тутиб қолинади, ўз вақтида обуначиларга етиб бормайди, сотувга ҳам вақтида чиқарилмайди. Парламант мажлисларида унга сўз берилмайди, сўз олса, бемалол гапиришига йўл қўйилмайди – депутатлар полни тепиб тўс-тўполон кўтаради. Бундан ташқари, қариндош-уруғларини хавфсизлик хизмати ходимлари гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона таъқиб эта бошлайди; мактабга бориб келадиган болалари ҳам муттасил кузатув остига тушади. Партияси жойлашган бинонинг ижара ҳақи бирданига тўрт баробар ошириб юборилади; электр токи узиб қўйилади.
Охирги Парламант мажлисида Радий Фиш қайта-қайта сўз сўрайди. Парламант раисига (парламант у пайтларда “Олий Мажлис” деб аталади) оғзаки ҳам ёзма равишда мурожаат қилади. Тоқати тоқ бўлгач, депутатлик гувоҳномасини боши узра баланд кўтариб минбар томон шаҳдам одимлаб кела бошлайди. Табиатан қўрқоқ бўлган Парламант раиси жавдираб манга қарайди: “Нима қилай?” деб сўрайди шивирлаб. Қўлимни “крест-хоч” этиб кўрсатаман: “Танаффус эълон қилиб юбор!” дейман. Навбатдаги депутат сўзга чиқиш учун минбар томон яқинлашаётган бўлса ҳам, биз ўрнимиздан туриб ичкарига йўл оламиз.
                         Танаффус! Ўртоқлар, танаффус! – деб қичқиради гулдурак товушли раис.
Радий Фиш минбарга яқинлашиб қўлидаги гувоҳномани бизга қаратиб ирғитиб юборади.
                         Манга сўз бермайдиган парламантнинг депутати бўлишни истамайман! – деб қичқиради жизғанаги чиқиб.
Радий Фиш депутатлик гувоҳномасини ирғитиб юборганини телевидение жонли кўрсатувда бутун мамлакат бўйлаб намойиш этади.
Ўшандан сўнг Радий Фиш парламантга қайтиб қадам босмайди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...