Радий Фиш билан яна яккама-якка учрашдим. Бу
гал Давлат тили тўғрисидаги Қонун лойиҳасини кўтариб келди. Лойиҳа билан
танишдим.
–
Хўш, нима қилишим керак? – деб сўрадим ўзимни
гўлликка солиб.
–
Давлат тили тўғрисида қонун қабул қилиш лозим.
Акс ҳолда...
–
Шошманг, – деб кулимсираб стол ёнига ўрнатилган
тугмачани босдим. Остонада Дастурхончи кўринди. – Чиройли дастурхон ҳозирланг,
– дедим унга. Сўнг Радий Фишдан: – Оқидан кетадими, қизилидан? – деб томоғимни
чертиб кўрсатдим. У жавоб бермасдан қовоғини уюб олди, ман кулимсираб: – Бўлди,
эсим қурсин! – деб пешонамга шап этказиб урдим. – Ўткан сафар яримлаб қолган
коньякни бўшатиб қўямиз. – Кўз қисиб ўрнимдан турдим.
–
Зудлик билан Тил тўғрисида қонун қабул
қилинмаса, юзминг киши намойишга чиқади, – деб огоҳлантирди Радий Фиш.
Елкамни қисдим.
–
Битта имзо билан битадиган ишга юзминг кишини
аралаштириб ўтиришдан нима фойда! – деб Радий Фишни қўлтиқлаб хос хонага ўтдим.
Дастурхон
муҳайё этилган эди. Музлатгичдан ўткан галги ўтиришдан қолган коньякни олиб
пиёлага яримлатиб қуйдим. Ўзимга арақ тўлдирдим. Пиёлани қўлимга олиб:
–
Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилса,
дўстим, чинакам тарихий воқеа бўлади. Ман сизни тарихий ғалаба билан чин дилдан
табриклайман! – деб қадаҳ кўтардим.
Радий Фиш пиёласини уриштирмади. Коньякни сипқориб, бир нимта пишлоқни газак
қилди.
Лаб-лунжини
кафти билан артди.
–
Кейин алифбени ўзгартириш керак, – деди у. –
Дунёдаги ҳамма туркий мамлакатлар лотин алифбесига ўтса, келажакда ўзаро
алоқаларимиз янада жипслашади, ягона турк иттиҳоди пайдо бўлади.
–
Лекин Кирилл-Мефодий хатидан бирданига воз
кечолмаймиз, – дея ингичка товушда эътироз билдирдим.
–
Шунақами? – деди Радий Фиш гулдурак товушда. –
Бўлмасам, ой охирида юзминг киши...
–
Бўлди, бўлди! – деб қўлларимни баланд
кўтардим. – Аввало, дўстим, 25 октябр куни Олий Советнинг XI сессиясида Ўзбек
тилига Давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги қонунни омон-эсон қабул қилайлик,
сўнгра узоғи билан ноябрь ойининг охиригача лотин алифбесини жорий этиш
тўғрисида ҳам қонун қабул қиламиз, – деб пиёлаларни тўлдирдим. Шиша охирида
қолган коньяк томчиларини ўз пиёламга томиздим.
–
Бўпти, – деб Радий Фиш пиёласини кўтарди. – Ман
сизга ишондим, лекин коммунистларга ишонмайман, улар мунофиқ бўлади.
Арақни қулт-қулт ютаётиб, бирдан ҳиқичоқ тутиб қолди. Ўрнимдан туриб
осмонга қараб қайта-қайта ютиндим, совуб қолган чойни майда-майда ҳўпладим.
Хайрият, ҳиқичоқ тўхтади. Уф тортиб жойимга ўтирдим.
–Тўғри, коммунистлар мунофиқ бўлади, – деб тасдиқладим. – Фақат мандан
бошқаси, ман эркакман...
– Қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган пайтда нутқ сўзлайсизми? – деб
сўради.
–
Қисқагина гапиришим мумкин. Нимайди?
–
Бу қонун лойиҳасини Шу Ерлик Киши (Ш.Е.К.),
Ҳофиз ака, Туркистонли Тилчи, Буюк Фитначи, Рауф Парфи Ўзтурк биргаликда
тайёрлаганини қистириб ўтсангиз, чакки бўлмасди, – деди.
–
Муҳими – қонун қабул қилиниши лозим, унинг
лойиҳасини кимлар, кимнинг уйида тайёрлаганининг одамларга қизиғи йўқ, – дедим.
– Қолаверса, консерватор депутатлар мани мухолифатга сотилди деб Москвага
чақувнома жўнатишдан ҳам тоймайди.
–
Айтдим-ку, коммунистлар мунофиқ бўлади.
–
Тонмайман. – Янги шишани очдим. Пиёласига
яримлатиб коньяк қуйдим. – Қани, Лотин алифбеси учун оламиз, янги алифбе
муборак бўлсин! – Пиёлани кўтардим.
–
Муборак бошад! – деди Радий Фиш негадир тожик
тилида.
Газак қилганимдан сўнг қисқача нутқ
сўзладим:
–
Тил тўғрисида баъзи мулоҳазаларим бор.
Биринчидан, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ҳеч кимда шубҳа
туғдирмаса керак. Бу аллақачон рўй бериши лозим бўлган ҳодиса ҳисобланади.
СССРда рус тилидан бошқа ҳамма тилларга давлат тили мақоми берилди, фақат биз
орқада қолдик. Иккинчидан, ўз она тилини билмаган одам ўзининг шажарасини,
ўзининг илдизини билмайди, келажаги йўқ одам; киши тилини билмайдиган одам
унинг дилини ҳам билмайди. Учинчидан, ҳар қандай миллат, катта ё кичиклигидан
қатъи назар, ўз тилини ҳурмат қилади. Ўзбеклар ўзбек тилини, қозоқлар қозоқ
тилини, лўлилар лўли тилини ҳурмат қилади...
–
Лўлилар қайси тилда гаплашади? – деб сўраб
қолди Радий Фиш туйқус.
Кулимсирадим.
–
“Адабиёт ва санъат” ҳафтаномасида Анвар
Обиджон тўғрисидаги мақолангизни ўқидим, кейин ўша шоирнинг “Безгакшамол”
тўпламини топиб бир кечада ўқиб чиқдим. Ўша китобда шоир ярим ҳазил-ярим чин
маъносида: “Қапчиғайда ўзимизди лўлилар Олтиариқ тилида гаплашади”, деб ёзади.
Демак, лўлилар ўзбек тилининг бирорта шевасида гапирар экан, – дедим.
–
Шунақа, – деди Радий
Фиш. – Демак, ҳамкорликни давом эттирамиз. – Ўрнидан турди. – Анвар Обиджон
мунис жасоратга қодирдек туюлади. Қайдам. Буни вақт кўрсатади.
Қўл бериб
хайрлашдик.
“Юртменистон мустақилликка эришиш
остонасида” номли китобимга “Тил тўғрисидаги Қонун” матни киритилиши керакми
ёки Олий Совет сессиясида сўзлаган нутқимнинг матни киритилиши керакми деган
масалада Тозақул билан Пароканд Мирзо ўртасида баҳс-мунозара келиб чиқди. Ман:
“Ўзларинг ҳал қилинглар”, дедим. Охири бир тўхтамга келиша олмади ва қуръа
ташланди, қуръага кўра “Тил элни бирлаштириши лозим” деган сарлавҳа остида нутқ
матни чоп этилди китобимда. Аслида, Тил тўғрисидаги Қонун лойиҳасини Шу Ерлик
Киши (Ш.Е.К.), Ҳофиз ака, Туркистонли Тилчи, Буюк Фитначи, Рауф Парфи Ўзтурк
биргаликда икки кеча-кундуз ухламасдан тайёрлаган эди. Ман тайёр ошга баковул
бўлганман, холос. Масаланинг туб моҳиятини на Тозақул билади, на Пароканд
Мирзо!
Э-э, тарихни ғолиблар ёзади деган
гап бекорга айтилмаган экан. Ман ғанимларимни балчиққа қориб ташласам ҳам ҳеч
ким мушугимни “пишт!” демайди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий