среда, 18 апреля 2018 г.

99. “Томоқхона”


Жаннат хола қайта-қайта вакил жўнатди. Қароргоҳда пинҳона музокара қилдик, музокара қандай қилиб мунозарага айланиб кетганини ўзимиз ҳам билмай қолдик. Охири бир тўхтамга келдик: “Бўпти, Қизил Хочни ёки Ҳилол Аҳмарни қамоқхоналаримга киритаман”, дедим. “Киритинг, – деди вакил. – Киритмасангиз бўлмайди. Сиз киритмасангиз, Юртменбоши, Евробирлик барибир киритади, бир киритиб олганидан сўнг чиқариб олмайди. Ҳозир икки оёғини битта этикка тиқиб олган...”
Албатта, чақирилмаган меҳмонлар етиб келгунча маълум бир тайёргарлик кўриб қўйилди. Эски тажрибамиз қўл келди.
Эсимда, қасамхўр эри ваколатини топширишидан аввал Ҳиллари Клинтон хоним мамлакатимизга “биринчи хоним” мақомида ташриф буюрган эди. Кўҳна шаҳарларимизни томоша қилиб зерикадими, нима бало, негадир касалхоналаримизни ҳам кўрмоқчи бўлади: “Хоҳласаларинг, замонавий медицина жиҳозлари ҳадя этишим мумкин”, дейди. Бекорга-я?! Манда дарҳол шубҳа туғилди: “Бекорга мушук офтобга чиқмайди, бир балоси бўлса керак...” Тўхтовсиз кўрсатма бердим: касалхонадан беморлар ҳайдаб чиқилсин, беморларнинг койкасига ҳамширалар, медбратлар ётқизиб қўйилсин!” Кўрсатмам сўзсиз адо этилади. Эртаси куни Ҳиллари хоним касалхонага ташриф буюриб бетлари қип-қизил беморларни кўриб оғзи очилиб қолади: “Тавба, бу ерда беморлар эмас, худди сўқимга боқилаётган ҳайвонлар ётганга ўхшайди-ку!” дейди. Ўзича ҳазил қилади. Таржимон хонимнинг сўзларини бошқачароқ ўзбекчага ўгиради: “АҚШда семизлик муаммоси бор, бу ерда одамларга семизлик ҳам ярашар экан...” Ҳамма кулимсирайди.
Энди қамоқхоналардан маҳбусларни ҳайдаб кўчага чиқариб бўлмайди. Лекин касалванд, нимжон маҳбуслар билан бўрдоқига ўхшаган милиция ходимларининг ўрнини вақтинча алмаштириб қўйиш мумкин. Шундай қилинсин, дедим. Шундай қилинди. Хат-ҳужжатлар ҳам тўғрилаб қўйилди.
Қизил Хоч билан Ҳилол Аҳмар (Қизил Яримой) вакиллари энг аввало Жаслық қамоқхонасига борамиз, деб туриб олишди. Бир оз таранг қилинди, дарров розилик берилса, уларда шубҳа уйғониши турган гап эди. Охири “хўп” дейилди. Улар Нукусгача самолётда учиб кетди. Аэропортдан машинада олиб кетилди. Устюртда машиналарнинг баллонлари тешилади. Чўпонларга ялиниб-ёлвориб туялар, эшаклар ижарага олинади. Отлар қумда яхши юрмайди, тезда чарчайди. Сарбон етовида катта карвон Жаслық томон йўлга тушади. Ярим йўлда оқшом чўкади. Туялар ҳам битта қудуқ ёнига бориб бирин-кетин чўкади. Йўловчилар очиқ ҳавода тунаб қолади. Эртаси куни пешин маҳали қамоқхонага кириб боришади. Бу пайтда маҳбуслар билан қамоқхона назоратчиларининг командаси Мустақиллик кубоги учун футбол ўйнаётган экан. Меҳмонлар ўйинни охиригача томоша қилади. Маҳбуслар рақиб дарвозасига ўн саккизта гол уради, ўз дарвозаларидан ўнта гол ўтказиб юборади. Қизил Хоч вакили дафтарчасига: “Ўн саккиз йилдан буён қамоқда ётган маҳбуслар ички режимни бузгани учун яна ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Сабаби – улар эътиқод учун қамалган, сиёсий маҳбус ҳисобланади”, деб қайд этиб қўяди.
“Қизил Хоч ва Ҳилол Аҳмар ходимлари билан ади-бади айтишманглар”, деб алоҳида тайинлаб қўйган эдим. Ҳеч ким уларга монелик қилмайди: хоҳлаган нарсаларини дафтарчага қайд этиб, хоҳлаган маҳбус билан савол-жавоб қиладилар. Ошхонани, ҳожатхонани, Маънавият хонасини, спорт залини, камераларни бирма-бир кўздан кечиришади. “Бесоқолбозлик авж олганми?” деб сўрайдилар қамоқхона бошлиғидан. “Тонмайман, онда-сонда учраб туради, лекин оммавий тус олмаган”, деб жавоб беради бошлиқ. “Бесоқолбозликка барҳам бериш учун қандай чора-тадбирлар кўриляпти?” “Япониядан икки юзта резина аёл сотиб олмоқчимиз...” “Эркак резина олмайсизларми?” “Яхши маслаҳат бердингиз, резина эркак ҳам харид қиламиз”.
Хуллас, бир ҳафтадан сўнг Қизил Хоч ва Ҳилол Аҳмар ходимлари қамоқхоналарни бирин-кетин текшириб қайтди. Ички ишлар вазирлигининг Қамоқхоналар бўйича бошқармасида улар билан давра суҳбати уюштирилди. Давра суҳбатига, ўз-ўзидан равшанки, матбуот ходимлари таклиф этилмайди. Чунки Қизил Хоч ва Ҳилол Аҳмар низомига кўра, кўрган-кечирганлари овоза қилинмайди, фақат қулоққа айтилади. Қулоққа айтилган гаплар инобатга олиниб, келгуси ташрифга қадар камчиликлар бартараф этилиши лозим. Акс ҳолда, яна қулоққа танбур чертиб кетишади. Уларнинг асосий эътирозлари шундан иборат бўлдики, маҳбуслар ҳаддан ташқари семириб кетяпти, иложи бўлса, уйдан жўнатиладиган озиқ-овқат маҳсулотларига чеклов жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Эътирозномадаги “мақсадга мувофиқ бўларди” деган иборанинг остига қизил қалам билан чизиб қўйдим. Қисталоқлар-эй, улар ҳам пахта қўйишни билар экан-ку!
“Умид қиламизки, биз келаси сафар томоқхонага эмас, расмона қамоқхонага ташриф буюрамиз”, деб эътирозномасини якунлаган эди Қизил Хоч делегацияси.
Янглишмасам, қозоқлар ошхонани “томоқхона” дейди, шекилли.
Мийиғимда кулиб қўйдим. Делегация таркибида христиан динини қабул қилган битта-яримта қозоқ ҳам борга ўхшайди-ку, деб ўйладим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...