вторник, 17 апреля 2018 г.

63. Отилсинми, сотилсинми?


Ман бу ҳодисага қандай баҳо беришни, қандай ҳукм чиқаришни билмасдим. Одатда, бундай вазиятларда астагина ўзимни четга тортардим: ҳодиса ўзининг инерция куч-қуввати билан ривожланиб бориб бир жойда барибир тўхтайди ёки боши берк кўчага кириб қолади. Кейин нима қилиш мумкинлиги кундай равшан бўлади. Ўзи пишиб қолган ҳодисага аралашишни истамасдим, бетимни тескари буриб тураман; азаматлар бир иложини топади. Ечим мани қониқтирмаса, ғайрат қилган ташаббускор азаматнинг уйини куйдираман. Агар оқилона ечим топилса, дарҳол байроқни қўлга оламан ва ўзим илҳомлантирувчи кучга айланиб қоламан.
Қоп-қора ғилоф кийиб, бошини ҳам ниқоб билан ўраб-чирмаб олган тўртта автомат кўтарган “итотар” етиб келди. Улар укропзорнинг инграш товуши эшитилаётган квадратига бир-бир босиб яқинлаша бошлади; автоматлар ўқланган, қўндоқлар елкага тиралган, нишон эса товуш таралаётган нуқтага тўғриланган эди.
-Нима қилмоқчи? – деб сўрадим Иноят Махсумдан.
-Бош кўтарса, шу заҳоти отиб ташланади.
-Ким? Нима?.. – Саволим ўринсиздек туюлди: тўғри савол бердимми, нотўғри савол бердимми деб хижолат бўлдим. Чунки рус тилида ҳайвонлар ҳам “ким” дейилади; ўзбек тилида ҳайвон зоти “нима” дейилиши керак. – Кто может поднять голову?
-Қонунбузарлар.
-Нима-нима?! – деб ўшқириб юбордим.
Автоматчилар жойларида таққа тўхтаб ҳайкалдек қотиб қолди.
Укропзордан эшитилаётган инграш ҳам тўхтади.
-Биринчи объектга сўроқсиз кирган тирик жон тўхтовсиз отиб ташланади. Ўзингиз тасдиқлаб берган инструкция шундай-ку!
-Қанжиқ қаердан келган?
-Аниқланяпти. Ҳайронман, қанақа қанжиқ эканки, дуч келган жойда туғиб кетаверса?! Зокиржон Холмат қаёққа қараяпти?!
-Ўзинг қанжиқсан, Иноят! Сан мани Қароргоҳ территориясига пашша ҳам учиб киролмайди деб ишонтирган эдинг. Ишонтирган эдингми? Энди Зокиржонга осиляпсанми?
-Ишонтирган эдим. Зокиржон акага осилаётганим йўқ.
-Оғзингни ёп, ишкамба! Сичқон ҳатто кутубхонагача бостириб кирдими?
-Бостириб кирди.
-Агар ўша сичқоннинг ўрнида Жума Намангоний бўлганда нима бўларди?
-Худо сақласин! – деб ёқасини ушлади Иноят Махсум. – Худога шукр, шу пайтгача ўлган одам тирилиб келмаган.
-Маҳмаданалик қилма, саволимга жавоб бер, қанжиқ!
-Отишма бўларди.
-Қанақа отишма?! Ман билан юзма-юз турган террорист отишма қиладими?
-Йўқ, ўзини ўзи портлатиб юборади.
-Аҳмақ! – деб Иноят Махсумнинг қулоқ-чаккасига тарсаки тортиб юбордим.
Шу пайт отхона томига чиқиб олган битта ит биз томонга қараб жон ҳолатда вовуллай бошлади. Автоматчилар нишонни ўша томонга тўғрилади.
Тонг ёришган, атроф-жавониб яққол кўриниб турарди.
Узоқ йили Туркманбоши манга зотдор қорабайир совға қилгач, Қароргоҳнинг бир четида махсус отхона барпо этилган, ёнида пичанхона ҳам бор эди. Том унчалик баланд эмасди; лангарчўпга таяниб баландликка сапчиш бўйича кўп карра жаҳон чемпиони Елена Есенбоева биринчи уринишдаёқ томга сакраб чиқиши мумкин эди.
Чамаси, тинмасдан ҳураётган қанжиқ ит тунда болалаган бўлиб, кучукларини ҳимоя қилишнинг бошқа иложини тополмагач, томга чиқиб вовулларди, автоматчиларни чалғитмоқчи ёки қўрқитмоқчи бўларди. Ажабки, қўриқчи итлар ҳам бирин-кетин томга чиқиб, қанжиқ атрофига тизилиб олиб шу томонга қараб жон аччиғида вовуллай бошлади. Кўзим билан санаб кўрсам, улар роппа-роса ўн учта эди, қанжиқ билан ўн тўртта бўлди.
-Апостоллар томда нима қиляпти? – дедим Сакбонга қараб.
-Қасамига хиёнат қилди, аблаҳлар! – деди Сакбон ғазабланиб. – Нонкўрлик қилишяпти, ўша қанжиқнинг ёнини олишяпти.
Сакбон ҳақ гапни айтган эди.
-Ҳаммасини отиб ташланглар! – дедим. – Битта қолдирмасдан отиб ташланг!
-Есть! – деди Иноят Махсум шапкасини бошига қўндириб. – Операцияга шахсан ўзим раҳбарлик қиламан.
Автоматчилар бир-бир босиб отхона томига яқинлаша бошлади.
Таъбим хира бўлиб ортимга қайтдим. Чилонжийда ёйиб қўйилган майсазор ёнидан ўтаётган пайтим автоматларнинг тариллаган товуши эшитилди ва ўқ товушига итларнинг вангиллаши аралашиб, гўё қиёмат қўпгандек бўлди. Жўка остидаги суҳбатгоҳда ўриндиққа чўкдим. Отхона тарафдан қора тутун осмонга ўрлай бошлади: пичанхонага ўт кетган эди. Адютантимни имлаб ёнимга чақирдим.
-Бориб айтгин, отни ҳам отиб ташлашсин! Ўзи нима бўлдию совға қилган оти манга нима қилиб берарди!
-Хўп бўлади, – деди адютантим.
Оғирлашиб ўрнимдан турдим. Ҳаммомга кириб совуқ сувга чўмилиб чиқдим. Хийла енгил тортдим. Иштаҳам бўғилган бўлса ҳам ошхонада бир пиёла ширава ичдим.
Йўлакда кимдир аста йўталди.
-Ким? – дедим.
-Ёшулли, узр, безовта қилдим, шекилли, – деб остонада Аҳмад Хоразмий кўриниш берди.
-Э-э, – дедим қўл силтаб. – Аллақачон безовта бўп бўлганман. Хўш, хизмат?
-Сакбон йиғлаб ўтирибди. Кучукларда гуноҳ йўқ, кучукларни отишмасин деяпти. Агар рухсат берсангиз, қирқ кунлик бўлгунча кучукларни ўзи боқиб, кейин Бектемирга элтиб корейсларга сотиб келар эмиш. Пулини садақа қиламан, дейди. Зокиржонга айтиб қўйсангиз бўлармиди...
-Исо пайғамбарни ҳам доим ўн учта апостол қўриқлаб юрган деб роса бошимни қотирди. Ўн учта итни мақтайвериб... Энди кучукларга раҳми келяптими? Кучук итдан азиз бўптими? Кучук мандан азиз бўптими?.. Тириклай кўмилсин! Итваччаларга ўқ ҳам ҳайф!
Боғбон бошини эгиб орқасига тисарилиб чиқиб кетди.
-Топган гапини қаранг, кучукларни корейсларга сотар эмиш... Корейслар бўрдоқига боқилган сўқим итларни сотиб олади, кучикларни бошига урадими!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...