“Санлар шохида юрсанг, ман баргида
юраман” деган гапни мудом такрорлайман. Барибир одамларнинг қулоғига гап кирмас
экан-да.
Кейинги кунларда Аҳмад Хоразмий
жуда хомуш тортиб қолди.
-Аҳмад оға, шаштингиз паст
кўринади, тинчликми? – деб кўнгил сўрадим.
-Тинчлик, тинчлик, – деб пауза
қилди. – Чилонжийдани қуритиб олиш хийла қийин бўлар экан. Ҳар йили дарахтнинг
устида қуритиб, кейин қоқиб олардим. Бу йил шошқалоқлик қилдим, олдинроқ қоқиб
қўйдим. Бўз тўшамада қуритиб оламан, буриштирмайман деб ўйлаган эдим.
Кўрмайсизми, ҳали-бери қурийдиган сиёғи йўқ, – деб бир ҳовуч сип-силлиқ
чилонжийдани ҳовучлаб кўрсатди.
-Қоқишга қоқиб қўйдингизми, энди
чиданг-да, ёшулли! – деб аския қилдим. – Ҳали офтобшувоқ кунлар олдинда,
вақти-соати келганда қурийди.
-Ҳовва! – деди Аҳмад ака
ишонқирамай.
Майин жилмайиб йўлка бўйлаб сайр
этишда давом этдим.
Эртаси куни тонг-саҳарда боғчамни
кезиб юрсам, Ҳасанали билан Аҳмад ака чилонжийда остидаги майсазорга ёнбошлаб
олиб секин-секин гаплашяпти. Аста орқамга қайтдим. Майли, дардлашиб олсин.
Ишдан кейин Қароргоҳимга қайтиб
кутубхонада Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” китобини мутолаа қилиб ўтирсам,
томоқ қириб остонада Ҳасанали пайдо бўлди.
-Хўжам, халақит берган бўлсам,
узр.
-Хўш, хизмат? Келинг, – дедим.
Китоб орасига Уммон султонидан келган таклифномани қистириб стол четига қўйдим.
-Бир илтимос билан келдим.
-Бош устига.
-Эллик йилдан буён хонадонингизга
хизмат қиламан. Ишқилиб, мандан розимисиз? Агар рози бўлмасангиз, хўжам, ҳозир
айтадиган гапимни олдиндан қайтиб оламан.
Бош чайқаб кулдим.
-Бобой, одамди шунақа қилиб
бурчакка тираб қўйишингизни яхши кўраман-да! Бўпти, нима десангиз розиман.
Айтинг илтимосингизни! – дедим самимий оҳангда. – Кўриб турибсиз, ҳозир
кайфиятим ёмон эмас.
-Ўзим ҳам кайфиятингиз яхши
эканини кўриб ҳузурингизга киришга жазм этдим-да, хўжам! Бўлмасам,
мушук-пушукни башарамга қаратиб улоқтириб юборишингиз ҳеч гап эмас.
-Оббо, мушук воқеаси ҳамон
эсингиздан чиқмаган экан-да! Биз Оқбош билан аллақачон ярашиб олганмиз, сиз
бўлсангиз ҳалигача кин сақлаб юрибсиз!
-Ман шунчаки омади гапни
айтдим-да, тағин кўнглингизга олманг.
-Хўп, гапингизни ҳазил деб қабул
қилдим.
-Раҳмат, – деб Ҳасанали диванга
ўтириб бошидан дўпписини ечди ва тиззасига икки марта уриб чангини қоқди, сўнг
қиррасини бурнига тўғрилаб кийиб олди. – Ман қолган уч-тўрт кунлик умримни
тоат-ибодатда ўтказиб, охират тадоригини кўрадиган ёшга етдим.
-Ундай деманг, биз ҳали сиз билан
кўп ишлаймиз.
-Майли, насиб қилса,
хизматингиздан қочмайман. Аммо шу ёшга етиб бошқа одамлар каби на ҳажга бордим,
на бирорта чет мамлакатни зиёрат этиб қайтдим.
-Агар ҳажга бормоқчи бўлсангиз,
майли, битта ўзингизни тўртта ҳамширага қўшиб жўнатаман. Фақат ҳозир бутун
дунёда чўчқа тумови тарқалган дейишяпти. Ўша касал юқиб қолишидан
қўрқмасангиз...
-Қуллуқ, марҳамат қилсангиз, балки
кейинчалик ҳажга ҳам бориб келарман. Лекин ҳозир Арабистонга эмас, сайру саёҳат
этиб Лондонга бориб келишимга изн берсангиз бас.
Бирдан ҳушёр тортдим. Гап нимада
эканини дарров тушундим. Кулдим.
-Нима бало, сиз ҳам “Челси”нинг
ашаддий мухлисига айландингизми?
-Футболга унчалик тоқатим йўқ,
лекин рўпара келиб қолса томоша қиламан.
-Хўш, ундай бўлса, Лондонда нима
қиласиз?
-Билишимча, Лондондаги Қирол
музейида Заҳириддин Муҳаммад Бобур бетоб бўлиб ётган Ҳумоюн ўғлига садақа
қилмасдан мерос этиб қолдирган бебаҳо Кўҳи Нур олмоси сақланади. Агар ўша
олмосни бир кўрсам, хўжам, бу дунёдан беармон ўтиб кетардим.
-Майли, сиз саёҳатга бораман
дейсиз-у, ман йўқ дейманми! Қачон Лондонга жўнашингиз мумкин?
-Бугун рухсат берсангиз, илло,
бугун жўнайман.
Чаккамни қашладим.
-Виза-пиза масаласини ҳал этиш
учун энг камида бир ой сарсон бўлиш керак. Бўпти, Иноят Махсумга айтаман, сизга
дипломат паспортини тўғрилаб беради. Гўё Ташқи ишлар вазирлигининг дахлсиз
ходими сифатида Лондонга учиб кетасиз. Дипломат бўлишга розимисиз?
-Розиман! Қандай қиёфада бўлса ҳам
Лондонга етиб олсам бас.
-Келишдик, – деб стол остидаги
тугмачани босдим. Бирпасда адютантим пайдо бўлди. – Иноят Махсумни чақир! – деб
буюрдим. Адютантим шошилиб йўлакка чиқиб кетгач: –Сиз энди дарҳол сафар
тадоригини кўринг, самолётга улгуришингиз керак, – дедим.
Ҳасанали қуллуқ қилиб кутубхонадан
чиқди.
Билдимки, улар Аҳмад Хоразмий
билан гапни бир жойга қўйган. Ҳасанали Лондонга бориб Кэтрин-Кароматхон билан
учрашиб қайтади: Интернет тармоғида тарқалган “бўлган воқеа” ростдан ҳам
бўлган-бўлмаганини аниқлаб келади.
Иноят Махсум ҳузуримга келгач, унга
тегишли кўрсатма бериб:
-Лондондаги Резидентга тайинла,
Ҳасаналини Кэтриннинг қиёфадоши билан учраштирсин; иложи бўлса, чолни ўша хоним
билан қўшиб қўйсин, видеоёзувни онлайн тизимига жойлаштириб, Аҳмад Хоразмийнинг
Интернетдаги почтасига ташлаб қўйсин, – дедим. – Уқдингми?
-Так точно! – деди Иноят Махсум
чест бериб.
-Всё, бегом марш! – дедим.
Оббо, бу одамлар мунча муғомбир
бўлмаса! Ман уларга “санлар шохида юрсанг, ман баргида юраман!” деб минг марта
айтганман. Лекин барибир қулоғига гап кирмас экан-да!
Комментариев нет:
Отправить комментарий