Азбаройи марҳум Муҳаммад Юсуфнинг
илк мўъжаз тўплами “Таниш тераклар” ҳаққи-ҳурмати мамлакатда энг камида юз
миллион туп терак кўчати экиш тўғрисида фармон берганимдан сўнг Қароргоҳнинг
кунботар тарафида минг туплик терак майдонча барпо эттирган эдим. Ўзим ўрнак
кўрсатмасам, бошқалар ҳадеганда кетини кўтаравермади. Ўрнак кўрсатиб яхши
қилган эканман: мана, ўша майдончада расмона ўрмон пайдо бўлди. Минг туп терак
кўчат ўн йилдан кейин ён-атрофида мўътадил микроиқлим ҳосил қилди. Тўғри, терак
сояси асосан Холмат бобо маҳалласига тушади; бекорга кунботар тарафга
эктирмаганман. Агар кун чиқиш томонга эктирганимда борми, нина баргли арчалар,
Қримдан келтирилган манзарали дарахтлар сояда қолиб кетар, жинғилга ўхшаб
ўмганини ерга ташлаб олар эди. Майли, соясидан маҳалла баҳраманд бўлсин; агар
уларда инсоф бўлса: “Экканга ҳам, эктирганга ҳам раҳмат!” деб дуо қилар. Дуо
қилмаса ҳам садқаи сар, ман кетини кесакка артиб юрадиган алкаш мужикларнинг
дуосига зор эмасман.
Шовуллаб турган теракзор ёнидан
ўтсам, доим негадир хушомадгўй-падхалимлар кўз ўнгимда гавдаланади. Ажабки,
ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб, бесўнақай семириб кетган улкан икки оёқли чўчқа
силуэт-шарпаси намоён бўлади. Ман ўзим табиатан семиз одамларни, айниқса, кўз
ўнгимда юриб семириб кетган одамларни ёмон кўраман. Бирорта амалдор семириб
кетса, дарҳол уни кўзимдан узоқлаштираман: нарироқда хизмат қилсин, иштаҳамни
бўғмасин, кўнглимни ағдар-тўнтар қилмасин.
Муҳаммад Юсуф бошқача эди.
Қотмадан келган қорача йигит ор-номусини бой бермаган, андак тортинчоқ, андак
мағрур, андак муғомбир эди. У бирдан кўзга ташланиб, назарга тушадиган одамлар
тоифасидан эмасди. Вақти-соати келиб кўзга ташландими, мудом назардан
қолмасликка ҳаракат қиларди боёқиш. У назаримга тушгунча маддоҳларим кўпайиб
кетган, Чиллашир билан Хўроз бу жабҳада ўзаро мусобақага киришган – мани
бир-биридан қизғаниб тез-тез чўқишаётган, ҳатто бир-бирининг кўзини ўйиб
олишдан ҳам тап тортмайдиган ҳолатга етган эди. Уларнинг ўзаро даҳанаки
жанглари нафақат мани, балки эски мухлисларининг ҳафсаласини ҳам пир қилган
эди. Уларга одамлар “Кундош” деб лақаб қўйган, “тез орада биттасига талоқ
берилади” деган мишмиш тарқалиб турар эди. Биттасини бағримга боссам, бошқаси
тун бўйи ухлолмасдан тўлғониб чиқар эди. Айниқса, Чиллашир елкамга бошини қўйиб
ҳўнг-ҳўнг йиғлагандан сўнг Хўроз хўроз бўлиб дунёга келганига минг-минг
пушаймон қилади. Чиллаширнинг йиғлагани барча телеканалларда қайта-қайта
намойиш этилгач, Хўроз қўноқдан тушмай қўяди...
Муҳаммад Юсуф моғор босган муҳитга
янги ҳаво олиб кирди: “Сарбонингни асрагин!” деб ҳайқирди, “биз сени ҳеч кимга
бермаймиз!” деб ҳайқирди. Тўғридан-тўғри эмас, лутф ила хушомад қилди.
Хушомадлар худди энг паст навли пахталардек дағаллашиб бораётган бир пайтда
табобат эҳтиёжлари учун ишлатиладиган оппоқ пахтани билдирмасдан тагимга тўшаб
қўйди. Дафъатан кўзга ташланмай юрган бу йигитга меҳрим тушди. У халқ кўнглига
йўл топди ва халқ кўнглига мани олиб кирди.
Теракзор ёнидан ўтган сўқмоқда
хаёлга толиб туриб қолдим. Чотқол тоғларидан мусаффо ҳаво оқиб келар, терак
барглари бир маромда майингина чапак чалар эди. Бу чапак депутатларнинг зўраки
қарсакларига мутлақо ўхшамасди; оромбахш мусиқа садосини эслатарди. Тўлқинланиб
кетдим. Ўпкам тўлиб, бўғзимга муштдек бир нарса келиб қадалди, қовоқларим
ачишди. Наҳотки, умрим ўткинчи бўлса?! Майингина чапак чалиб мани олқишлаётган
теракларим, етим бўлиб қолишдан қўрқмайсизларми?! Сизларни кимга ташлаб
кетаман, азизларим?!
Шу тобда теракларни бирма-бир
қучоқлаб йиғлагим келди.
Ўзимни қўлга олиб бармоқ учлари
билан қовоқларимни уқаладим: кўзёшларимни тарқатиб юбордим. Ман йиғласам, мани
ким юпатади?..
Беихтиёр теракзордан таралаётган
майин-майин чапак товушини депутатларнинг дағал қарсакларига қиёслай бошладим.
Депутатлар илгари ҳўкизга ўхшаб бақрайиб ўтиришаверарди, мондитиб қарсак
чалишни ҳам билишмасди. Уларга қарсак чалишни ҳам ўзим ўргатдим. Эсимда, бутун
масъулиятни ўз бўйнимга олиб мамлакат мустақиллигини тантанали равишда эълон
қилганимдан кейин депутатлар музлаб қолди; мундоқ залга қарасам, ҳаммаси
мумиёланган ўликка ўхшарди. Юрагим орқага тортиб кетди; кўзларимга ишонмасдим,
балки ўзим ҳам аллақачон ўлиб кетган Фиръавн бўлсам-а! Лабимни тишласам,
оғриқни сездим. Шу заҳоти: “Уринг қарсакни!” деб хитоб қилдим. Мумиёлар бирдан
жонланиб қарсакбозликни бошлаб юборди. Кейин нутқ сўзлаётган пайтимда нафас
ростласам – бас, дарҳол қарсак урадиган бўлишди.
Теракларим, ман бу дунёдан ўтиб
кетганимдан кейин ҳам сўлим оқшомларда майин-майин чапак чалиб туринглар. Ман
васиятнома ёзиб нотариусда тасдиқлатиб қўяман: сизларни ҳеч ким ҳеч қачон
кесмайди, йиқитмайди, сизлар дунё тургунча турасизлар. Биттаю битта ўтинчим
бор, фақат аҳён-аҳён чапак чалиб туринглар! Сизларга айтадиган сўнгги васиятим
шу.
Комментариев нет:
Отправить комментарий