среда, 18 апреля 2018 г.

75. Чоллардан бири


Калбош билан Кампирияк мунтазам кузатув остида юрганини жуда яхши билса керак. Шу пайтгача ножўя қадам ташламади. Бирортаси ножўя қадам ташламагани ҳам шубҳа уйғотади. Улар фаолият одами, доим бир нарса билан машғул бўлади. Асло тинч ўтира олмайди. Ташқи кузатувчини ўз ўрнида қолдириб, ички кузатувчи билан алоқа боғланди. Чоллар пана-пасқам ресторанларнинг махсус хоналарига кириб олиб нима қиляпти?
Нарда ўйнашар экан.
-Илгари нарда ўйнашмасди-ку?
-Энди ўйнашяпти. Артурдан ўрганишибди.
-Бекордан-бекор ўйнашмаётган бўлса керак?
-Ўзаро қандайдир ҳисоб-китоби борга ўхшайди. Келишувга кўра, ким биринчи бўлиб беш юзу бир марта ғалаба қозонса – ўша ғолиб деб эълон қилинади.
Тафсилотлар билан яқиндан танишдим.
Рустам Қосимжонов шахмат бўйича муваққат жаҳон чемпиони бўлди. Дарҳол уни қабул қилиб, ўз қўлим билан кўкрагига орден тақиб қўйдим. У ёғини оммавий ахборот воситалари ходимларига қўйиб бердим.
“Рустамнинг ғалабаси Юртменбошимизнинг ҳаётбахш илғор сиёсатининг мевасидир. Талабалик пайтидаёқ Рустам Юртменбошининг назарига тушган эди... У Юртменбошимизнинг йўл-йўриқлари ва доно кўрсатмалари асосида жаҳон тожи учун кечган ҳал қилувчи учрашувга жиддий тайёргарлик кўрди ва рақиби устидан ишончли ғалабани қўлга киритиб, мустақил мамлакатимиз байроғини баланд кўтарди...”
-Шерик, биз энди шахмат билан шуғуллансак бўлар экан, – дейди бир куни Калбош. – Чоллар ўртасида ҳам жаҳон чемпионати ўтказиладими?
-Ока, энди биздан жаҳон чемпиони чиқмайди. Ундан кўра, нарда ўйнаб ким зўрлигини аниқлаб олсак чакки бўлмасди.
-Бўпти, розиман. Хўш, неччи партия ўйнаймиз?
-Ўттиз партия. Ким марс қолдирса, икки очко олади. Оддий ғалаба учун бир очко берилади.
-Яхши. Аммо ўттиз партия эмас, шерик, минг партия ўйнаймиз. Ким беш юзу битта ғалаба қилса, ўша ғолиб бўлади.
-Ўйин чўзилиб кетмасмикан?
-Чўзилади. Майли, умримиздек узун бўлсин. Бу нафақат ўйин, балки матонат синови ҳам бўлади.
-Ока, матонатингизга доим тан берганман.
-Ман ҳам сабр-тоқатингизга доим тан берганман. Қани, матонат билан сабр-тоқат тўқнашсин-чи, қайси томоннинг тоши оғир келар экан. Ман ғалаба қозонсам ғалабамни Юртменбошига бағишлайман.
-Ман ҳам.
-Бўпти, ғалаба маррасига етиб борилган куни духовой оркестрни ресторанга таклиф этиб мамлакат мадҳиясини ижро эттирамиз.
-Оркестр ҳақини ким тўлайди?
-Ким тўласин? Ғолиб томонми ёки енгилган?
-Ўртада тўланса, манимча, Иноятли бўларди.
-Келишдик, ўртада тўлаймиз, – деб Калбош қўл ташлайди.
Ўйин бошланади. Артур ҳакамликни бўйнига олади.
Ҳозир уч юзу ўттиз партия ўйналган. Калбош 180 – 150 ҳисобида олдинда боряпти. Узрлими-узрсиз сабабга кўра, ким учрашувга ўз вақтида етиб келмаса, унинг ҳисобига мағлубият ёзиб қўйилади. Кампирияк йигирмата ғалабасини ўша келишувга мувофиқ қўлга киритган.
Регламантга мувофиқ сешанба, пайшанба ва жума кунлари ўйин бўлади. Ҳар куни ўн партиядан ўйналади. Мана шу суръат сақлаб қолинса, Мустақиллик байрами арафасида ғолиб номи аниқланади. Чамамда, чоллар кайфиятим кўтаринки бўлиб юрган кунларда диққатимни тортиб, назаримга тушишни кўзлаяпти. Майли, арқонни узун ташлаб қўяман.
Калбош билан Кампирияк мусобақаси яна бир бора ман танлаган йўл тўғри эканини кўрсатиб турибди.
Ман аввал-бошдан хотиннинг жиловини қўлга олиб, қатъий назорат остида сақлаш тарафдориман. Тўғри, ҳар қандай хотин ўз жиловини осонликча эрининг қўлига бериб қўймайди. Асовлик қилса, ноилож қўл кўтаришга тўғри келади. Бир-икки марта жонини ачитиб калтаклаб қўрқитиб олинса, кейин шарпангни кўрса титраб-қақшайдиган бўлиб қолади. Ойлар ўтиб калтакни унутса, эсига солиб қўйиш керак. Рўзғор тинчлигини, мустаҳкам бўлишини истаган ҳар қандай эркак вақти-вақти билан хотинни калтаклаб туришни асло унутмаслиги лозим.
Бир нарсадан хурсанд бўлдимки, Калбош билан Кампирияк ҳалигача калтакларимни эсидан чиқармаган экан.
Мустақиллик байрами арафасида чоллардан бирига орденми-медал беришни кўнглимга тугиб қўйдим. Шундай қилсам, “кундош”лардан биттаси куйканаклик қилиб эски ғавғосини қўзғайди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...