Пиёниста демократ ўзига меросхўр
танлашда янглишмаганига Жаҳонгир Йўлчиев билан биринчи марта учрашганимдаёқ
ишонч ҳосил қилганман. Йўлчиев кучли давлат тарафдори эди. КГБнинг содиқ ходими
бошқача йўлни танлаши ҳам мумкин эмасди. Чунки у шахс сифатида КГБ мактабида
шаклланган, суяги ҳам КГБда қотган. Дастлаб мани бир нарса ҳайрон қолдирган:
пиёниста қандай қилиб муносиб меросхўр танлади экан? Атрофини доим бақир-чақир
қилиб юрадиган жўжахўрозлар қуршаб олган эди; уларни шахмат донасидек гоҳ
олдинга, гоҳ орқага суриб жамоатчилик фикрини чалғитиш билан машғул бўларди;
лўттивозлиги маълум бўлиб қолгач, халқ орасида обрў-эътибори тўкилади, ҳатто
ҳокимиятни коммунистларга олдириб қўйишига бир баҳя қолади.
Йўлчиев сиёсий саҳнада пайдо
бўлган чоғларда кўпчилик унга эътибор бермайди, ўзи ҳам кўпчилик эътиборини
жалб этишни истамайди. Бўладиган иш билан шуғулланиб юраверади. Бир куни тўсатдан
телефон қилиб қолди: ютуқларимни кўпиртириб мақтади, шахсий фазилатларимни
бир-бир санаб кўрсатди.
-Сиздаги қатъият манга ёқади, –
деди.
-Ўзимга ҳам ёқади, – дедим.
Чин юракдан қаҳқаҳа отиб кулиб
юборди.
Учрашувга келишиб олдик. Расман
ташриф буюрди. Ман уни шаҳарма-шаҳар эргаштириб юриб буюк ўтмишимиз билан
таништирдим, буюк келажагимиз билан таништирдим. Қойил қолди.
Муносабатларимизни яхшилашга самимий ваъда берди. Ваъдасига унчалик ишонмадим.
Давлатлараро муносабатларни янги йўлга солиб юбориш учун, биласанми, нима қилиш
керак? Аввало, чирт-чирт узилган торларни улаш керак. Муносабатлар чок-чокидан
сўртилиб кетган бўлса, энди қандай қилиб янги йўлга солиш мумкин? Эркин
матбуотинг оғзига келганини вайсаётган бўлса, ҳокимият жамоатчилик фикрига
қарам бўлса, ўзларинг омонат бўлсаларинг, баччағар!
Йўлчиев чатоқ чиқди. Вайсақиларни
бирпасда жой-жойига қўйиб қўйди. Эркин матбуотнинг таноби тортилди. Демократия
пешволари қочгани жой тополмай қолди: кимдир қочиб қутулди, кимдир зиндонбанд
этилди, потенциал тахт даъвогарлари ҳар хил фалокатларга мубтало бўлди. Фалокат
оёқ остида, дейдилар. Фалокат учун фалокатга учраган одам айбдор ҳисобланади:
ўзини эҳтиёт қилса ўладими?! Маст-аласт ҳайдовчига ёки учувчига ишониб
бўладими?! Ўлгиси келган ҳўкиз болтадан тоймайди, баттар бўлсин!..
Қароргоҳимда ўн учта кўппак билан
битта қанжиқ отиб ташлангани учун бутун дунёда мисли кўрилмаган шовқин-сурон
кўтарилди. Ўзимиз тарқатган расмий ахборот рамзий маънода тескари талқин
этилди. Ҳар томонлама босим кучайиб кетди. Ҳатто уйимизда яшаётган қўноқлар
сурбетларча ички ишимизга аралаша бошлади.
-Эр-хотиннинг уриши – дока
рўмолнинг қуриши, дейдилар. Сизлар шарқона одатларимизни яхши билмайсиз, биз
бугун уриш-жанжал қилсак, эртага ярашиб кетаверамиз. Ўртага тушиб ўзларинг ўсал
бўлиб қоласиз, – деб огоҳлантирдик.
-Кўппак ҳам, қанжиқ ҳам тирик жон.
Бўпти, улар қутурган бўла қолсин, лекин норасида болалари нима учун хавфсиз
жойга олиб чиқиб кетилмади?
-Болаларини ўзлари гумдон
қилди-ку! Болалар ўзлариники, гумдон қиладими-гумдон қилмайдими, бизга нима!
-Ана, Женева конвенцияси қўпол
равишда бузилган! – деб қонимизга ташна қилишади.
Вой, аблаҳлар-эй! Биз уларга жой
берсак, хавфсизлигини кафолатлаган бўлсак; сайр қиламан дейишса, қийғос очилган
лолазорга кузатиб қўйсак, ҳой, яна нима қилиб беришимиз керак?!
Бор-э, йўқолларинг! Кўрнамаклар!..
Йўлчиев жонимга ора кирди. Дунё
кўзимга ҳуфтон бўлиб турган чоғларда Қора денгиз соҳилига таклиф этди. Бирга
чўмилдик, теннис ўйнадик, офтобда қорайдик.
-Балиқ овлаймизми? – деб таклиф
қилди.
-Овлаймиз, – дедим.
Кун бўйи балиқ овладик. Омад
кўпроқ манга кулиб боқдими, Йўлчиевнинг омади кўпроқ юришдими, билмадим, лекин
битта челакни тўлдириб балиқ овладик. Ўлжа ўртада бўлди.
Ўлжани ўзимиз тозалаб, зиравор
сепиб яхшилаб қовурдик. “Олинг-олинг!” деб ўтириб мазза қилиб тановул қилдик.
Лаб-лунжимизни оппоқ сочиқларга артдик, оппоқ сочиқлар доғ бўлиб қолди.
Қўлларимизни илиқ сувга чайдик, сув қип-қизариб кетди.
-Мамнунман, – дедим.
-Ман ҳам мамнунман, – деди
Йўлчиев.
Қучоқлашиб хайрлашдик, аммо
ўпишмадик. Чунки икковимизнинг оғзимиздан ҳам балиқ ҳиди анқиб турарди.
“Жаҳонгир Йўлчиев” деган атоқли от
рус тилига таржима қилинса, ким ҳақида гап кетаётгани маълум бўлади. Дудуқ
модерн шоир мувашшах ёзиб бошимни қотираётган бир замонда ман ҳам бир марта
чистон ёзсам ёзибман-да!
Комментариев нет:
Отправить комментарий