Олибсотарлик билан шуғулланувчи
шахс чайқовчи дейилади. Арзонга мол олиб қимматга сотувчи майда савдогар,
чунончи, баққол, аттор ва бошқалар олибсотар дейилади. Моҳиятан олиб қаралса,
чайқовчилик билан олибсотарлик битта нарса. Илгари чайқовчилик айб ҳисобланган.
Ман “илгари” деганда Шўро замонидан ҳам олдинги замонларни назарда тутяпман.
Шўро замонидан олдин чор ҳукумати даври бўлган – биз мустамлака зулми остида
яшаганмиз. Ундан ҳам олдин эса маҳаллий хонлар зулми остида халқимизнинг абжағи
чиқиб кетган. Абжақ халқни чор Русияси босиб олади. Рус-тузем мактаблари ташкил
этилади, маҳаллий халқ болалари гимназияларда таълим олиш ҳуқуқига эга бўлади,
беморлар касалхоналарда муолажа қилинади, хирсдай эркаклар пуллик исловотхона
хизматидан фойдаланади. Чайқовчилик соҳаси давлат томонидан монополия қилиб
олинади. Халқдан арзон-гаров сотиб олинган пахта, жун, пилла, каноп каби қишлоқ
хўжалик маҳсулотлари Русиянинг саноат шаҳарларида қайта ишланиб товарга
айлантирилган ва бир неча баробар қиммат баҳоларда Туркистонга келтириб сотилган.
Хомашё саноатчи қўлига етгунча чайқовчилар ўртада туриб воситачилик қилган ва
ўз улушини чиқариб олган. Чайқовчи олибсотар вазифасини бажаради. Шўро даврида
чайқовчилик жиноят ҳисобланарди. Гарчи “Челси” клубининг шу кунлардаги хўжайини
Роман Абрамович иштон-пиштон сотиб юриб бойиб кетган бўлса-да, аслида, жиноят
билан мунтазам шуғулланган. Одам бир нарса билан мунтазам шуғулланса,
охир-оқибат шу нарсани касбга айлантириб олади. Касбни аста-секин
такомиллаштиради. Ҳар қандай кўринишдаги такомиллашган касб одамларда ҳавас
уйғотади, қандайдир жозибага эга бўлади – кўпчиликни ўзига жалб эта бошлайди.
Эҳтимол, шу боис Роман Абрамовичга нисбатан чайқовчи атамаси ишлатилса,
бойларни кўрса тамшаниб юрадиган одамларга эриш туюлар. Чунки оломон ундан
ўрнак олишни истайди ва уни уддабурон тадбиркор деб ҳисоблайди. Кўпнинг
хоҳиш-иродасига қарши бориб бўлмайди. Озчилик доим кўпчиликнинг хоҳиш-иродасига
бўйсунади. Шундай қилиб, демократиянинг биринчи моддаси қарор топади.
Демократияни чидаганга чиқарган.
Дунёда мураккаб ижтимоий
муносабатлар пайдо бўлди.
Яқинда колумбиялик машҳур ёзувчи,
Нобел мукофоти лауреати Гарсиа Маркеснинг адабий агенти дон Мануэл Эскабаро
мамлакатимизга ташриф буюрди. Умуман, кейинги пайтларда чет эллик юқори
мартабали зотларнинг мамлакатимизга тез-тез ташриф буюриши одатий ҳолга айланиб
қолди. Демак, мамлакатнинг обрў-эътибори тобора юксалиб бораётибди, биз халқаро
майдонларда ўзимизга хос ва ўзимизга мос мавқега эга бўляпмиз. Дон Мануэл
Эскабаронинг ташрифи ҳам шундан далолат бериб турибди. Ман уни қароргоҳимда
қабул қилдим. Салом-аликдан сўнг Гарсиа Маркеснинг шахсий мактубини топширди ва
буюк ёзувчи имзо чеккан гувоҳномасини очиб кўрсатди. Мактубни тилмоч қироат
билан ўқиб, таржима қилиб берди.
-Мамнунман, – дедим хиёл бош эгиб.
– Мактубнинг асл нусхаси билан ўзбекча варианти “Нафосат” рўзномасининг келгуси
сонида эълон қилинади, – деб ишонтирдим меҳмонни.
-Ташаккур, – деди дон Мануэл
Эскабаро. – Кечирасиз, шахсий газетангиз ҳам борми?
-Шунақароқ, – дедим мужмал қилиб.
– Кўпдан буён мани битта савол қизиқтириб келади.
-Марҳамат, сўранг.
-Гарсиа Маркес бутун дунё
йўқсилларининг доҳийси Карл Марксга нечанчи авлод бўлади?
-Улар қариндош эмас, катта
боболари адаш бўлган, холос.
-Қариндош бўлса керак, фақат дон
Гарсиа ўтмишини ҳаммадан яшириб юради, шекилли. Нега деганда, капиталистлар
Карл Марксни ўлгудек ёмон кўради; агар улар йўқсиллар доҳийсининг кенжа
авлодини учратиб қолса, ўртага олиб уриб ўлдиришдан ҳам тоймаса керак!
Дон Мануэл Эскабаро кулимсираб бош
чайқади.
-Ўткир ҳазилингизни албатта дон
Гарсиага етказаман.
Қиёфамга жиддий тус бердим.
-Хўш, хизмат?
-Ман ҳамкорлик қилишни таклиф
этмоқчиман.
-Бош устига. Қайси соҳада
ҳамкорлик қилишимиз мумкин?
-Албатта ёзувчилик соҳасида
ҳамкорлик қиламиз.
-Яъни, масалан?
-Кейинги китобингиз бутун дунёда шов-шув
бўлди, деярли барча йирик тилларга таржима қилинди. Агар рухсат берсангиз,
навбатдаги янги китобингизни “Гарсиа Маркес плюс компания” корпорацияси сотиб
олиб бутун дунёга тарқатади. Дон Гарсиа Маркес китобингизга мухтасар сўзбоши
ёзиб беради.
-Ў-ў, ташаккур! – дедим.
Агент сўмкасидан икки варақ олиб
узатди:
-Мана шу қоғозга имзо чекиб
берсангиз, олам гулистон, – деди.
Шартномани қўлимга олдим. Ўн икки
моддадан иборат экан. Испан тилида ёзилган эди. Тилмочга ўқитиб ўзбекчага
таржима қилдирдим. Учинчи моддада “солиқ тўланади” дейилган бўлса, саккизинчи
моддада “компания китобни учинчи томонга тавсия этиш ҳуқуқига эга” дейилган
эди.
-Солиқни кимга тўлаш керак?
-Колумбияга.
-Учинчи томон ким бўлиши мумкин?
-Ҳозир аниқ маълум эмас. Айтайлик,
Куба бўлиши мумкин.
-Ҳм-м... Қалам ҳаққи қанақа
бўлади?
-Қалам ҳаққини алоҳида ўзаро
келишамиз.
-Коммерция сири денг! Тушунаман,
тушунаман. Хўп, сиз, дон Мануэл Эскабаро, уч-тўрт кун тарихий шаҳарларимизни
айланиб келинг, ман унгача таклифингизни пухта ўйлаб кўраман. Кейинги
учрашганимизда аниқ жавобимни айтаман, – деб ўтирган ўрнимдан қўлимни узатдим.
Агент дик этиб туриб ман билан қўл
бериб хайрлашди.
-Умид қиламанки, биз ишончли шерик
бўламиз, – деди.
-Албатта, – дедим сиполик билан.
МТС можаросини қўзғаб қолармикан
деб хавотирланган эдим. Хайрият, бу ҳақда гап қўзғалмади.
Тилмоч мандан изн сўраб меҳмонни
кузатиб чиқди.
Ажаб, Гарсиа Маркес қариган чоғида
олибсотарлик билан шуғулланаётган экан-да! Ундан кўра хотира-потира ёзиб
тирикчилик қилса бўлмасмикан?..
Комментариев нет:
Отправить комментарий