Иноят Махсум бу томонга оғдириб,
Жаслыққа бориб пинҳона шартномага имзо чектириб қайтган Юсуф Пайшанба билан
Ҳафизулла Аминовга навбатдан ташқари “Юртменистонда хизмат кўрсатган маданият
ходими” унвони берилди. Фармоним вақтли матбуотда эълон қилинди. Шу йўсинда
Чеҳрагулнинг “қўли”га даъвогарлик қилаётган номзодлар сонини учтагача
қисқартиришни мўлжаллаган эдим. Зеро, Ҳасан “банкир” билан Ҳумоюн Химчистка
бир-бирининг гўштини еб ётибди; Чеҳрагул бу ёқда қолиб, бир-бирининг изидан
тушиб кетди. Уларни офсайт ҳолатидаги ўйинчиларга қиёслаш мумкин.
Аслини олганда, Юсуф билан
Ҳафизуллага унвон бериб фақат битта мақсадни, яъни номзодлар сонини
қисқартиришнигина кўзламаган эдим. Шу йўл билан чинакам талант соҳибларини ўз
томонимга оғдириб олиб, уларни ўз ноғорамга ўйнатишни ҳам мақсад қилиб қўйган
эдим. Қолаверса, Қаламкашни қўрқув билан умид орасида ушлаб туриш учун ҳам
рақибларининг пилигини кўтариб қўйдим. Гўё рақиблари асосий даъвогар бўлиб
қолади, гўё Чеҳрагул унвонли хушторларига ён босади. Аслан, дунёда хотин зотига
ўхшаган беақл махлуқ бошқа бўлмаса керак. Эмасам, эр-хотинликка унвоннинг нима
алоқаси бор?! Йўқ, дугоналарига мақтаниш учун эр албатта унвон олиши керак,
амалдор бўлиши керак. Илк учрашув чоғидаёқ беихтиёр: “Қаерда ишлайсиз? Қанча
маош оласиз? Бошқа даромад манбаингиз ҳам борми?” деб савол бериб қўяди, моччағарлар!
Фармоним эълон қилиниб, энди
оёқларимни узатиб ётган эдим, Иноят Махсум эшик қоқиб кириб келди.
-Ҳа-а, яна нима бўлди?
-Юсуф Ялангтўш ҳамон Жаслиқда
ётган экан-ку! Энди нима қиламиз?
-Чеҳрагулга ошиқи мубтало бўлиб
юрган аблаҳ ким экан?
-Бошқа Юсуф экан.
-Қанақа бошқа Юсуф?! – деб Иноят
Махсумнинг башарасига қаратиб шиппагимни улоқтириб юбордим.
У шиппакка чап бериб қолди.
-Кимлигини аниқлаяпмиз.
-Олдин аниқлаб, телефондаги овоз
ёзувини кейин опкелсанг ўлармидинг?!
-Кечирасиз, уни ҳам амнистияга тушиб
озод бўлган деб ўйлаган эдик.
-Қанақа амнистия?! Халқ душмани
амнистияга тушадими?! Унинг хотини, бола-чақаси борлигини билмасмидинг, аҳмақ!
-Билардим, лекин шоирлар битта
хотинга қаноат қилмайди деб ўйлагандим, – деб ерга қаради Иноят Махсум. – Яна битта
ишкал чиқиб қолди.
-Қанақа ишкал?
-Ҳафизулла Аминов Олмония
элчихонасига бориб, Австрия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрабди.
-Ия! – деб сапчиб тушдим. –
Австрияда пишириб қўйибдими?! – Бирдан миямга яшин ургандек бўлди. – Шошма,
анави аблаҳ Ёдгор Обид Австрияда-ку! Ўшани қора тортиб кетмоқчими?
-Шунақа шекилли. Лекин ўзи илгари
етти йил Австрияда Флейта чалиш бўйича катта бир маэстродан сабоқ олиб қайтган.
-Уни ким юборган? Консерватория
йўлланмаси билан кетганмикан?
-Йўқ, ўз ҳолича кетган...
-Аблаҳ! У ҳам, анави Юсуфинг ҳам
Чеҳрагулнинг тирноғига арзимайди!
-Тўғри, – деб ер сузди Иноят
Махсум. – Агар бир қошиқ қонимдан кечсангиз, яна бир нохуш хабарни айтмоқчиман.
-Сандан қачон хушхабар эшитган
эдимки, энди эшитсам! Гапир!
-Ҳасанали Лондондан АҚШга қочиб
кетибди.
-Нима-нима?! – деб бўкириб
юбордим. – Нега қочади?
-Кэтрин билан бўлган воқеа онлайн
тизимида тарқатиб юборилгач, ногаҳон ўзи ҳам кўриб қолибди. Энди ман қайси юз
билан юртимга қайтиб бораман, қайси юз билан Аҳмад Хоразмийга учрашаман деб океан
ортига бир кечада ғойиб бўлган. Резидент ҳам ғафлатда қолган.
-Уф-ф! – деб ўзимни диванга
ташладим. – Йўқол, кўзимга кўринма!
Иноят Махсум эшикни аста ёпиб
чиқиб кетди.
Нима бало, бутун дунё манга қарши
тил бириктириб олганми? Наҳотки, шунча ишлар бирдан чаппасига кетса! Ахир, бу
қадар терс натижани атайлаб ҳам уюштириб бўлмайди-ку! Йўқ, бу ишларнинг
орқасида қандайдир яширин куч бор. Мухолифатми? Бэ-э, мухолифат нуқул
вайсақилик қилади, холос. Амалий ишга қодир эмас. Оғзи шалоқ хотин ҳар куни
эридан калтак еб дод-фарёд кўтараверса, охири қўни-қўшнилар ҳам унга эътибор
бермай қўяди. Қайтанга, дод-фарёд эшитилмай қолса ҳамма ҳайрон бўлади.
Дарҳол жўяли бир йўл топиш керак.
Энг ишончли куч – ҳақиқат. Дўппи
тор келиб қолдими – бас, ҳақиқатдан бошқа паноҳ йўқ. Энди қартани очиб ташлаш
керак: Кэтрин-Кароматхоннинг қиёфадоши ниқобини ечади, асил Кэтрин-Кароматхон
саҳнага чиқади. Эҳтимол, уни мамлакатимизга таклиф этиб Аҳмад Хоразмий билан
учраштириб қўйган маъқулдир? Агар Аҳмад оға бу ерда учрашувга рози бўлмаса,
майли, уни Англияга чиқиб кетишига рухсат беришга тўғри келади. Қироллик
коллежида дарс берадими, қўшгани билан қўшмозор бўладими – билганини қилсин!
Тавба, калава чувалашиб кетди-ку.
Бунақа бўлишини ҳеч кутмаган эдим.
Комментариев нет:
Отправить комментарий