Дунёда хушомадни ёқтирмайдиган
одам бўлмаса керак. Ҳатто йўргакда ётган гўдак ҳам хушомад қилсангиз талтайиб
кетади, қиқир-қиқир кулади. Самимиятга йўғрилган хушомад, тан олиш керак,
одамни рағбатлантиради, бутун чарчоқни чиқариб юборади. Хушомад меъёрида бўлиши
керак. Озгина хушомад аралашган ўринли мақтов кўнгилни яшнатади, кишида қониқиш
ҳосил қилади.
Битта заҳар ёзувчи: “Шароф Рашидов
бировларнинг оғзи билан ўзини мақтатади” деган. Нишонга бехато урган. Ҳақиқатан
ҳам, Шароф ака мақтовни яхши кўрарди. Илгари қандай бўлганини аниқ билмайман,
лекин охирги пайтларда фақат мақтов эшитишни истарди. Эҳтимол, илгари
онда-сонда мақтаб турилса, камтарона бош эгиб қизариб кетгандир, аммо ўлимидан
икки-уч йил бурун ўзи раёсатда қўр тўкиб ўтирган чоғларда минбарга чиқиб олган
нотиқ икки марта Қаҳрамон шаънига қават-қават мақтов айтса ҳам тумонат одам тўпланган
залга тикилиб ўтираверарди. Гўё “ўзим шунақа бўлсам, нима қилай!” деган маъно
қиёфасида акс этиб турарди. Орадан йиллар ўтиб Гайдар муаллим билан юзма-юз
ўтириб суҳбатлашган чоғимизда: “Хушомадгўйлик жабҳасида Рашидов бизни чангида
қолдириб кетарди. У агар Кремлга борадиган бўлса, оддий қоровулларга ҳам,
котибаларга ҳам ўзига яраша совға-салом улашиб чиқар эди”, деган эди. Чамамда,
султонни сийламоқчи бўлсанг, итига суяк ташлаб ўт, деган мақолага амал қилар экан. Ҳайронман, Гайдар муаллим ўша мақолани эшитмаганмикан, нима бало!
Боя “хушомад аралашган мақтов” деб
ёзганимда нимани назарда тутганимга аниқлик киритиб қўймоқчиман:
“Сарбонингни асрагин!”
“Денгизимиз йўқ дедингиз, денгиз
Ўзингиз!”
“Сизга отилган ўқ манга тегсин!”
“Эгаси бор юртнинг эртаси бордир”.
Ва ҳоказо.
Манга хушомад қилиб қўйиб
орқасидан тўхтовсиз мукофот кутадиган тамагирларни ёмон кўраман. Мунча
тамшанасан, ярамас! Бирпас сабр қилсанг, чўчқага ўхшаб семирмай ўлгур, олдингга
суяк ташлайман-ку!
Битта шалтоқ шоир бор. У гўё
адабиётда “бешлик” деб аталган янги жанр яратган эмиш, довдир! Аслида, у довдир
эмас, содда-муғомбир. Суюқ деган лақаби ҳам бор. Еб-ичишни яхши кўради. Кайфи
ошиб қолган пайтларда бутун даврани оғзига қаратиб мақтаниб ўтиришини
айтмайсизми!..
Ўша аҳмақ ўзи раҳбарлик қилаётган
рўзномада эълон қилинган имзосиз бош мақолаларгача тўплаб ёстиқдек китоб ҳолида
нашр эттирибди. Дастхат ёзиб қабулхонамга ташлаб кетибди. Китоб мундарижасига
кўз ташладиму: “Ҳожатхонага киритиб қўй”, дедим адютантимга. Кабинетимга кириб
деворда осиғлиқ турган портретимга қараб мийиғимда кулиб қўйдим, бехос шумлигим
қўзиди. Адютантимни ҳузуримга чақириб: “Ўша китобнинг барча нусхалари
кўтарасига сотиб олинсин ва шаҳар ҳожатхоналарига бепул тарқатиб чиқилсин!” деб
буюрдим.
Энг улуғ, энг азиз байрам яқинлашган
сари Шалтоқ рўзномасида кетма-кет хушомад мақолалар чоп этилади. Уларни ўқисам,
кўнглим айнийди. Хушомадни эплолмасанг, бир жуфт қилиб ўтирмайсанми! Охири
Парокандга айтдимки: “Агар яна бир марта манга бағишлаб мақола ёзса, қўлини
синдираман ёки к ў ч а г а айтиб, эна сутини оғзидан келтиртираман!”
Қўрқди, шекилли. Тинчиб қолди.
Эртароқ хурсанд бўлган эканман.
Ўзи раҳбарлик қилаётган рўзномада ошна-оғайниларига ўзини, ижодини мақтатиб
ёздирган мақолаларини пешма-пеш эълон қила бошлади. Э-э, воҳ! Одам шу қадар
сурбет бўлиши мумкинми? Мумкин экан. Ҳар йили улуғ байрам арафасида
мукофотланган фуқаролар рўйхати матбуотда эълон қилинади. Шалтоқ ҳар йили
рўйхат эълон қилиниши арафасида ҳовлисида қўчқор сўйиб, воҳадан тандир-кабоблар
олдириб ошна-оғайниларига зиёфат беради, отарчиларни чақириб тонггача ашула
айттиради. Оёқда аранг турадиган хашаки маддоҳлар микрофонни оғзига қадаб
ҳамд-санолар айтади. Битта маддоҳ микрофонни жойидан суғуриб оламан деб
чалқанчасига йиқилиб, тил тортмай ўлибди. Баттар бўлсин!
-Бўлажак халқ шоири андоқ!
-Бўлажак халқ шоири мандоқ!
Ўлинглар-э, ўл!
Ҳар йили муддатидан аввал ўзини “Халқ шоири” деб овоза қилавергач, ўша унвонни бериб уни хижолатпазликдан қутқармоқчи ҳам бўлдим. Рўйхатга имзо чекадиган куним рўзномасида дордан қочган фармонбардор битта собиқ амалдорни мақтаб бир саҳифа мақола эълон қилдию ҳафсаламни пир қилди. Номини ўчириб юбордим ва ўзини бўғзигача қарзга ботиб қолган битта журналга раҳбар этиб тайинладим. Бу журнал йилда икки марта чиқади, холос. Тиражи ҳам уч юзта, шекилли. Энди Шалтоқ шоир ҳадеб кўзимга ташланавермайди. Ҳайронман, шу ишни олдинроқ қилсам бўлмасмиди?..
Комментариев нет:
Отправить комментарий