вторник, 17 апреля 2018 г.

67. Қутидорнинг қутилари


Далай Лама совға қилган сарғимтил чакмонимни елкамга елвагай ташлаган заҳотим адютантим ҳам тошойнага қараб ясама соқол-мўйловини башарасига елимлаб ёпиштиришга киришди. Эгнига жандасини кийди ва қайсигўрдандир топган кулоҳни ҳам бошига қўндирди. Қўлимга асони олиб унга бошдан-оёқ разм солиб мийиғимда кулиб қўйдим.
-Кетдикми? – дедим.
-Кетдик.
-Овмин, тўй тўйга, пул пулга улансин! Олайлиг-у, олдирмайлик! – деб юзимга фотиҳа тортдим. Ясама соқолимни кафтимга тўплаб силадим.
Адютантим ҳам юзига фотиҳа тортди.
“ГАЗ-31” машинасига ўтириб, орқа дарвозадан Чирчиқ – Тошкент йўлига чиқдик. Ҳозир бу йўл трактор заводи ёнидан шлагбаум билан ёпилган, йўловчи машиналар “Диадора” супермаркети ёнидан ўтган айланма йўлдан юриб Дўрмон қишлоғи адоғидан яна-тиғин эски йўлга тушиб олади. Беш чақиримча йўлдан ютқазадилар. Лекин хавфсизлик чорасини кўзлаб шундай қилинганини ҳамма тўғри тушунади. Биз ўнгга бурилдик, Дўрмон қишлоғи адоғидан чапга бурилиб эл қатори айланма йўлга тушиб олдик.
-Фақат тўғрига ҳайдайсан! – деб тайинладим ҳайдовчига. – Қайси чорраҳадан бурилиш кераклигини ўзим айтаман.
Светафордан сўнг ТТЗ бозори сўл тарафда қолди. Феруза мавзеидан ўтиб сўлга кетдик. Катта ҳалқа йўлига яқинлашганимизда ҳайдовчи ички кўзгудан қараб:
-Чапга бурилсак йўл яқинроқ бўлади, – деди.
-Қаёққа кетаётганимизни сан қаердан биласан?! – дедим олд суянчиққа ўмганимни тираб. Ёнимда ўтирган адютантга ўқрайиб тикилдим. – Ёки сан оғзингдан гуллаб қўйганмисан? – деб сўрадим.
-Ўлай агар! – деб ёқасини ушлади адютант. – Қаёққа кетаётганимизни ўзим ҳам билмайман-ку!
-Ўнгга бурил! – дедим.
Ҳайдовчи ўрта қатордан келаётган эди, бир илож қилиб чорраҳа яқинида ўнг қаторга ўтиб олди. Ёнимизда кетаётган “Тико” ҳайдовчиси ойнадан бошини чиқариб:
-Ухлавотганмидинг, ҳарип! Чироғингни олдинроқ ёқсанг ўласанми! – деб ўшқириб ўтиб кетди.
Ҳайдовчи қўлини чаккасига тираб узр сўради.
Катта ҳалқа йўлига тушиб олдик. Аграр университети рўпарасидаги чорраҳадан ўтаётиб:
-Ростини айт, қаёққа кетаётганимизни аниқ биласанми? – деб сўрадим ҳайдовчидан. – Ростини айтмасанг, ҳозир қулоқ-чаккангга тескари шапалоқ тортиб юбораман!
-Қўлингиздаги асога, анавининг бошидаги кулоҳга қараб туриб любой аҳмақ ҳам сизларни Зангиота зиёратига кетаётганингизни билади, – деди.
-Уф-ф! – деб ўзимни ўриндиққа ташладим. – Ишқилиб, орқамизда “дум” йўқми?
-Бўлса керак, – деди ҳайдовчи ишонч билан. – Хоҳласангиз, разварот қилиб Тоштурма томонга ҳайдайман. – Ўнг қаторга ўтиб олди.
-Керак эмас, ундан кўра светафорнинг қизил чироқларига қарамасдан бос!
Ҳайдовчи ҳалқа йўл ҳаракати қоидаларини бузиб юришни яхши кўради. У ҳам бир оғиз гапимни кутиб кетаётган эканми, орқа-олдига қарамасдан босди. Ҳаш-паш дегунча Зангиота зиёратгоҳига етиб бордик. Машинани чинор соясида тўхтатди. Аста орқа ўриндиқдан тушдик. Адютантим билан ёнма-ён зиёратгоҳ дарвозаси томон салмоқли қадам ташлаб боравердик. Йўлканинг икки четидаги гулзор ҳар қандай одамнинг баҳридилини очиб юборади. Дарвозахонага яқинлашганимизда бўйинбоғ таққан пўрим бир йигит йўлимизни тўсиб чиқди.
-Тадбиркорликни қўллаб-қувватлайман десангиз, биродарлар, биринчи рақамли қутига атаганларингни ташлаб ўтинглар! – деди паст товушда.
-Хўп, – деди адютантим. – Албатта қўллаб-қувватлаймиз.
Ундан уч-тўрт қадам узоқлашган пайтимиз бошига дўппи кийиб, беқасам чопонни елкасига елвагай ташлаган бир киши йўлимизни тўсиб:
-Миллий тикланишни истасангиз, иккинчи қутига садақа қилинг, – деди ва ёнидан носқовоғини чиқариб кафтига бир отим тўкиб тилининг остига ташлади.
Яна уч қадам олға босган чоғимиз юзи заҳил бир киши истиқболимизга чиқиб:
-Эски коммунистлар, олға! – деди заҳарханда аралаш. – Учинчи қути – сизники! Адашманг!
Дарвозахонадан ичкарига ўтгунимизча “Иноят” партияси вакилларига, Экология ҳаракати ходимларига ҳам дуч келдик.
-Ие, Ташаббус гуруҳидан вакил йўқ экан-ку! – деб юборди адютантим.
-Аҳмақ, Ташаббус гуруҳи бекор қилинган, сайловда қатнашмайди. Нуқул ҳаётдан орқада қолиб юрасан, – деб койиган бўлдим.
Дарвозахонадан ўтган пайтимиз рўпарада қатор турган қутиларга кўзимиз тушди. Барча қутилар рақамланган эди. Бир оз каловланиб қадамни секинлатдим. Шу пайт енги калта кўйлакдан мушаклари бўртиб турган йигит йўлимизни тўсиб:
-Сизларга миллий хавфсизлик керакми ёки қуруқ сафсата? – деб сўради дабдурустдан.
-Албатта, миллий хавфсизлик керак, – дедим.
-Ундай бўлса, гражданин, еттинчи қутини мўлжаллаб бораверинг! Етти рақамида рамзий маъно бор, – деб кўзини қисиб қўйди.
-Олтинчи қути йўқми? – деб сўради адютантим қизиқсиниб.
-Олтинчи қути ҳокимиятга қарашли. Қабр тепасига қўйилган, – деб изоҳ берди миллий хавфсизлик ходими. – Ҳокимият фақат еб ётишни билади, холос. Ебқочарлардан ҳеч қандай фойда йўқ...
Ман еттинчи рақамли қути ёнига яқинлашдим, адютантим садақани шу қутининг тирқишидан ташлади.
Садақани ташлаб ўзимизни қушдек енгил ҳис этдик. Бир-бир босиб муҳташам мақбара томон йўл олдик.
-Қутиларнинг ҳаммасини битта қутидор ясаб берган, шекилли. Қаранг, ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, – деди адютантим.
Дарҳақиқат, у тўғри илғаган эди, ҳамма қутилар бир-бирига ўхшарди.
-Мавжуд партиялар ҳам шунақа – бир-бирига ўхшайди, – деб қўйдим ўзимча.
-Марғилонлик Мирзакарим қутидор тирикчилик важҳидан яна Тошкентга келиб мардикорчилик қилаётган бўлса, у ёқда Офтоб ойим ўзини офтобга тоблаб ётганмикан?! – деб тиржайди адютантим.
-Сассиқ оғиздан нуқул сассиқ гап чиқади, – деб адютантимнинг оёғига асо билан бир туширдим.
-Вой! – деб юборди у.
Рўпарадан келаётган одамлар ажабланиб бизга қаради. Ман сир бой бермасдан виқор билан салмоқли қадам ташлаб кетавердим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...