Садақа – радди бало, деган гапда
жон бор экан. Зангиота зиёратидан хийла енгил тортиб қайтдим. Елкамдан тоғ ағдарилгандек
бўлди. Эсимда, талабалик давримда ҳам Зангиота комплексини томоша қилгани
келардик. У пайтларда минора ёнидаги муҳташам бинода жумҳурият илмий атеизм
марказининг филиали жойлашган эди. Филиал ходимлари, ўтмишда ота-боболаримиз
нақадар қолоқ, бидъатпараст бўлганини ишончли далиллар ва кўргазмали қуроллар
ёрдамида тушунтириб берарди. Деворларга осиб қўйилган плакатларни ихлос билан
кўздан кечирган одам атеистларнинг гап-сўзларига чиппа-чин ишонарди. Ажаб,
ҳозир гурас-гурас бўлиб зиёратгоҳга кириб келаётган оломон жаҳолатдан халос
бўлганмикан? Халос бўлган бўлса, қаёққа шошилиб келяпти, нимага интиляпти? Нури
ҳидоятгами? Нури ҳидоят мақбара остида эмас, кўнгилда бўлмайдими?
Жаҳолат ва маърифат тўғрисидаги
баҳс-мунозара Ойхўжа бобо ҳаёт бўлган даврда ҳам авж олган эди, 1258 йилдан
кейин ҳам тўхтамайди. Туронзамин мўғуллар томонидан батамом забт этилгач,
дискуссия пана-пасқам хонақоҳларга кўчиб ўтади. Манимча, диний-мистик
йўналишдаги сўфийлик оқими кучли давлат пайдо бўлгандан сўнг подпольега кетади –
яширинча фаолият кўрсата бошлайди. Қачонки, босқинчиларнинг иккинчи авлоди
исломни қабул қилганидан кейингина сўфийлар енгил нафас олиб яшириниб ётган
жойларидан бош чиқариб эл-юрт тинчлигини ва фаровонлигини таъминлайди. Чамамда,
динни давлатдан ажратмаслик керак. Аксинча, динни давлатга хизмат қилдириш
керак. Агар диндорлар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, енгилмас кучга айланади.
Майли, бу масалани ёлғиз
қолганимда атрофлича ўйлаб кўраман.
Шу кеча тинч ухладим.
Алаҳсирамадим. Хайрият, қоп-қора ридога ўралган “итотарлар” тушимга кирмади.
Ўзлари ҳам ёш болага ўхшар экан-да, аҳмақлар! Яна-тағин миллий гвардияга қабул
қилишни сўраб ариза ёзиб берганини айтмайсанми?! Оббо, атаманлар-ей! Томга
чиқиб ўзини нишонга тўғрилаб берган кўппакларни тариллатиб отиб қаҳрамонлик
кўрсатдик деб ўйлашдими? Ҳа, қаҳрамонлик кўрсатишганига асло шубҳа қилишмасди.
Бир-бирига мақтаниб ўтирганини кўриб, беихтиёр “астоғфуриллоҳ!” деб ёқамни
ушладим. “Уларни Қароргоҳ ҳудудидан чиқарма; пичанхона ёниб бўлгач бир жойга
тўплансин!” деб Иноят Махсумга буйруқ бердим. Икки кун мусорни йиғиштиришди.
Сакбон уларга озиқ-овқат етказиб турди. Кечаси омборхона томида бир-бирини
қучоқлаб ухлашди. Автоматларини қўриқчилар ефрейтори – ўнбоши бир вараққа имзо
чектириб олиб кетди. Эҳтимол, уларнинг оғзини елимлаб, қўйиб юбориш ҳам мумкин
эди. Аммо ҳар хил мишмишлар болалаб кетгач, Расмий ахборот эълон қилинмаса
бўлмайдиган вазият юзага келди. Вазият тақозо этгач, “итотарлар”нинг баҳридан
ўтишга тўғри келди. Сотқинлик йўлига ўтган итлар отиб ташлангач, Сакбон ўзини
айбдордек ҳис эта бошлади. “Айбимни қон билан ювишга тайёрман!” деб кичик хат
ёзиб адютантимдан бериб юборади. Шошма, дедим, сопини ўзидан чиқараман. Иноят
Махсумни чорлаб: “Бўпти, итлари хиёнат қилган бўлса ҳам, лекин Сакбоннинг манга
содиқ эканини биламан...” дедим. Аста қулоғига пичирладим. “Уқдингми?” дедим
товуш чиқариб. “Уқдим”. “Уққан бўлсанг, нега аммамнинг бузоғига ўхшаб бақрайиб
турибсан?!” дедим. “Жасадларини нима қиламиз?!” деб сўради. “Мусорга қўшиб
Қароргоҳдан чиқариб ташлайсизлар. Сўнг пичанхонага қўшилиб ёниб кетди деб,
эгаларига қўрғошин тобутларини бериб юборасизлар. Энди уқдингми?” Иноят Махсум
ёйилиб тиржайди: “Есть! – деди қўлини чаккасига тираб. – Ҳукм ижросини ўзим
видеотасвирга тушириб келтириб бераман”, деб лўкиллаб кетди.
Тунда Сакбон “итотарлар”ни
битта-битта уйғотиб омборхона орқасига эргаштириб ўтади ва деворга суяб
қўйилган ломни оладию қулочкашлаб қаншарига туширади. “Итотар” бор бўйи билан
чалқанчасига йиқилади; ижро ишончли бўлиши учун лом учини ағнаб ётган жасаднинг
қобирғалари орасига “ғарс” этказиб санчиб ҳам олади. Жасад охирги марта бир
сапчиб тинчийди, холос. Қизиқ, уйқусираб омборхона орқасига ўтган навбатдаги
“итотар” шеригининг жасади устидан ҳатлаб ўтади-ю, лекин “у нега ўлиб ётибди?”
деб сўрамайди. Ҳарбий интизомга қатъий бўйсунади.
Видеотасвирни зўр мамнуният билан
темир сейфга ташлаб қўйдим. Энди Сакбоннинг жони мана шу сейфда сақланади.
Сакбондан кўнглим хотиржам бўлди.
Кўнглим хотиржам бўлса-да, уйқумда
ҳаловат бўлмади. Охири Зангиота мақбарасини зиёрат этиб, хайр-садақа қилиб
қайтишга қарор қилдим. Ахир, одамлар 850 йилдан буён авлиё мозорига
бекордан-бекор сиғиниб юришмагандир деб ўйладим. Хато қилмабман, зиёратдан сўнг
худди ҳаммомда чўмилиб чиққандек ўзимни қушдек енгил ҳис эта бошладим.
Кутубхонада диванга ёнбошлаб ётиб
Гётенинг таржимаи ҳолини варақлаб ўтирсам, Оқбош миёвлаб келиб тиззамга чиқиб
олди. Жароҳат изи қолган бошини аста-аста силай бошладим. Уни чакки хафа қилган
эканман: биринчи учрашувда бизникиларни мағлубиятга учратган Гана терма командасининг
ёшлари охир-оқибат Бразилияни пеналтилар серияси бўйича мағлуб этиб жаҳон
чемпиони бўлди. Демак, бизникилар бўлажак жаҳон чемпионига имкониятни бой
берган экан. Мантиқан олиб қаралса, бизникиларни вице-чемпион дейиш мумкин.
Уругвай терма жамоаси ярим йўлда қолиб кетди. Энди улар қўйларини боқиб
юраверади. Шундоқ бўлгач, Оқбошнинг бошини ёриш шартмикан? Манимча, шарт эмас
эди. Майли, бўлар иш бўлди. Оқбошнинг жароҳати жаҳон чемпионатидан ёдгорлик
бўлиб қолади. Оқбошнинг бошига яраша битта бўрк тиктириб бераман. Бош ёриғи
бўрк ичида, дейдилар. Бошида бўрк бўлса, жароҳат изи ҳам кўзга кўринмайди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий