Хушматбойнинг “Қандолатчилик”
журналида эълон қилинган “Фаунахонни ким бузган?” номли мақола жуда катта
шов-шувларга сабаб бўлди.
Одатдагидек, журналнинг янги
сонининг муқовасига Бош муҳаррир дастхат ёзиб манга жўнатган, икки ҳафтадан
буён столнинг бир четида ётган эди. Ҳузуримга кириб чиққан хушомадгўйлар:
“Табриклайман, Хушматжон, журналингиз Юртменбошининг столида турибди, ўз кўзим
билан кўрдим”, деб ундан суюнчи олишга ҳам улгурган. Хушмат хушхабарни бутун
мамлакатга тарқатади. Бирпасда унинг атрофида гирдикапалаклар пайдо бўлади.
Кимдир Сурхон томонлардан тандир-кабоб келтирди, кимдир Бахмалдан ичида беш
юлдузи бор олма келтирди, биров Орол бўйларидан дудланган балиқ жўнатди, яна
биров Ўзганднинг “қора қилтаноқ” гуручини оқлаб келади.
Бир куни Пароканд қизариб-бўзариб
хонамга кирди: қўлида “Қандолатчилик”, тинмасдан мўйловининг учини ямлаяпти.
-Тинчликми? – дедим. – Нега
асабийлашяпсан?
-Ўқимадингизми? – деб қўлидаги
журналга ишора қилди. – Ҳамма ёқда дув-дув гап: Юртменбоши Қаламкашга қарши
янги кампания бошлабди дейишяпти...
-Қанақа кампания? – Кўзойнагимни
ечиб Парокандга термилдим. Беихтиёр стол четида турган журнални олиб варақлай
бошладим. – Қайси мақолани ўқишим керак? Нега олдинроқ айтмадинг?!
-“Фаунахонни ким бузган?” деган
мақола халқ орасида фавқулодда резонанс берганини Иноят Махсум аллақачон айтган
бўлса керак деб ўйлаган эдим.
-Бўпти, боравер, – деб журналдан
бош кўтармай кафтимнинг орқаси билан ишора қилиб Парокандни кабинетимдан
чиқариб юбордим. – Олдин ўзим ўқийман, фикримни “Хотира дафтари”га қайд этиб
қўяман. Кундаликларимни таҳрир қилаётган чоғингда у ер-бу ерига қалам уриб
лаб-лунжини тўғрилаб қўярсан, лекин стилимга заха етказмайсан. Уқдингми?
-Уқдим, – деди Пароканд эшик
тутқичини ушлаган ҳолда орқасига ўгирилиб.
Мақолани ўқишга киришдим.
“Сирдарёнинг бўйларида
умргузаронлик қиладиган Қадам қандолатчининг қизи Фаунахон яхши ниятлар билан
Гулистон шаҳрига келиб ўз билимига суяниб институтга ўқишга киради. Унга
ётоқхонадан жой тегмайди. Кўчада қолган қизга адабиёт муаллими Т. Жалолов
ижарахона топиб беради. Аслида, бу ижарахона Т. Жалоловнинг шахсий квартираси
бўлиб, хотин, бола-чақаси қишлоқдан шаҳарга келишни истамагани боис беш-олти
йилдан буён бўш ётарди. Фаунахон шип-шийдам квартирага жойлашгач, Т. Жалолов
кўрпа-тўшак, қозон-товоқ, телевизор каби рўзғор анжомларини келтиради. Сўнг
битта хонада ўзи ҳам яшай бошлайди. “Минг бир кеча” эртакларидан бошланган узун
тунлар “Декамерон” романига уланиб кетади. Биринчи курс адоғига бориб Фаунахон
оғироёқ бўлиб қолади. Пихини ёрган Т. Жалолов ўқишдан ҳайдалиб кетиши аниқ
бўлган Абрай исмли битта студент йигитни алдаб-сулдаб йўлга солиб, унга ўз
ҳисобидан академик таътил олиб беради ва янги ўқув йилидан тўхтаб қолган
курсдан институтга тиклайди. Алданган студент Фауна билан ЗАГСдан ўтиб, никоҳ
гувоҳномасини қўлига олади. Куёв гувоҳнома билан, Т. Жалолов эса Фаунахон билан
тинч-тотув ҳаёт кечира бошлайди. Фауна кўзёриб болали бўлгач, сир фош бўлади...
Бўлган воқеа шу. Агар Т. Жалолов Катта
ўқитувчи лавозимидан четлаштирилиб, кафедрада оддий лаборант бўлиб қолганини
баён этсак, гўё Иноят қарор топгандек туюлиши мумкин эди. Ҳақиқатан ҳам,
ректорнинг буйруғига кўра Т. Жалолов Катта ўқитувчи вазифасидан бекор қилинади
ва синов муддати билан кафедрада оддий лаборант лавозимида қолдирилади. Синов
муддати тамом бўлгунча яна ножўя ҳаракат қилса, институт остонасига қадам
босмасди. Қўққис бу воқеага Тошкентдан келган Қаламкаш аралашади-ю, ҳамма нарса
остин-устин бўлиб кетади. Қаламкаш воқеа моҳиятини яхши ўрганмасдан “Қиз болага
иффат керакми?” номли мақола ёзиб “Биринчи муҳаббат” журналида эълон қилиб
юборади. Журнал ҳайъати мақола юзасидан келган муштарийларнинг хатларини рўкач
қилиб Т. Жалоловни “Йил қаҳрамони” деб топади. Ўша хабар чиққан журналдан икки
юз донасини сотиб олган Т. Жалолов студентларга текинга тарқатиб, институтдаги
соғлом муҳитни издан чиқариб юборади. Натижада студентларнинг босими остида
қолган ректор Т. Жалоловни синов муддати тугамасдан аввал Катта ўқитувчи
лавозимига тиклаш тўғрисида буйруқ чиқаради. Шундан сўнг Фаунахоннинг қонуний
эри ҳисобланадиган студент Абрай ор-номусга чидолмасдан аввал-бошдан Иноят
посбони бўлишга азму қарор қилган “Қандолатчилик” журнали таҳрир ҳайъатига
мурожаат этиб: “Иноятни тиклаб беринглар!” деб фарёд кўтаради. Биз Қаламкаш
кўтарган мавзуга қайтиб, масала моҳиятини пухта ўргандик. “Эҳтимол, қизлик
пардаси йиртилиб барбод бўлгач, иффат тўғрисида сафсата сотиб ўтиришнинг ўзи
кулгили туюлар, аммо инсон қиёфасини сақлаб қолишни истаган ҳар қандай аёл зоти
ор-номусини, уят-ҳаёсини бой бермаслиги лозим. Беномусликни, беҳаёликни ҳимоя
қилган Қаламкаш ҳам, “Биринчи муҳаббат” журналининг ҳайъат аъзолари ҳам,
қолаверса, кўпминг сонли муштарийлари ҳам нотўғри йўлни танлаганлар. Биз уларни
“йил қаҳрамони” эмас, “йил паразитлари” деб эълон қиламиз. Сиз нима дейсиз,
зукко замондош?!”
Оббо! Қисталоқ Хушмат, бу гал
Қаламкашнинг гирибонига бўрсиқдек ёпишибди-ку!
Чакки эмас. Аммо бу можарога мани
аралаштирмаслик керак.
Мулоҳаза. Фауна – ҳайвонот олами.
Шу ном қиз болага ярашадими? Флора деб исм қўйилса беҳроқ бўлмайдими? Ҳартугул,
Флора ўсимлик оламини қамраб олади, ундан хушбўй ҳид таралади, Фаунадан эса
бадбўй ҳид таралади.
Бундан ташқари, қиз бола барибир
бузилади. Агар уни биров бузмаса, чимилдиқда куёви бузади. Шунга ҳам ота гўри
қозихонами?
Булар манинг шахсий
фикр-мулоҳазаларим бўлиб, ҳамма учун мажбурий эмас.
Комментариев нет:
Отправить комментарий