Ўткан асрнинг 80-йилларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Қрим-татар адабиёти бўлими бор эди. Ўша бўлимда Сафтер оға Нагаев деган ватандошимиз хизмат қиларди. Ўрта бўйли, миқтидан келган одам эди. Юмшоқкўнгил эди. Фарғона шевасида гапирарди. Мажлис ё мушоирага ёки талаба қизлар орасидан келин танлаш учун Уюшмага бориб қолсак, дарров хонасига бошлаб кирарди; чой дамларди, ишларим, ёзаётган нарсаларим билан астойдил қизиқар эди. Дастлаб, ҳайрон бўлиб юрдим. Сабабини кейин билдим. Сабаби 1944 йили рўй берган ёвузлик билан боғлиқ эди.
Ўша йилда ёвуз даҳо Иосиф Сталининнг махфий (ёвуз одам қўрқоқ бўлади) буйруғига кўра қримликлар ёёпасига она юртлари — Қримдан бадарға қилинади, Сафтер оға оила аъзолари билан Фарғонанинг Учкўприк туманига қарашли Сарқўрғон қишлоғига келиб тушади. Сарқўрғон даштда жойлашган. Чеккадаги яланг қишлоқ. Аввал Тожик қишлоққа, Қирғиз қишлоққа бориш керак. Кейин Сарқўрғон келади. 1944 йилда Сарқўрғонда аҳоли сийрак бўлган, асосан шоли экилар экан. Сарқўрғонсойдан бўтана сув келади. Муздек бўлади. Шолизорнинг бошидан кириб, адоғидан чиқиб кетадиган сув эса тип-тиниқ бўлиб, илиб қолади. Дастлабки пайтларда мусофирлик туфайли қрим қардошлар бўтана сув маъданли эканини билмасдан тиниқ сув истеъмол қиладилар ва кўпчилик безгак касалига чалиниб вафот этади. Ўзбек оқсоқоллар гап нимадалигидан хабар топгач, бўтана сувни идишга олиб қўйиб, тиндириб ичишни уларга ўргатади. Шундан кейин қримликларнинг юзига қизиллик югуради…
СССР путурдан кетгач қримлик қардошлар Қримга оммавий равишда кўчиб кета бошлашди. Аммо, бунгача буюк оғамиз, улуғ шоиримиз Рауф Парфининг дўсти — Мустафо Жамилов олий мақсадига эришмоқ учун тинимсиз курашди: етти марта қамалди, 20 йиллик умри турмаларда ўтди. Охир-оқибат ВАТАНГА — ҚРИМГА қайтиш ҳуқуқини қримликларга қайтариб олди.
Кўпчилик Қримга кўчиб кетганидан кейин ҳам Сафтер оға Тошкентда юраверди. Чунки унинг онаси Тошкентдаги Сўгалли ота қабристонига дафн этилган эди. Онасининг мозорини ташлаб кетолмайди. 4 яшар болакай чоғи Ўзбекистонга келган, ўзбек болалари билан ўрта мактабда ўқиган, Ўзбекистон чин маънода Ватан бўлиб қолган Сафтер оға болаларини Симфереполга кузатиб қўяди, аммо ўзи кетмайди.
2003 йилдан кейин Сафтер оға кўринмай қолади… Бир куни Қримларнинг «Амал» журнали тасодифан қўлимга тушади. Унда Сафтер Нагаевнинг «Келдингми, болам?» номли хотираномаси босилган экан. Унда ёзилишича, баъзан Робия момога ўғли «Бугун улфатларим билан гапда бўламан, ярим кечада қайтсам керак, сиз хавотирланмасдан дам олаверинг!» деб айтиб кетар экан. Лекин ярим кечагача онаси квартирага кираверишга стулни қўйиб олиб, эшикка кўз тикиб ўтираверар экан. Рафиқаси аллақачон ухлаган бўлар экан. Ўғил уйга кирасолиб: «Мен сизга айтган эдим-ку! Нега мени пойлаб ўтирибсиз?» дер экан норози бўлиб. Амма, онаизор ҳар сафар «Келдингми, болам?» деркану аста стулни кўтариб ичкарига кириб кетар экан.
Сафтер оға онасининг мозорини ташлаб кетолмай юриб-юриб, ахийри 2004 йилда Симфереполга кетади ва 2007 йилда вафот этади. Айрилиққа чидаб 4 йил яшайди, холос.
Ватанидан Ватанига кетаётиб Сўгалли Ота қабристонига боради, Робия она қабрига етар-етмас қулоғига онаизорининг таниш товуши эшитилади: «Келдингми, болам?»
Шу бугун тонгда Ахсикент яқинидаги Лангар бобо қишлоғида истиқомат қиладиган укахоним Абдулазизга хат ёздим-да, Сўгалли Ота қабристонига бордим. Бурноғи йили Яланғоч Ота қабристонидаги Шавкат Раҳмон қабрининг гулхонасига янгамиз Манзура опа парваришлаган бахмалгул кўчатидан сўраб олиб, Робия момо қабри гулхонасида кўкартирган эдим. Бориб кўрсам, ўтлар остида қолиб кетибди. Ўтлар остида барқ уриб турибди. Ёввойи ўтлар билан «маданий» гулларни бир-биридан жудо қилишга кўзим қиймади. Гулисафсар, бахмалгул ва ёввойи чечаклар Робия момо қабрининг гулхонасини Ватан қилган бўлса, мен нима қилишим мумкин? Табиат қонунига қарши бориб ҳеч ким барака топмаган.
Робия момони мен кўрмаганман.У вафот этганда биз Сафтер оға билан таниш эмас эдик. Аммо момонинг товуши менга таниш бўлиб қолган, ҳар гал қабри тепасига борсам: «Келдингми, болам?» дейди ҳорғин товушда.
Фарғона тупроғида ётган Роҳат буви энам билан Робия момомизнинг товуши бир хил экан.
Ўтган азизларимизни Оллоҳ раҳмат қилсин.
Комментариев нет:
Отправить комментарий