понедельник, 19 февраля 2018 г.

Эркин Аъзам қандай ёзади?

Етмиштадан еттитаси, еттитадан иккитаси…
0-erkin_azam.jpgТелевидениеда “ўртаҳол” масъул ходим бўлиб ишлайдиган Азизбек бир куни гап орасида бундай деб қолди: “Иш ўрганиш учун йўлланма кўтариб студиямизга келадиган талабалар орасидан бўладиганини чамалаб кўраман-да, оғайни, Эркин Аъзамнинг ўнта ҳикоясини ўқиб келгин, кейин гаплашамиз, дейман, хотиржам бўл, ўқиш жойингга керакли қоғозни ёзиб, муҳрлаб берамиз. Келишдикми?.. Боёқиш ўйлаб туриб, Шукур Холмирзаев ёки Алишер Ибодинов ҳикояларини ўқисам бўлмайдими, деб сўрайди. Йўқ, дейман, айнан Эркин Аъзам ҳикояларини ўқиб келасан, бошқа ёзувчиларнинг ҳикояларини ўқиш-ўқимаслик мажбурий эмас, лекин буниси биринчи топшириқ. Ўн кун вақтинг кетадими, ўн беш кунми, майли, муддатини ўзинг белгилайсан, дейман. Фақат экранда кўриниш ниятида тележурналист бўлишни ният қилган талаба ҳам ноумид қолдирилмайди; унга лавҳа тайёрлатамиз, “юзочди” қиламиз. Бироқ, жиддий журналист бўлишни ният қилган талаба, аввало, матнни тўғри ёзишни ўрганиши лозим, сўздан ўз ўрнида фойдаланишни билиши шарт. Тўғри, ўзимиз ҳам “бадхатроқмиз” —чаласаводмиз, аммо маёқ сари интиламиз, зинҳор-базинҳор саробга қараб кетмасликка ҳаракат қиламиз”.
Ёзувчи ҳикояларини ўқиб қайтган талаба билан бўладиган суҳбат бош қаҳрамон ёки ёш қаҳрамон тўғрисида эмас, муаллиф муайян матнда фойдаланган сўз ҳақида кечар экан: қайси жумлани таҳрир қилиш мумкин, қайси сўзни у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа олиб қўйиш мумкин?..
Азизбек билан тиришқоқ талаба ўртасида бўладиган суҳбатни тахминан кўз олдимга келтирдим. Яна ўйладимки, агар уқувли талаба топилмаса, ҳикоялар даврасида Азизбек ўзи билан ўзи суҳбатлашиб, қизғин баҳслашиб ўтириши ҳам мумкин. Чунки қалами ёки тили тўмтоқ бўлиб қолишини истамаган истеъдод эгаси ҳар куни сўз устида ишлаши керак. Бу иш қандай кечади? Ҳар кимнинг таъби-табиати ҳар хил бўлади, демак, иш жараёни ҳам ҳар хил: кимдир ўзини қойил қолдирган сўз тагига чизиқ тортиб қўяди, кимдир ўша сўздан фойдаланиб тажриба ўтказади — қоғоз қоралайди ва ҳоказо… Муҳими — жараён тўхтаб қолмаслиги лозим.
Эсимда, Эркин Аъзамнинг матбуотда эълон қилинган бирорта янги ҳикоясини ёки нашр этилган китобини йўл-йўлакай Шукур Холмирзаевнинг боғчасига ташлаб ўтардим. Орадан бир-икки кун ўтгач, яна боғкўчадан ўтиб қолсам, Шукур ака гулзорини чопиқ қилаётган ё дарахтлар орасида куймаланиб юрган бўларди; зимдан қарасам, чеҳрасида табассум, ичида ўзи билан ўзи гаплашаётган бўларди. “Шукур ака, ички монологингизни қоғозга тушириб қўйсангиз бўлмайдими?” дердим ҳазил аралаш. “Вай, қайдан билдингиз?!” “Ана, гулларингиз ҳам ҳаяжонланиб бош тебратяпти-ку! Эгасининг меҳри товланиб турмаганда булар ҳам тумтайиб оларди!” “Тўғри-тўғри, — дерди Шукур ака кўзлари намланиб. — Лекин мен мақтасам ўзидан кетиб қолмасмикан деб қўрқаман”. “Оббо, топган гапингизни қаранг! Ахир Эркин Аъзам ёш бўйдоқ эмас-ку! Қолаверса, Эркин ака сизнинг мақтовингизга жуда ҳам зор бўлмаса керак”. Шукур ака бирдан тумтайиб оларди, бир юзу саксон даражага ўзгарарди-қоларди. Бундай пайтда гапни қисқа қилиб жуфтакни ростлаган маъқул.
Ўша пайтларда келтириб берганим “Пакананинг ошиқ кўнгли” китоби баҳонасида Шукур ака “Адабиёт” газетасида, янглишмасам, бир саҳифа мақола эълон қилган эди.
Менимча, танлаган мавзусига қарабгина ёзувчининг салоҳиятини, даражасини белгилаб бўлмайди.
Ўттиз-қирқ йил муқаддам Бойсунда ўрта мактабни битирган Гулсанам исмли қиз Тошкентга келиб ўқишга аҳд қилади. Унинг Бердибой деган тажангроқ акаси: “Тошкандда пишириб қўйган эканми?!” деб йўлини тўсмоқчи бўлади. “Сиз… ўтган асрдан қолган одамсиз, акажон!” деб ўз билганидан қолмайди ўжар сингил. Ориятли Бердибой ўз ёғига ўзи қоврилиб юраверади: “Ахир, шаҳар сенга аммангнинг уйими? Яхши бор, ёмон бор. Ёмон кўп! Кўза кунда эмас, кунида синади, синглим! Билиб бўладими, бўйни йўғон бирорта номард бошингни айлантирса… Фалокат босиб бирор лаънат орттирсанг-чи — иснод, етти пуштингга етадиган иснодга ботасан!.. Сингиллар ҳам шу яқин-атроф хеш-ҳамсояга узатилган бўлса — иссиқ-совуғу яхши-ёмон кун деган гаплар бор. Ў, қани бундай бўлса! Ана ўшанда меҳр-оқибат ҳам бошқача бўларди…”
Ўжар қиз эса икки оёғини битта этикка тиқиб туриб олади. “Э-э, билганингни қил!” деб қўл силтайди қолоқ ака.
Олтиариқлик Маъсума эса, ғойибона бўлса-да, айнан Бердибойнинг кўнглидаги сингил бўлиб чиқади. У куёв танламайди: “Бир вақтлар қалбининг тубида туғилган жингалак соч, келишган зиёли йигит — Маъсума билан боғларда қўл ушлашиб сайр этиши керак бўлган йигит қалбининг ўша ерида ўлиб, дафн этилган эди… Ўн саккизда уни Ражаббойга беришди… Маъсума ўн олти ёшлигида хаёлида чизган йигитдан унда бир нарса —жингалак соч бор эди. У Маъсумани яхши кўрар, истакларини бажо келтирарди. Китобларни ҳам у олиб келарди. Маъсума баъзан ёзган шеърларини Ражаббойга кўрсатар, у мийиғида кулиб қўя қоларди”. Сиртдан қаралса, ширингина оилавий ҳаёт бир маромда давом этарди. Аммо, кўза кунда эмас, кунида синади. Бир куни даладан ўт юлиб келиш Маъсуманинг эсидан чиқади, мол-қўй оч қолади. Маъсума эрига янги ёзган шеърини туҳфа этмоқни кўнглига тугиб, оқшом чўкишини сабрсизлик билан кутиб ўтиради. Ражаббой қоронғи тушганда ҳовлига кириб келадию: “Падарингга лаънат сендақа хотиннинг! Сигир очдан ўлай деб қопти! На ўт юлибсан, на уйдан бирон нима топиб солибсан! Дўмпайиб ётишингни қара!” дейди ғазабланиб.
Маъсуманинг кўнгил шишаси чил-чил синади. Агар воқеалар ривожи ғойибона давом эттирилса, келинчак ҳадемай ҳомиладор бўлади, кейин дард-аламини ичига ютиб яшай бошлайди ёки эри билан ажрашади. Ажрашмаса керак. Агар ажрашса, битта боласи билан кимга тегади? Хўп, хотини ўлган бирорта эркак топилиб қолар, лекин у ҳам сигирнинг оч қолишини асло истамайди-да!
Бойсунлик Гулсанамми, олтиариқлик Маъсумами ёки сайрамлик Шоҳсанамми, аравонлик Гуласалми, бунинг унчалик аҳамияти йўқ. Жуғрофий макон ўзгариши мумкин, замон ўзгариши мумкин, ҳатто қаҳрамонлар ўзгариши мумкин. Лекин кун тартибида турган муаммо ўзгармайди: инсоннинг қадр-қиммати топталган жойда, инсоннинг хоҳиш-истаги бир пулга қиммат бўлган жойда ҳузур-ҳаловат бўлиши мумкинми? Маъсумага ўхшаб тақдирга тан бергандан кўра, Гулсанам каби фақат феългинаси эмас, ўзгинаси ҳам бузилиб кетгани афзал эмасми?..
Гап ҳозир қанақа мавзуни ёритиш, қандай муаммони кун тартибига қўйиш тўғрисида кетмаяпти. Албатта, мавзу ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аммо қандай ёзиш керак деган гап бирламчи аҳамиятга эгадир. Нимани ёзишни билиш баробари қандай ёзишни ҳам билмоқ керак.
Муайян бир асарда кўтарилган муаммо ёзувчи томонидан нотўғри ҳал этилган бўлиши мумкин. Муаммо (конфликт) ечимини тўғри топиш юз фоиз ёзувчининг зиммасига юклатилган вазифа эмас, ўқувчига ҳам “уйга вазифа” қолдирилиши лозим.
Хўш, Эркин Аъзам қандай мавзуларни танлаб олади?
Эсингизда бўлса, Шукур Холмирзаевнинг “Ўзбек характери” деган ҳикояси бор. Унда ўзи емасдан, болаларига ҳам едирмасдан меҳмонларни зиёфат қилган камбағалгина ўзбек оиласи ҳақида гап кетади. Ёзувчи гўё меҳмондўстликни улуғлайди. Аслида, Шукур аканинг ўзи бундай зўрма-зўракиликни ёмон кўрарди; “қандай бўлсанг шундай кўрингин, қандай кўринсанг шундай бўлгин” деган ақида тарафдори эди. Ўша ҳикояда ҳам худди шундай “нимкоса” бор.
Маълумки, водийча меҳмондўстлик тўғрисида кўп гапирилади. Бу бежиз эмас, ҳақиқатан ҳам шундай. Лекин баъзан ҳаддан ташқари одоб ҳам, эҳтиром ҳам кишини ўртаб юборади, энсани қотиради.
Шу тобда қирқ йилдан буён қалам аҳли орасида оғиздан оғизга кўчиб юрадиган битта воқеа эсимга тушиб қолди. Шўро даврида донг таратган хўжалик раисининг уйига уч-тўрт киши оқшом чоғи меҳмон бўлиб боради. Меҳмонлар орасида республика газетасининг мухбири ҳам бор. Хонадон соҳиби дарҳол қўй сўйдиради, Қўқондан эл назарига тушган хонандани олдириб келади. Давра кенгайиб кетганини баҳона қилиб зиёфатни хўжалик боғида давом эттиради. Ўйин-кулги, аския авжига чиқади. Вақт алламаҳал бўлганда мезбон узр сўраб, уйига кетади. Маст-аласт меҳмонлар эрталаб уйғонса, хизматкорлар хийла маъюс тортган, магнитофон ҳам, радио ҳам ўчирилган, ҳамма оёқ учида юрибди. Меҳмонлар ювиниб-тараниб нонушта қиладилар. Сўнг меҳмондўст, қўли очиқ раисни сўрайдилар. “Кеча кечаси кампир оналари бандаликни бажо келтирган эди, ҳозир жанозада мотам тутиб ўтирибди”, деб жавоб беради хизматкорлардан бирови одоб сақлаб. Албатта, меҳмонлар ҳам жанозага боради, азадордан кўнгил сўрайди. Тошкентга қайтганларидан сўнг водийча меҳмондўстлик тўғрисида тўлқинланиб гапириб юришади. Ўша ҳангомани ўзим ҳам бир неча марта эшитганман, уни Эркин Аъзам ҳам эшитган.
— Бунинг нимаси меҳмондўстлик?! Ахир, раис меҳмонлар орасида мухбир борлиги учун, мухбирдан қўрққани учун зиёфатни қуюқ қилади-ку! Қолаверса, дунёда онадан азизроқ зот борми? Онаси уйда ўлиб ётган бир пайтда қайси аҳмоқнинг кўнглига зиёфат сиғади?! — деб жиғибийрон бўлади Эркин ака.
Шунга ўхшаган яна бир воқеа бор.
Ёши улуғ санъаткорлардан бири “Тафаккур” таҳририятига “ташриф буюриб”, машҳур ролларни ижро этган устози тўғрисида тўлқинланиб гапириб беради. Гапираётиб ўзи ҳам ролга кириб кетади.
— Шошманглар, мен сизларга битта воқеани айтиб бераман, — дейди терлаб-пишиб. — Устознинг биттаю битта, суюкли фарзанди бор эди. Ўша фарзанд оғир касалга чалиниб қолди ва бир оқшом вафот этди. Ўчакишгандек, айнан ўша оқшом устоз театрда бош ролни ижро этишлари лозим эди. Билетлар сотилган, томошабинлар тўпланган. Устоз сир бой бермасдан театрга боради, грим қилади, саҳнага чиқиб ролни ўйнайди. Спектакл тамом бўлгач, гримхонага кирадию ўкириб йиғлаб юборади. Сабаби сўраб-суриштирилса, бояги аҳвол маълум бўлади… Ана, санъатга фидокорлик! Ана, саҳнага садоқат!
Артистнинг ҳис-ҳаяжони бир оз босилгач:
— Кечирасиз-у, устозингизнинг ўша спектаклда дублёр-ўринбосари йўқмиди? — деб сўрайман энсам қотиб.
— Йўқ, устоз ўзига дублёр тайёрламасди. Чунки дублёр тайёрласа, ўзингиздан қолар гап йўқ, шогирди ўша ролни тортиб олиши мумкин. Театрда ҳам ўзига хос рақобат бўлади…
Эркин ака гапни дарҳол бошқа ёққа буриб, меҳмонга чой қуйиб узатади.
Меҳмон кузатилгач, Эркин ака бош чайқаб:
— Бу одам устозини ростдан ҳам яхши кўрадими, уни ҳурмат қиладими ўзи? Анави гапларни билмасдан айтиб юбордими ёки билиб гапирдими? —деб сўрайди.
— Риторик савол беряпсизми?
— Қўйсангиз-чи! Шу тобда риторикага бало борми?
Афсуски, ёши улуғ санъаткор ҳамма гапни сидқидилдан айтган эди.
Хўш, Эркин Аъзам “водийча меҳмондўстлик” тўғрисида ёки “санъатга садоқат” ҳақида ҳикоя ёзиши мумкинми? Ҳа, ёзиши мумкин. Лекин талқинни бир юзу саксон даражага ўзгартириб юборган бўларди. “Мумкин” деган мавҳум сўздан фойдаланиб, дарҳол изоҳ беришга шошиляпман: “мумкин” эди, лекин асло ёзмасди. Эркин Аъзам зийрак ўқувчининг ҳам ақли етадиган гаплардан муаммо ясаб, ҳикоя ёзиб ўтиришни ўзига эп кўрмайди.
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида қишлоқдаги мактабимизнинг кунботар томонида учбурчак шаклида экилган уч туп каттакон тол бўларди. Учинчи синфда ўқийдиган ўн беш бола танаффус чоғлари Чигитариқдан ҳатлаб ўтиб атай ўша толнинг катталигини ўлчаб кўрардик: бир-биримизнинг қўлимиздан ушлаб давра бўлсак ҳам толга қулочимиз етмасди. Тол остида темирчининг пастқам устахонаси жойлашган эди. Темирчи ўчоғида доим кўмир ланғиллаб турар, сандонга урилаётган болға товуши мактабдан ҳам эшитиларди. Темирчининг юзлари қип-қизил бўлиб, шоп мўйлови бор эди. Биз атрофида ўралашиб қолсак: “Нарироқ туринглар, кўзларингга учқун тегмасин”, дердию ишини давом эттираверарди. Узоқ-яқиндан чавандозлар келиб отларини тақалатиб кетарди, баъзан эшакларга ҳам тақа қоқаётганини кўрардик. Уста белкурак, кетмон, оташкурак ва бошқа рўзғорбоп буюмлар ясарди. Хуллас, қишин-ёзин қандайдир юмуш билан овора эди. Олтмишинчи йилларнинг охирларига келиб жамоа хўжалигида тракторлар кўпайиб қолди, қишлоқ газлашди. Шундан сўнг темирчига тушиб турадиган буюртмалар ҳам камайиб кетди. У кўпинча тол соясига шолча ташлаб, бошини қўлига тираб ёнбошлаганча хаёл суриб ётарди. Аҳён-аҳёнда чавандозлар отларини тақалатгани келиб қолмаса, уста уззу-кун хаёлга ботиб ўтираверарди. Кейинчалик у оиласи билан қаергадир кўчиб кетди. Чамамда, темирчиликдан бошқа иш қўлидан келмасди. Шу боисдан ҳунарига эҳтиёжманд жойларга кўчиб кетган бўлса керак. Қаранг, ҳунар кишининг киндик қони тўкилган жойидан ҳам азизроқ экан…
Кўпинча уста ёзувчиларни заргарга ўхшатадилар. Хусусан, атоқли таржимонимиз Низом Комил адабиётимизда ўчмас из қолдирган Абдулла Қаҳҳор тўғрисидаги мақоласини “Темирчининг заргар ўғли” деб номлаган эди. Низом Комилга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Лекин, менимча, сўз қадрини биладиган ёзувчи кўпроқ темирчи устага ўхшаса керак. Эҳтимол, Абдулла Қаҳҳорнинг отаси темирчи бўлгани учун ҳам машаққатли меҳнат муҳитида вояга етган ўғил келажакда “заргар” ёзувчи бўлган. Ҳартугул, ёзувчилик ҳунари кўп фойда келтирадиган заргарликдан кўра кўпроқ машаққатли меҳнат талаб қиладиган темирчиликка ўхшайди. Бу иш нечоғлиқ машаққатли эканини Устани яқиндан кузатган ёки унга шогирд бўлиб кўрган одам яхши билади (ҳаваскор шогирдлардан биттаси: “Мен сизнинг талабларингизга жавоб беролмас эканман, қўл остингизда ишлашга лойиқ эмасман”, деб ариза ёзиб кетганини биламан; ҳозир ўша “нолойиқ” ходим республика газетасини бошқаряпти).
Дарвоқе, ёз чилласида ҳам Эркин Аъзам ишхонада шиппак кийиб ўтиришни одат қилмаган, лекин боғчасида ҳар тонг ҳовузга тушиб маълум муддат чўмилганидан сўнг шиппак кийиб йўлакчаларда сайр этади, ҳафсаласи келса, бадантарбия билан шуғулланади. Шиппакларини янги мавсумда албатта алмаштиради, эскиларини янгамиз “кам таъминланган оила”ларга ҳадя этиб юборади. Баъзан Эркин ака негадир эски шиппакларини қўмсаб қолади: “Кўрмадингми, Юлдуз, қайси гўрга гумдон бўлди экан?” деб жиғибийрон бўлади. Салкам қирқ йилдан буён эрининг феълини беш қўлдай билиб кетган рафиқа беозоргина елка қисиб: “Кўзим тушмади, ўзингиз бирор жойга улоқтириб юборган бўлсангиз керак…” дейди. “Керакли буюмни нега улоқтирар эканман?! Ёки улоқтирганимни кўрганмисан?” Баъзан шунақа даҳанаки жанг пайтида устоз хонадонига кириб қолсам: “Мен кўрганман, битта шиппагингиз Космонавтлар проспектида метродан чиқаётган экан!” дейман жиддий туриб. “Палакни босманг, Наби!” деб ёлғондакам пўписа қилади Эркин ака. Албатта, гапни кўпайтирмайман.
Умуман олганда, Эркин ака пойабзални асраб-авайлаб кияди, яхши сақлайди.
“Душман оёққа қарайди, қорнинг оч бўлса ҳам оёқ кийиминг доим ярқираб туриши керак”, деб ҳисоблайди.
Дунё адабиётининг хазинабони Антон Павлович Чехов: “Мен, хоҳласам, бўсахонада лойга ботиб ётган этик тўғрисида ҳикоя ёзиб беришим мумкин”, деган экан. Дарҳақиқат, А.П.Чехов этик тўғрисида ажойиб ҳикоя ёзиб беришга қодир эди. Ўйлайманки, Эркин Аъзам ҳам “оғзи” очилиб қолган шиппаклар тўғрисида нордонгина ҳикоя ёзиши мумкин, лекин ёзармикан?..
Эркин Аъзам ишхонада, уйидаги иш кабинетида доим сигарет тутунига ботиб ўтиради. Қўл остида турган вараққа тикилиб ўйлангани ўйланган:
“Жувон қанчалик енгилтак бўлмасин, Бадалнинг қочириғини тушунди”.
Бу жумлага тикилиб нимани ўйлаш мумкин? Тўғри-ку, нимаси хато экан?
— Енгилтак одам қочириқни тушунмайдими?
— Тушунади.
— Бўлмасам, ёзувчи нега бундай ёзяпти?
— Тушунмайди деб ёзаётгани йўқ-ку, “тушунди” деб ёзяпти.
— Шунақами?.. Бу гапдан ё “енгилтак”ни йўқотиш керак, ёки “тушунча”дан воз кечиш керак. Чамаси, муаллиф “енгилтак” сўзини “дурочка” маъносида ишлатяпти, лекин матнда кўзланган маънони бермаяпти.
Эркин Аъзам ҳамиша излайди, ўйлайди ва топади. Лекин ниманинг эвазига топади? Ўпкасини қурум бостиради, юрагида санчиқ пайдо қилади.
Бундан ташқари, Эркин Аъзам учун мутолаа ҳам кони азобдан иборат: “Менинг икки опам уруш даврида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган эрларига садоқат сақлаб, бошқа турмуш қуришмади”.
Аслида ғализроқ, очеркбоп бу жумлада дастлаб, “бўлган” сўзидан кейин, ҳойнаҳой, вергул тушиб қолган бўлса керак, деб ўйлайди. Гапнинг давомини ўқиса, “опалар” эмас, поччаларнинг ҳалок бўлгани маълум бўлади. Агар уруш даврида Ватан ҳимояси йўлида “опалар” ҳалок бўлганда-ку, ҳикоя фавқулодда ҳодисага бағишланган, дарҳол ўқувчининг диққатини жалб этган бўларди. Умуман, бадиий асар кунда рўй бериб турадиган воқеа-ҳодисаларга эмас, камёб ҳодисаларга бағишланиши лозим. Адабиётнинг қонуниятларидан бири ҳам шунда.
“Эшик шовқинсиз очилгандаёқ қуш уйқусида ётган йигит чўчиб уйғонган эди”.
Демак, парда қимирлаган ёки эпкин юзини сийпалаб ўтган. Бу ерда ҳеч қандай “шовқин” йўқ, йўқ нарсага эътибор шарт эмас, йўқ нарса хаёлга ҳам келмайди. Агар жуда ҳам эшикдан шовқин чиқмаганига диққатни жалб этиш лозим бўлса, эшикнинг ошиқ-мошиғи мойланган эди, деб изоҳ бериш зарур.
“Бир жуфт эр-хотин мусича…”
Мусича эр-хотин бўлмайди, жуфт бўлади. Агар жинсига алоҳида эътибор бериш лозим бўлса, мусичанинг макиёни билан хўрозини фарқлаб турадиган ташқи кўринишига оид бирорта белги қайд этилиши керак.
“Пишиллаб ухлаб ётган тўрт яшар Эркин…”
Бола ухлаб ётибди, ҳали ҳеч ким уни уйғотиб, “ёшинг нечада?” деб сўрагани йўқ. Шундоқ экан, боланинг тўрт яшар эканини қаердан биламиз? Сиртдан қаралса, уч-тўрт яшар эканини пайқаш мумкин, лекин қатъиян “тўрт яшар” дейиш учун аниқ далил-дастак бўлиши зарур.
Илгари ўрта мактабларда иншо ёздирилса, “саводхонлик” ва “мазмун” учун алоҳида-алоҳида баҳо қўйиларди. Агар ўша тартиб қаламкашлар орасида ҳам жорий этилса, саводхонлик учун ҳалол “қониқарли” баҳо оладиган ёзувчи жуда кам чиқади. Мазмунни-ку қўлига қалам олган одам у ёқдан-бу ёққа тортқилаб эпақага келтириши мумкин, аммо саводхонликни маош олиб қўлёзма устида ишлайдиган муҳаррирлар ҳам эпақага келтира олмайди.
Айрим ҳикоялар сариқ, қизил рангли пуфакка ўхшайди. Ичига ҳаво тўлдириб шишириб қўйилган. Муаллиф ўқувчига сариқ пуфакни кўрсатиб: “Бу тонг чоғи тоғлардан мўралаб бош кўтараётган қуёш”, дейди. Сўнг қизил пуфакни кўрсатиб: “Буниси заволга оғиб бораётган офтоб”, дейди. Рамзий маънода сариқ пуфакни эзгулик тимсоли, қизил пуфакни эса ёвузлик тимсоли сифатида талқин этади. Эзгулик кўкларга кўтарилади, ёвузлик зулмат қаърига киритиб юборилади. Қарабсизки, лақма кўнгилда тўй-томоша бошланади:
“Сой бўйида мажнунтол ажаб-ажаб,
Сочларини ёйибди ажаб-ажаб…”
Эрта тонгда ёвузлик тимсоли этиб талқин этилган “қизил” қуёш заррин нур сочиб тоғлардан бош кўтариб балқиб чиқса, кечаси пуфакларни бошига қўйиб ухлаган болакай ҳайрат бармоғини тишлаб: “Воҳай бола, ёвузлик ҳам эзгулик каби кўринаверар экан-ку!” дея чинқириб йиғлай бошлайди.
Афсуски, ҳикоя тўй-томоша билан якунланган, муаллиф эса ишонувчан ўқувчини қандай юпатиш чорасини кўрмаган бўлади. Ҳикоя қолипига сиғмай қолган ҳаёт шўринг қургур муаллифни асло қизиқтирмайди.
Ҳикоя нуқсони нималарда кўринади? Аввало, қуёш мангулик тимсолидир, уни эзгуликка ҳам, ёвузликка ҳам ўхшатиб бўлмайди. Чунки эзгулик ва ёвузлик тушунчалари нисбий ҳисобланади. Нисбий тушунчалар эса Одам боласи ўйлаб топган “илмий ривоят”, холос. Қуёш ҳаёт тимсоли, ҳаётда эса эзгулик ҳам, ёвузлик ҳам ёнма-ён яшайди. Эзгуликни кучли-қудратли, ёвузликни кучсиз-нотавон тасаввур қилиш ҳаётни жўнлаштиришдан бошқа нарса эмас. Ҳаётда кўпинча буларнинг акси бўлади. Шу боис ўқувчини ҳаёт ҳақиқатига тик қараб мардона ҳаёт кечиришга даъват этган маъқур кўринади:
“Мажнунтол остига ўтқазинг мени,
Мен учун йиғласин,
Мен йиғлаб бўлдим…”
Донишманд Миртемир оппоқ бошини чангаллаб мажнунтол остида йиғлаб ўтирибди, у муқом қилиб рақсга тушишни хаёлига келтираётгани йўқ. Мардона яшаган зот ҳаёт билан мардона видолашади.
Хулосавий ҳақиқат шундан иборатки, ижодкор ўзида йўқ нарсаларни бошқаларга ўргата олмайди. Қолаверса, ижодкорнинг вазифаси фақат “ўқитувчилик” қилишдан иборат эмас. Ҳаётни имкон қадар бор бўйича кўрсатиб-тасвирлаб берса ҳам жуда катта гап.
Яқинда роппа-роса етмиш-кетмиш ижодкорнинг ҳикояларидан иборат салмоқли тўплам нашр этилди. Китобхон сифатида мен бундай тўпламларни харид қилмайман, фақат ўзим ёқтирган адибларнинг китобларини алоҳида-алоҳида сотиб оламан. Лекин умумий тасаввур ҳосил қилиш учун ёки умумий тасаввурни “аслига тўғрилаб олиш” учун бундай тўпламларни ҳам мутолаа қилиш керак экан. Мутолаадан сўнг ўзимча хомчўт этиб кўрсам, дунёдан ўтиб кетган улуғ устозларимизни истисно қилганда, етмиштадан еттитагина том маънода саводли ёзувчи бор экан. Бу ерда имло саводи тўғрисида эмас, адабий савод — адабий савия ҳақида гап кетаётгани ўз-ўзидан тушунарли бўлса керак. Ўша ғалвирда қолган еттита ёзувчини ҳам хаёлан Эркин Аъзамнинг назаридан ўтказиб кўрсам, ишонасизми-йўқми, иккита ёзувчи қолди! Иккинчи ёзувчининг ҳикоясини синчиклаб ўқиб қарасам, анча-мунча жойига қалам уришга тўғри келди, таҳрирбоп ўринлари кўп экан. Охир-оқибат биттагина ёзувчи қолди, холос.
Жин урсин, Азизбек ҳам адабиётни балодек тушунар экан-ку!..
Деразага тикилиб кўчадан биров келишини кутиб ўтирган одамга эса Вақт бир жойда тўхтаб қолгандек туюлади. Кимнидир, ниманидир интизор кутаётган одам Вақтни жонлантириб, уни битта-яримта эзма махлуқ йўлида тўхтатиб қолган бўлса керак, деб ўйлайди. Ваҳоланки, бизнинг Вақт тушунчамиз ҳам, масофа ёки тезлик ҳақидаги тушунчамиз ҳам нисбийдир. Биз бир жойда михланиб ўтирган чоғимизда Ер шари — Она сайёра бир сонияда (кўз очиб юмгунча) салкам ўттиз минг чақирим масофани босиб ўтади. Бир йил давомида Қуёш атрофида парвона бўлиб юрадиган Ер 149,6 милён чақирим масофани босиб ўтиб, шамсия йил ҳисоби бўйича Наврўз бўсағасига етиб келади. Ер фақат Қуёш атрофида айланмайди, ўз ўқи атрофида ҳам айланади, кеча ва кундуз шу айланиш натижасида содир бўлади. Бир йил бадалида Ер қанча “йўл юради”? Бир мучал давомида босиб ўтилган йўлни узунасига ўлчаб бўладими? Беш мучал масофани узунлик бўйича ўлчаш керакми ёки тезлигини ҳисоблаб чиққан маъқулми? Балки, рақамларни абжадга ағдариб (“син” — س) арабий имлода таърих қулфини ясаб, калитини белбоққа қистириб юрганимиз жўяли кўринар… Нима бўлганда ҳам от айланиб қозиғини топади, Ер беш мучал айланса ҳам барибир ҳар йили Наврўз остонасидан бир марта ҳатлаб ўтади. Наврўздан сўнг қиш бўлмас, у ёғи баҳор. Дўппини бир айлантиргунимизча баҳор ҳам ўтади, ёз бошланади. Роҳатибадан енгил кийимларга, шиппакларга эҳтиёж пайдо бўлади. Асад ойида офтобнинг тафти авж нуқтада муаллақ бўлиб туриб қолади. Узум пишади, пишиқчиликни кўриб кўзларимиз тўяди. Кейин ариқларда сувлар тиниқлашиб сунбула бошланади. Сунбуладан сўнг мезон. Мезондан сўнг ёз бўлмас… Шукрки, мезонгача анча бор. Олдин асадга кириб борамиз. Асад пишиқчилик мавсумининг ўртаси ҳисобланади, гўё умрнинг ҳам ўртасига ўхшайди. Асад — шайин, тарозининг шайини. Бир палласи баҳорга тобин, бир палласи кузга тобин. Кузга тобин палла охир-оқибат оғирлик қилади. Вақтни тўхтатиб бўлмайди. Хазон фасли бошланади ва беихтиёр Бобуршоҳ боғларда хазон фаслига нохос йўлиқиб чоғир базмини ихтиёр этиб, бор дунёни унутмоққа ҳарчанд уринганини эсга оламиз. Кошкийди, одам ўзини унутар даражада маст бўлиб Вақтни тўхтатиб қолишнинг уҳдасидан чиқса! Азим чинор шохларидан чирт-чирт узилиб тўкилаётган заъфарон япроқлар, жажжи қизалоқнинг сочлари мисоли турмаклаб айвон шифтига осиб қўйилган пиёз боғламлари аллақачон куз келганидан дарак бераверади. Илиги тўқ одам, бағри бутун одам хазон фаслидан асло қўрқмайди, қаҳратон совуқларидан ҳам қўрқмайди. Боз устига, уйга сандал қуриб “Алиф лайло ва лайло” эртакларини ўқиб ўтирадиган пайт келгунча ҳали анча бор. Ҳозир эса ғаллазордаги алмисоқдан қолган, титиғи чиқиб кетган, бошидан телпаги тушган, иштонсиз ёғочоёқ “қоровуллар”ни кўриб шунчаки кулибгина қўйиш мумкин…
Яна сарлавҳага чиқарилган саволга қайтаман: Эркин Аъзам қандай ёзади? Бу саволга узил-кесил жавоб бериб бўлмайди. Негаки, адабиёт бир жойда тўхтаб қолмаганидек, Эркин Аъзам ҳам бир жойда депсиниб тургани йўқ. У доим ҳаракатда: ўйлайди, излайди, топади. Топиб ўрни-ўрнига қўйилган сўзлари ҳам мустақил ҳаракатини бошлайди. Бу сўзлар бизни-да ҳаракатга келтиради: ўйлашга, излашга, топишга ундайди. Ўйлайманки, ўзбекча ёзишни истайдиган қаламкаш юз-юз эллик йилдан кейин ҳам Эркин Аъзам асарларига қайта-қайта мурожаат этаверади. Чунки у битта, биргина нусхада, холос.
Дарвоқе, қишлоғимиздаги темирчи ҳам ёлғизу ягона эди.
2010 йил 18 феврал

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...