Ишончимиз комилки, кўпчилик
детектив ишқибозлари муайян асарга ёзилган «сўзбоши»ни ҳам, «сўнги сўз»ни ҳам
ўқишмайди. Чунки улар шу тобда ўзларини қизиқтираётган саволларга бари бир жавоб топа олмасликларини
билади. Хўш, Жорж Сименоннинг ушбу
китобини, айтайлик, «Мегрэ ва винофуруш» романини мутолаа қилган кишини нима
қизиқтиради? Сезиб турибмиз, ҳозир сиз: «Жильбер Пигунинг кейинги тақдири нима
бўлдийкин?» деб ўзингизча бош қотирмоқдасиз. Мабодо: «Бу саволга жавоб беришдан
ожизмиз» десак, «Ана айтмаганмидим!» дея чуқур уф тортасиз. Лекин, минг
афсуски, ҳафсалангизни пир қилишга мажбурмиз – ростдан ҳам, шу тобда сизни
қийнаётган саволга бари бир қониқарли жавоб қайтаролмаймиз.
Негаки:
1.
Детектив мавзудаги ҳар қандай бадиий асар суд ёки прокуратура маҳкамаларидаги,
жиноий қидирув бўлимларидаги «шахсий
дело»лардан бутунлай фарқ қилади – ҳақиқатни искович итлар ёки моддаларни
тўтиқушдек ёдлаб олган «ола таёқлар”
эмас, балки ақл-идрокли ҳуқуқшунослар аниқлайди.
2. «Мегрэ
ва винофуруш» романи Ж. Пигунинг қўлига кишан солиниши билан якунланади.
«Жильбер Пигунинг кейинги тақдири нима бўлдийкин?» деган саволга Жорж
Сименоннинг новбатдаги романидан жавоб топиш мумкин эди. Аммо Ж. Сименон янги
асарни ниҳоясига етказмади: 1972 йилнинг охирларида у ижодий ишлардан совуди,
безиб қолди. Кейинчалик у роман ёзишни бутунлай йиғиштириб қўйганини расмий
равишда эълон қилди. Шундай қилиб «Оскар» деб аталган романи чала-ярим ҳолида
ёзув столида қолди.
Жорж Сименон бадиий асар ёзишни бас
қилган бўлса-да, умрининг қирқ йилдан ошиқроқ даврини ўзи ўйлаб топган
персонажлар «ичида» яшашдан, дунёга уларнинг нигоҳи билан қарашга сарфлашдан
зерикканига қарамай, «оғзаки китоблар»
яратишдан – диктафонга қараб сўйлашдан чарчагани йўқ: у ўн йил мобайнида ўзи
билан ўзи гаплашиб, «кекса кишининг охирги эрмаги билан овуниб» (Жорж
Сименоннинг ибораси) ўтириб, сўнг магнитофон лентасига ёзилган
хотираларини шахсий котиблари ёрдамида
қоғозга кўчириб, устидан баҳоли қудрат таҳрир қилиб йигирма битта хотиралар
китобини чоп этди.
Жорж Сименоннинг хотиралари ўз
шакл-шамойили, мазмуни жиҳатидан одатдаги «таржимаи ҳол»ларга мутлақо
ўхшамайди. Ёзувчи баъзан ўзининг ҳаёти,
бошидан кечирган оғир кунлар ҳақида батафсил сўзлайди. Бахтсизлигидан нолийди.
Айниқса, восвос касалига мубтало бўлган суюмли қизи Мари-Жо 1978 йили ўзини ўзи
ўлдирганидан кейин отанинг қадди қаттиқ букилди.
У Марини ниҳоятда қобилиятли
бўлганини, нозик кўнгил эканини, келажакда балки шоирми, санъаткорми бўлажагини
бот-бот такрорлайди. Надоматлар бўлғайким, ўн гулидан бир гули очилмаган
қизгинасидан фақат сўнгги васияти ёзилган бир парча қоғоз қолади, холос:
«Ўлганимдан кейин менинг жасадимни куйдириб, ҳокимни боғимиздаги майсалар
устига сепинглар!»
Бундан ташқари, Сименон узоқ йиллик
ҳаётий тажрибалари асосида поёнига етган ҳақиқатларни, юрагининг тубига чўкиб
қолган дардларини темиртан суҳбатдошига айтишга ҳаракат қиляпти. Айни пайтда
дунёдаги барча халқларни бирдек ташвишлантираётган уруш ва тинчлик масаласига
актив аралашмоқда, қуролланиш пойгасини кескин қораламоқда.
Демак, юқоридаги гаплардан маълум
бўлдики, сизнинг хаёлингизни чулғаб олган саволга (Жильбернинг кейинги тақдири
нима бўлдийкин?) бари бир қониқарли жавоб қайтаролмаймиз. Чунки суд қанақа ҳукм
чиқаражагини комиссар Мегрэ билади, холос. Аммо, тақдир ҳазилини кўрингки,
худди сизу бизга ўчакишгандек комиссар Мегрэ ҳам истеъфога чиқиб ўтирибди.
Наҳотки Мегрэ пенсия ёшига етган бўлса? У Жиноят қидирув полициясида қачон иш
бошлаган эди ўзи?
1930 йили ҳаваскор қаламкаш (у
турли-туман газеталарга илова тарзида ёки алоҳида китоб ҳолида чоп этиладиган
тўпламларга олди-қочди мавзуларда икки юздан ортиқ «ишқий достонлар» ёзиб
берган эди) Жорж Сименон Париждаги “бели бақувват” ноширлардан саналмиш Фаярга
Жиноят қидирув полициясининг оддий инспектори Жюл Мегрэ ҳақидаги дастлабки
романини ўқитиб кўради. Қўлёзма билан танишган ноширнинг энсаси қотади: чунки
Сименоннинг асари кўп йиллардан буён ўзи ўқийвериб ўрганиб ва ўқувчилар китоб
дўконларидан талашиб-тортишиб харид қилиб оладиган детектив романларга унчалик
ўхшамасди. Лекин ношир Сименоннинг романи анъанавийликдан йироқ бўлгани учун
муаллифнинг юзига эшик ёпмайди. Ҳатто муаллифга: «Асарингизни яхши тушунмадим,
балки ўзингиз тушунтириб берарсиз, а?» деб, кесатиқ ҳам қилмайди. “Бўпти,
таваккал қиламиз, оғайни! Мана шу йўсинда яна уч-тўртта роман ёзинг-чи, биз
ҳаммасини келаси йили нашр қилиб, бахтимизни синаб кўрамиз. Лекин китобингиз
инқирозга учраса, нашриётга харажат ҳақини тўлайсиз!” дейди. 1931 йилда
шартнома бўйича “Фаяр” нашриёти Жорж Сименоннинг бешта романини китоб ҳолида
чоп этади. Ўз-ўзидан равшанки, Сименоннинг китоби тез кунларда сотилиб кетади.
Бундан илҳомланган ёш ёзувчи зўр бериб Париждаги полиция бошқармасида... ҳаётни
ўрганади ва уч ярим йил мобайнида Мергэ ҳақида ўн тўққизта роман ёзади. Кези
келганда бир нарсани айтиб ўтиш керак шекилли: полициячилар орасида Мегрэнинг
прототипи йўқ эди. Мегрэ – Сименоннинг хом хаёли, орзуси, армонидир. Маълум
бўляптики, Мегрэ Жиноят қидирув полициясида 1931 йилдан то 1972 йилгача ҳалол
хизмат қилган – қирқ йилдан ортиқ меҳнат стажига эга. Бошқача қилиб айтганда,
бу давр ичида Жорж Сименон Мегрэ ҳақида саксонта роман ёзади. Мегрэ эса
оддийгина полиция инспектори даражасидан то энг оғир жиноятларни фош қиладиган
қидирув бригадасининг комиссари лавозимигача кўтарилади.
Француз ёзувчилари азал-азалдан
маҳсулдорликлари билан машҳур. Лекин, Оноре де Бальзак, Виктор Гюго, ота-бола
Дюмалар, Эмиль Золя, ака-ука Гонкурлар ҳам маҳсулдорлик “мусобақа”сида Жорж
Сименоннинг чангида қолиб кетишди: у ҳаммаси бўлиб 214 та роман ёзди. Юқорида
таъкидлаганимиздек, шулардан саксонтаси комиссар Мегрэга бағишланган. Умуман
олганда, Мегрэ ҳақидаги романлар Жорж Сименон номини жаҳонга танитди. Ж.
Сименон асарлари дунёдаги чет элларга энг кўп таржима қилинган машҳур
ёзувчиларнинг, спорт шарҳловчилари таъбири билан айтганда, «кучли бешлиги»дан
ўрин олган. Устига устак, у ўзидан кейин олтинчи ўринда бораётган «команда»дан
шу даражада илгарилаб кетганки, XXI асргача уни биров қувиб етиши даргумон.
Қайтанга XXI асрда Сименон ўзидан олдинги ўринлардаги баъзи бир ёзувчиларни
қувиб етиши тахмин қилинмоқда. Сименон яратган комиссар Мегрэнинг бу қадар
тилларда достон бўлиб кетишига сабаб нима?
Ж. Сименон суҳбатларининг бирида:
«Самарадорликка интиладиган ҳар қандай ёзувчи дуч келган жойдан ранг-баранглик
қидиради. Мени эса ўхшашлик ўзига кўпроқ тортади. Мен омонат ўлчовларга эмас, собитликка, абадиятга –
турли-туман мамлакатларда яшайдиган одамлар учун бир хил бўлган мезонларга
қизиқаман», деган эди. Эҳтимол, Сименон назарда тутаётган «мезонлар»дан биттаси
ЭЗГУЛИК деб аталар? Балки, унинг яна битта номи АДОЛАТдир? Зотан, «Адолат
борлиққа ёлғиз онадир». Дарҳақиқат, комиссар Мегрэ доимо эзгуликни − «кўзлари
нам яралган» эзгуликни ҳимоя қилади, адолат учун тинмай курашади. Ва
охир-оқибатда у ҳисобчига қараб: «Сизга ишонишади, − дейди секингина, − лекин
қоидаси шунақа. Етиб борганларингиздан кейин кишанни ечиб олишади». Албатта,
қамоқхонада ўтирган маҳбуснинг қўлини кишанлаб қўйиш шарт эмас. Лекин қонун
олдида комиссар Мегрэ ҳам ўзини ночор сезади. У ўзи истамаган ҳолда қотилликка
қўл урган Жильбер Пигуга тасалли бериш билан чекланади, холос. Ижтимоий
адолатсизликка барҳам беришдан Мегрэ ҳам ожиз. Қирқ йил давомида мазлумлар,
ожиз кимсалар йиқилса – суяб, қоқилса турғазиб келган комиссар Мегрэ ниҳоятда
ҳолдан тояди, аранг оёқда туради. Чунки ЁВУЗЛИКнинг ижтимоий илдизини топади –
бу ТЕНГСИЗЛИК эди. Шубҳасизки, «турли туман мамлакатларда яшайдиган одамлар»
тенгсизликдан бир хил азобланадилар. Шунинг учун ҳам дунёдаги барча мазлум
халқлар комиссар Мегрэни севадилар.
Баъзи бир
атоқли сўз санъаткорлари кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даҳшатли воқеаларни ҳикоя
қиладиган детектив ёзувчиларга менсимай қарайдилар. Жумладан, улуғ рус ёзувчиси
Л. Н. Толстой фожиявий воқеаларни детектив тарзда ҳикоя қиладиган И.
Гоффманнинг асарларини ўқигач: «Доим қўрқитмоқчи бўлади-я, ярамас. Лекин мен
сира ҳам қўрқмайман», деган эди дарғазаб бўлиб. Жорж Сименон ижодига эса Андре
Моруа, Франсуа Мориак сингари атоқли ёзувчилар юксак баҳо беришган. Америкалик
машҳур санъаткор, халқаро Нобель мукофотининг соҳиби Уильям Фолкнер эса:
«Сименон асарлари нимаси биландир менга Чехов ҳикояларини эслатади», деган эди.
Албатта,
Жорж Сименон асарларида комиссар Мегрэ образи пайдо бўлиши билан детектив
жанрида тубдан қайта қуриш бошланди, дея олмасак-да, лекин бу борада сезиларли
ўзгаришлар рўй берганини қайд этмоқ даркор. Чунончи, комиссар Мегрэ машҳур
инглиз ёзувчиси Артур Конан Дойл яратган афсонавий Шерлок Холмсдек фақат
жиноятга, аниқроғи, қотилликка алоқадор кўз илғамас далил-исботларни топиш
билан чекланиб қолмайди. У кўпинча жамиятнинг юқори табақалари билан, уларнинг
тубан ахлоқи билан тўқнашади. Мана шу тўқнашув жараёнида сармоядор кимсаларнинг
асл башаралари намоён бўлади. Меҳнаткаш халқ вакиллари эса доимо маънавий
жиҳатдан ниҳоятда бой эканликларини исботлайдилар. «Қозонга яқин юрсанг қораси
юқар» деганларидек, баъзан «ўз кучи билан кун кўрадиган» меҳнаткашларга-да
жамиятнинг иллати тегади. Жорж Сименон ўз романларида ҳаётни бутун
мураккабликлари билан тасвирлашга интилади. Шу жиҳатдан олиб қаралса, ушбу
китобдан ўрин олган «Мажестик» меҳмонхонасидаги қотиллик» романи айниқса
диққатга сазовордир.
Муҳтарам
китобхон, сиз романни ўқидингиз. Энди унинг мазмунини қайтадан гапириб беришга
ҳеч қандай ҳожат бўлмаса керак. Биз фақат бир нарсани эслатиб ўтишни истардик.
Агар эътибор берган бўлсангиз, «Мажестик» меҳмонхонасидаги қотиллик» нимаси
биландир Иван Буниннинг 1915 йилда ёзилган «Сан-францисколик жаноб» ҳикоясига
ўхшайди. Ҳар икки асарда марказий қахрамонлардан бири – америкалик миллионер.
Улар «бўш вақтларида» кўнгилхушлик қилиш учун Европага келадилар. И. Буниннинг
ҳикоясидаги америкалик жаноб мўйсафид – икки кам олтмишга кирган, оилалик,
битта қизи ҳам бор. У умр бўйи ўларига ҳам қарамай ишлаган: пул тўплаган,
бойлик орттирган. Ниҳоят, у дунёни кезиб чиқишга, лаззатланишга аҳд қилади.
Ҳатто кўнглининг бир чеккасида онаси ўпмаган неаполлик қизалоқларнинг
«муҳаббатидан татиб кўриш» нияти ҳам йўқ эмас. Лекин сан-францисколик жаноб
тўсатдан ўлиб қолади. Шундай қилиб,
жарақ-жарақ пулларни совуриш ниятида саёҳатга чиққан жанобнинг армони
ушалмайди. «Мажестик» меҳмонхонасига қўнган мистер Кларк эса ўн йилча аввал
ниятига етган: у меҳмонхонада хизмат қиладиган энг гўзал раққосани ўзи билан
эргаштириб кетади ва унга уйланади. Ошиқу беқарор Проспер Донж эса «чапак
чалиб» қолаверади.
Шу ўринда
машҳур француз ёзувчиси Проспер Мерименинг қуйидаги сўзлари беихтиёр ёдга
тушади: «Менинг фикримча, хотин зотини икки гуруҳга ажратиш мумкин: 1) жонингни
фидо қилсанг арзийдиган жононлар. Ростини айтганда, бундай аёл дунёда йўқ,
лекин, излаган одам – топади, деган нақл бор; 2) баҳоси 5 франкдан 40 франкгача
бўлган фоҳишалар. Улар орасида баъзан «лахм гўшти» ҳам учраб қолади». Аслини
олганда, Проспер Донж кўнгил қўйган маҳбуба жонингни койитишга ҳам арзимайдиган
махлуқ эди. У кўпдан бери бирорта бойваччани «илинтириб» олишни кўзлаб юрган
«лахм гўшт» эди, холос. Лекин шўрлик Донж дунёдаги барча лақма ошиқлардек ақлу
ҳушидан айрилади – Мимининг чиройига нон ботириб емоқчи бўлади гўё. Мими эса
қулай имконият туғилиши биланоқ сармоядор ўйнашининг этагидан маҳкам тутади.
Балки, мистер Кларк бир оқшом «кўнглини шод этган» жононини чинакамига севиб
қолгандир? Билмадик. Бу томони бизга қоронғи. Фақат бир нарса аниқки, мистер
Кларк ёпишқоқ раққосадан осонликча қутула олмаслигини билади. Охири обрўйи
тўкилишидан қўрқибми ёки бошқа бир хаёл биланми, ишқилиб, Мимига уйланади.
Орадан анча-мунча вақт ўтгач эса хотинидан ажралиш пайига тушади: айнан шу
ниятда у яна Парижга келади, «Мажестик» меҳмонхонасига қўнади. Ва кўҳликкина
мураббия билан хилватгоҳларда дон олишиб юради. Кутилмаганда америкалик
жанобнинг хотини меҳмонхона ертўласида бўғиб ўлдирилади. «Отнинг ўлими – итнинг
байрами» деганларидек, бу фожиа мистер Кларкни унчалик ташвишлантирмайди. У
мураббия билан кайфу сафо қилиб юраверади. Мимини ким ўлдиргани ҳам ва нима
учун ўлдиргани ҳам уни қизиқтирмайди. Фақат базму жамшидларни аъзага
айлантиришмаса бас. Чунки у Европага тўсатдан ҳалок бўлган хотинининг тобути
устида юм-юм йиғлаб ўтириш учун эмас, балки жарақ-жарақ пулларини совуришу
шаҳвоний нафсини қондириш илинжида ташриф буюрган. Кўриниб турибдики,
сан-францисколик жаноб билан дитройтлик мистер Кларк моҳиятан бир-биридан
унчалик фарқ қилмайди. Аммо сиртдан улар бир-бирларига мутлақо ўхшамайди:
сан-францисколик жаноб кексайиб, қўйдай юввош бўлиб қолган; мистер Кларк эса
эндигина қирққа кирган – қирчиллаган паллада, кўзига қон тўлган, ҳатто ўзини
болтага уришдан ҳам тоймайди. Хуллас, Гоголь, Достоевский, Чеховларни севимли
ёзувчилари қаторида тез-тез тилга олиб
турадиган Жорж Сименон атоқли рус
ёзувчиси Иван Бунин ҳикоясидан таъсирланган бўлиши мумкин. Қолаверса, И.
Буниннинг ўттиз йилдан ортиқ муҳожирликдаги умри Парижда кечган. 1933 йили Франциянинг барча вақтли матбуот органлари
муҳожир рус ёзувчисига халқаро Нобель мукофоти
берилганини тантанали равшда нишонлаган эди. Жорж Сименон ўша йллари
адабиётга эндигина мустақил қадам қўйган бўлиб, адабиёт оламидаги фавқулодда
ҳодиса муносабати билан Нобель мукофоти лауреати ижодини синчиклаб ўрганиб
чиқиши табиий ҳолдир. Кези келганда, Сименон романида америкалик миллионер
образи тасодифан пайдо бўлмаганини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Сименон ўн йил
мобайнида Шимолий Америкада – дастлаб АҚШда, сўнг Канадада истиқомат қилган.
1955 йилдагина Швейцарияга бутунлай кўчиб келади. Иккинчи жаҳон уруши арафасида
Сименон Америка Қўшма Шитатларида севиб ўқиладиган ёзувчиларидан бири эди.
Ҳатто АҚШнинг ўша пайтлардаги президенти Франклин Рузвельт ҳам комиссар
Мегрэнинг мухлиси бўлган экан. Кунларнинг бирида президент ўзини қўриқлайдиган
полисменларга комиссар Мегрэ ҳақидаги романларни тақдим этади ва: «Бу
китобларни ўқинглар-да, унда ёзилган методларни ўрганинглар!» дейди. Шундан
кейин ноширлар кимўзарга Сименон романларини чоп эта бошлаганини тасаввур қилиш
унчалик қийин эмас, албатта. Лекин, инсоф юзасидан тан олиш керакки, Ф.
Рузвельт комиссар Мегрэнинг мухлиси бўлмаган тақдирда ҳам, Сименон бари бир
Американи эртами-кечми забт этиши аниқ эди. Чунки у урушдан кейин Американинг
турмуш тарзи билан яқиндан танишади, ўзининг бир қанча романларини цивилизация
«гуллаб-яшнаётган» мамлакатга бағишлайди.
Аслида,
адабиётда теша тегмаган мавзунинг ўзи йўқ. Агар астойдил қидирилса, Шекспир
трагедияларидан ҳазрат Алишер Навоий «биринчи бўлиб» ишлатган ташбеҳларни,
образли ибораларни, ҳатто бутун бошли сюжетларни топиш мумкин. Биз Ги де
Мопассаннинг «Азизим» романи билан Жорж Сименоннинг «Мегрэ ва винофуруш» романидаги туташ
нуқталарга ўқувчи диққатини жалб этмоқчимиз.
«Ҳақиқий
санъаткор ҳар бир янги китоби билан ҳали забт этилмаган чўққи сари гўё из
тушмаган сўқмоқ бўйлаб сафарга отланиши даркор. Ҳеч бўлмаса, кимдир ўзидан
илгари ҳам юрган-у, лекин сўнги манзилга етиб боролмаган йўлдан юриши лозим.
Агар адабиёт яратиш ўтмишда ёзилган, аъло даражада ёзилган мавзулар ҳақида сал
бошқачароқ ёзишдангина иборат бўлганда эди, ҳамма иш хамирдан қил суғургандек
битарди-қўярди», деган эди Эрнест ХЕМИНГУЭЙ. Демак, «из тушган» сўқмоқ бўйлаб
ҳам юриш мумкин. Маълум маънода (чунки Хемингуэй бутун бошли китоб ҳақида
гапирмоқда, биз бўлсак ўша китобнинг бир қисмини ташкил этадиган образ
тўғрисида сўз, фикр юритамиз) Сименон Мопассаннинг қадами етган «овлоқ гўша»ни
четлаб ўтолмайди: ҳазрат Навоий ибораси билан айтганда, у Мопассан «панжасига
панжа уради». Маълумки, Жорж Дюруа («Азизим») уччига чиққан жувонбоз. У
мансабдор шахсларнинг хотинлари, қизлари, жазманлари орқали аста-секин олий
табақаларнинг ишончини қозонади. Амалдор эрларнинг пинжига, шаҳватпараст
аёлларнинг эса қўйнига кириб олади. Шу йўл орқали, фақат ана шу йўл орқали –
чунки у иқтидорсиз журналист – пойтахтдаги энг нуфузли матбуот органининг Бош
редактори даражасига кўтарилади. Дю Руа бутун «таланти»ни ишга солиб...
хотин-халажларнинг кўнглини овлайди. Энг сўнгги мақсадига эришиш учун эса
бирваракайига она-боланинг талабини қондиришга «мажбур» бўлади. Эскичасига
айтганда, она ўз қизига кундош бўлиб қолади. Хуллас, Жорж ўз мақсадига эришиш
учун жирканч йўлни танлайди. Чунки жирканч жамиятда фақат жирканч йўллар
билангина мақсадга етишиш мумкин. Винофуруш Оскар Шабю ҳам жувонбозлик борасида
«устози»га дарс беради. Лекин у Жорж сингари бирор мақсадга эришиш илинжида
бузуқчилик билан шуғулланмайди. Балки, у фоҳишабозликни касбга айлантириб
олган. Эҳтимол, унинг касби винофурушликдир? Ундай бўлса, фоҳишабозлик унинг
ҳунари экан. У Азизимдан ҳам бадбинроқ. Чунки унинг ахлоқи – ахлоқсизликдир: у
ҳаммадан қудратли эканини намойиш қилиш учун кўнгли тусаган кўчага юради. Охири
ахлоқсизлик ЁВУЗЛИККА айланади. Жильбер Пигу ёвузликни отиб ўлдиради.
Шундай қилиб, Сименон ўзидан илгари
Мопассан етиб борган сўнгги манзилда бир оз нафасини ростлаб олгач, «из
тушмаган сўқмоқ бўйлаб сафарга отланади». Винофуруш қисматидан билдикки, сафар
ниҳоятда оғир кечади, «ҳамма иш осонгина хамирдан қил суғургандек» битмайди.
* * *
Биз ўзбек
китобхонлари қирқ йилдан буён жаҳон адабиётида граф Монте-Кристо, Шерлок Холмс сингари ажойиб изқувар комиссар
Мегрэ образи яратилганини билмай юраверибмиз. 1985 йили «Шарқ юлдузи» журнали
Жорж Сименоннинг «Мажестик» меҳмонхонасидаги қотиллик» романини эълон қилиб,
хўп савоб ишни бошлаб берди, детектив шинавандаларидан роса олқиш олди. Бир
ҳисобда, ҳеч бўлмаганидан кўра, кеч бўлгани дуруст. Сирасини айтганда, Жорж
Сименоннинг романлари, яъни, «соф» детектив асарлар таржимонларимизнинг
назаридан четда қолганининг объектив сабаблари ҳам йўқ эмас. Биринчидан,
детектив жанр пайдо бўлган, хусусан, Артур Конан Дойл яшаган давр билан ХХ
асрнинг сўнгги чораги ўртасида фан-техника мисли кўрилмаган даражада тараққий
этди: ҳозирги замон «изқуварлари» ЭҲМлар билан қуролланган. Улар тоғ-тоғ
статистик маълумотларга таянган ҳолда нафақат муайян жиноятчини аниқлайдилар,
ҳатто керак бўлса, 1990 йилда Италияда бўладиган футбол бўйича XIV Жаҳон
чепионати пайтида қанча миқдорда «қорадори» сотилажагини-да бемалол «прогноз»
қила оладилар. Иккинчидан, классик шаклдаги детектив асарлар ҳозирги замон
ўқувчисига ниҳоятда жўн-примитив туюлиши мумкин. Шунинг учунмикан, кейинги
пайтларда детектив жанри
«мустақиллигини» йўқотиб, «мустамлака» – «иқтисодий жиҳатдан қарам»
жанрга айланиб бормоқда. Дунёдаги бир қатор етакчи реалист ёзувчиларнинг
ижодида детектив жанрининг «дурагай» формалари кўзга ташланяпти. Бунга
Колумбиялик машҳур сўз санъаткори Гарсиа Габриэл Маркеснинг истисносиз ҳамма
асарлари ёрқин мисол бўла олади. Шундай бўлса-да, ҳали детектив жанирга мослаб
кафан бичмай туриш керак шекелли. (Акс ҳолда шоввоз изқуварлар детектив
жанрининг қотилини бари бир излаб топадилар!) Жорж Сименон романлари ҳам
детектив жанрининг умри боқийлигидан далолат бериб турибди.
(Жорж Сименон, Комиссар Мегре, Ғафур Ғулом
номидаги Адабиёт ва Санъат нашриёти, Тошкент, 1988 йил. Сўнгсўз.)
Комментариев нет:
Отправить комментарий