понедельник, 19 февраля 2018 г.

Машрабхонлик этади давом (эсдалик)

Кейинги пайтларда матбуотда бетакрор сўз заргари Машраб Бобоев тўғрисида бир қатор хотира-мақолалар эълон қилинди. Ўйлайманки, Машраб акани яқиндан биладиган одамлар устоз тўғрисида ҳар қандай ёзма маҳсулотни бажонидил мутолаа қилса керак. Камина ҳам Машраб Бобоев ва унинг даврадошларини билардим.
Кичик бир эпизод эсимда.
Бир куни Сирдарёдан Тўра Сулаймон атайлаб Дўрмонга (Ёзувчилар боғига) келди. Тўра ака яп-янги “ГАЗ-31” маркали, эски райком котиблари юрадиган енгил машинага кўч-кўронини юклаб юрадиган бўлган эди. “Мирзачўл булбули” (у кишига Ғафур Ғулом қўйган лақаб шунақа) уч-тўрт кун Ижод боғида қолса керак, энди ҳар куни битта дастурхонда ўтирсак, иншооллоҳ, ўзига шубҳали кўринган котлетларини менинг косамга солиб қўяверади, гуруч овқатни ҳам санчқи билан чалақчай қилиб менинг олдимга суриб қўяди, мен бўлсам: “Тўра ака, товуқдек овқатни тити-пити этиб ҳадеб чувалчанг излайверманг! Емасангиз, индамай нари суриб қўйинг, тамом! Нима, гуруч орасидан чўчқанинг думчаси чиқиб қолади деб ўйлаяпсизми?!” деб ҳазил қилардим.
Тўра акани кўрган заҳотим тамшаниб қўяман. Пастдаги ўзбек совет адабиётининг асосчилари сиймоси кавшарланган жигарранг панно рўпарасидаги ўриндиқда бирпас нафас ростлаймиз. “Тўра бува”нинг (бу лақаб-мурожаатни унга дўстимиз Асқар Маҳкам қўйган) шахсий шофёри Шамсиддин ҳамон машинадан тушмасдан ўтирарди.
– Қоратойга жавоб бериб юборавермайсизми? – дедим.
– Йўқ, қани, кийининг, бир жойга борамиз.
– Хўп, – деб Ижодкорлар меҳмонхонасининг учинчи қаватига чиқиб, бирпасда кийиниб тушдим.
Тўра ака “ГАЗ-31”нинг орқа ўриндиғига ястаниб ёнбошлаб олибди. Машинанинг олдига ўтирдим, шофёр йигит билан сўрашдим.
– Ҳайкун, – деди Тўра ака тожикчалаб. – Ҳайда.
У баъзан нутқига тожикча қисқа-қисқа сўзларни қўшиб одамларни қойил қолдирмоқчи бўларди. Тожикча сўзларни қаердан ўрганиб олар экан десам, Тўра буванинг Иброҳим исмли тожик синфдоши бор экан. Чамаси, Иброҳим жўрасидан керакли сўзларни сўраб билиб олса керак.
Қибрайдан шаҳарга кетдик. Дархонга бориб, асосан ёзувчи-шоирлар истиқомат қиладиган тўрт қаватли ғиштин бино ёнида тўхтадик. Мен айрим адибларнинг уйларига илгари борганман, бу уйда яшайдиган кўпчиликни танийман.
Енгил машина бинонинг бу бошида тўхтади. Тўра ака машинадан тушди.
– Бир четга олиб қўй, – деди шофёрига.
Қўлимга битта тугунча тутқазди. Ичида нима борлигини билмайман. Қўйнинг нимталанган битта сони бўлса керак, деб тусмол қилдим.
Иккинчи ё учинчи подъезддан юқори қаватга лифтда кўтарилдик. Қия очиқ турган эшикдан жўрттага баланд товуш чиқариб йўталиб-йўталиб ичкари кириб борди. Залдан майинроқ мусиқа товуши эшитиларди, ҳофиз қўшиқ куйларди. Беш яшар бола кўриниб, югуриб ошхона тарафга ўтиб кетди. Бу орада Тўра ака туфлисини ечиб, менга бошдан-оёқ маъноли қараб-қараб қўйди. Билдим, ҳайратланиб савол беришимни кутяпти. Индамадим. Ўзимни таниш жойга келгандек тутдим. Тўра ака бош чайқади. Яъни, мени қойил қолдира олмагани учун ёлғондакам хафа бўлди. Шу чоғ залнинг очиқ турган эшигидан нохос Машраб ака чиқиб қолди. Машраб ака ростакамига ҳайрон бўлиб остона-бўсағада киприк қоқмасдан туриб қолди, унинг юз-кўзларидан Тўра акани кутмаётгани билиниб турарди. Машраб ака бошини бир ёнга ташлаб жилмайди ва қучоғини кенг очиб Тўра ака томон кела бошлади.
– Ие, ие! Тўра ака, қадамларига ҳасанот! – деб қучоқлашиб кўришди. Ошхона томонга бошини буриб янгамизнинг исмини айтиб чақирди.
Ошхонадан янгамиз чиқиб келгунча Тўра ака ҳам Машраб акани бағридан қўйиб юбормади, қулоғига бир нималар деб пичирлади. Машраб аканинг кўзлари яшнаб, яшариб кетди.
– Раҳмат, Тўра ака! Раҳмат, оғажон! – деб шивирлади Машраб ака.
Ошхонадан қўлини сочиққа артиб янга чиқиб келди. У киши Тўра ака билан синашта одамдек ҳол-аҳвол сўрашди. Мен қўлимдаги тугунчани янгамга узатдим.
Мен қўл узатган чоғимда Машраб ака бағрини очди. Биз қучоқлашиб кўришдик, ҳол-аҳвол сўрашдик.
Мезбон бизни залга бошлади. Узун столга дастурхон тузалган эди. Шундагина қандайдир тадбирнинг устига келганимизни тусмол қилдим. Тўра ака ҳеч қандай изоҳ бермаган эди, мен ҳам тақичилаб ўтирмадим.
Иссиқ чой келтирилди. Машраб ака чойни қайтарди. Бир пиёладан қуйиб узатди. Сўнг чойнакни ўзим олиб, уларнинг суҳбатига қулоқ солиб ўтирдим. Ора-орада Машраб ака:
– Сиз бизга қараманг, Набижон, бемалол, тортинмасдан олиб ўтиринг! – деб дастурхонга даъват қилиб қўярди.
Улар Гулистон театрида Машраб аканинг “Ўттиз ёшлилар” пьесасининг қандай саҳнага қўйилганини, ажойиб инсон ва талантли режиссёр Маҳкам Муҳаммедов тўғрисида тўлқинланиб гапиришарди. Айниқса, Тўра ака Маҳкам Муҳаммедовни эслаганда: “Шол бўлиб ётиб қолган кампир онасини етти-саккиз йилдан буён оқ ювиб-оқ тараб юрган инсон, иншооллоҳ, жаннатнинг энг тўридан жой олади!” деб алқарди. Машраб ака ҳам Тўра Сулаймоннинг гапларини астойдил тасдиқларди.
Магнитофонда ҳофиз “Кетма, баҳор” қўшиғини айта бошлади. Бу қўшиқнинг сўзини Тўра ака ёзган эди. Машраб ака магнитофон товушини кўтариб қўйди ва нариги хона томонга қараб:
– Анвархон, ўғлим, бу ёққа қараб юборинг! – деди. Ўғил ичкаридан чиқиб биз билан бир-бир сўрашди. – Битта эси бор укангга айт, муюлишга бориб фалон номерли “ГАЗ-24” машинасига кўз-қулоқ бўлиб турсин. Ўша машина кўринган заҳоти, югуриб чиқиб менга айтсин!
– Хўп, – деб Анвар ташқарида ўйнаб юрган бирорта “эси бор укаси”ни излаб чиқиб кетди.
Суҳбат мавзуси тўнғич Анваржонга, сўнг Фарғонага кўчди. Маълум бўлишича, Анваржон негадир Фарғонадаги педагогика институтига ўқишга кирибди. Энди у бир-икки йил ўша ерда ўқиши керак экан, сўнг ўқишини Тошкентдаги бирорта олий ўқув юртига кўчириш мумкин бўлар эмиш.
Ҳофиз куйлаяпти. Тўра Сулаймон билан Машраб ака чорак аср давомидаги хотираларини мароқ билан эслаб ўтиришибди. Улар оға-инидек бир-бирига меҳрибон эди. Машраб ака Сирдарёга бориб Тўра аканинг хонадонида кўп бора меҳмон бўлган, оға дастурхонидан туз тотган экан.
Суҳбат қизиб кетди. Бир пайт пастдан ёш боланинг товуши қулоққа чалинди. Лекин бу товушга Машраб ака ҳам, Тўра ака ҳам эътибор бермади. Ошхонадан янга чиқиб: “Қаранг, хўжайин, ўғлингиз бир нарса деяпти”, деди. Янга ошхонага чиқаётиб, ташқаридан кириб келган қандайдир меҳмонга: “Келинг, кираверинг, ичкарида ўтиришибди”, дейди.
Шунда Машраб ака сакраб туриб магнитофонни ўчириб, лентасини алмаштириб қўяди: энди Рауф Парфи сўзи билан “Лайло” деган қўшиқ айтиб машҳур бўлиб кетган ҳофиз жарангдор товушда куйлай бошлайди. Шу чоғ ичкарига қорачадан келган “Лайло” ижрочиси кириб келади ва:
– Ҳа, ҳорманглар, уялмасдан рақибимнинг қўшиқларини вадаванг қилиб эшитиб ўтирибсизларми?! – деб пичинг қилади.
– Йўқ, худо ҳаққи, биз фақат сизнинг қўшиқларингизни эшитамиз! – дейди Машраб ака қўлларини кўксига қўйиб.
– Бўлмаган гап, ёлғон гапирманг! Ўзим пастда туриб эшитдим, – дейди баттар қорайиб кетган ҳофиз.
– Ишонмасангиз, ана, Тўра акам айтсин, биз фақат сизнинг қўшиқларингизни эшитяпмиз, – деб узр сўрайди Машраб ака. У иссиқ чой кўтариб кирган Анваржонга норози қараб қўяди.
– Майли, – деб заҳарханда қилади ҳофиз, – бугун сиз чақалоқсиз, ҳарқанча шўхлик қилсангиз ҳаққингиз бор. Илойим, умрингиз узоқ бўлсин, болаларингизнинг бахтини кўринг! – Ҳофиз юзига фотиҳа тортиб, Тўра акадан ҳол-аҳвол сўрай бошлайди.
Дастурхонга суюқ овқат тортилади. Суҳбат хийла давом этади. Тўра ака мезбондан изн сўраб ўрнидан туради. Машраб ака бизни кузатиб пастга тушади. Ҳаммамиз самимий хайр-хўшлашдик.
Ўша куни Машраб аканинг туғилган куни экан. Эшитишимча, давранинг “асосий қисми” ичмайдиган ошна-оғайнилар келиб кетганидан сўнг бошланибди…
Кейинги кўришганимизда Машраб ака: “Раисимизнинг Шарифахон исмли котибаси бор. Ниҳоятда яхши қиз, сиз шу қизга уйлансангиз, кам бўлмайсиз. Бир кўринг!” деди астойдил. “Хўп”, дедим. Лекин атайлаб Раиснинг қабулхонасига боришга қулай баҳона тополмадим. Илгари Шавкат Раҳмон ўша жойда ишларди; Шавкат ака ишдан бўшагач, у ёққа бориб юрсам, гўё “рақибнинг тегирмонига сув қуйиб юрган”дек таассурот қолдиришим мумкин эди.
* * *
Ҳурматли Нортўхта ака, мен бу мақолани газетангизда эълон қилинган (2013 йил 12-сонида) хотирангизни ўқиганимдан сўнг қоғозга туширяпман. Хотирангиздаги айрим ўринларга аниқлик киритиш лозимдек туюлди.
Биринчиси. Эркин Аъзамнинг “Жавоб” қиссаси муносабати билан нақл қилинган парча менга баҳсли туюлди. Ўша парчадан кўчирма келтираман:
“Эркиннинг “Жавоб” қиссаси “Ёшлик”да босилган кунлар эди.
Рулда – Машраб ака, ёнларида – Эркин.
Пушкин метроси ёнидан ўтиб бораётган эдик.
– Эркин! – дедилар Машраб ака, машинани хотиржам ғизиллатиб бораётиб. – Қаҳрамонингиз “сен”… “сен” деб хаёл суради. Бир ўйлаб кўринг: ўқувчига эриш туюлиши мумкин.
– Ўз-ўзига-ку?!
– Йўқ, барибир!..
– Ўз-ўзини “сиз”лаб хаёл сурса, ўртага нимадир тушгандай бўлмайдими? Қайтага, ўқувчини ўзидан узоқлаштиради-ку?!
– Йўқ, аксинча!.. Сен қулоққаям, тилгаям, дилгаям ёқмайди… Тўғрими, Нортўхта?
Мен, ҳали аниқ бир қарорга келолмай, иккиланиброқ:
– Тўғри, – дедим.
Лекин, барибир, Эркин қўшилмади.
Ўзим эса ўшандан бир неча йиллар аввал, – “Хоразм ҳақиқати”да ишлаётган давримда “Кўнгил кўчалари” деган бир ҳикоя ёзиб, “Мухбир”да эълон қилдирганимни, энди ўшани, кўнглим тўлиб-тўлмай, “Бугуннинг эртаси” номи билан “Мўъжиза” деб аталган китобчамга киритаётганлигимни ўйлаб, баҳсга аралашмай, жим қолдим: ҳикояда айни баҳсга дохил ихчамгина бир тавсиф бор эди…
Кейинроқ, китоб нашрга тайёрланаётган арафаларда ҳикояни Машраб акага бердим. Эртаси, я х ш и, дедилар. Лекин, нимаси я х ш и л и г и н и айтмадилар.
Барибир, “Бугуннинг эртаси” билан боғлиқ бир ғашлик кўнглимда қолганича, китоб нашр қилинди.
Ҳикоянинг қаҳрамонлари дилимга яқин… ўзим таниган-билган – бошқача кишилар эдилар.
Ахийри, яқин-яқинларда – ҳикояни “Буни ҳаёт дейдилар” деган номда қайта сайқаллаётган кунларимда – академик Саид Шермуҳамедовнинг кенжа шогирдларидан бири –ЎзМунинг аспиранти – қўнғироқ қилди: унинг “Ҳайитлик” ҳикояси “Карвон қўнғироғи”да эълон қилинган эди. Таҳрир ёққан эмиш, ҳаяжонланиб, раҳматлар айтди.
Ростиси, ўшанда муаллифдан ҳам кўра кўпроқ ўзим хурсанд бўлгандирман.
Ҳикоя муаллифининг ҳаяжонларидан завқланганимнинг сабаби шундаки, “Ҳайитлик” қаҳрамонининг мунақашасидаги барча “сен”ни “сиз”га ўзгартирган эдим. Ёш қаламкашнинг ҳар қандай инжиқ қаламкашга ишонч ва ҳаяжон бағишлагувчи эътирофидан, ниҳоят, кўнглимда кўпдан бери кутганим – бир қаноат ҳиссини туйганман: боиси, бундан чорак асрдан аввалроқ Машраб ака ҳамда Эркиннинг кескин баҳсларидан бери холис фикр, шунинг баробарида, адолатли ҳукм ҳали-ҳануз менга зарур эди. Жуда!.. Аспирант укамнинг қўнғироғидан кейин, ўз-ўзимни чекламай, кўнглим яйрар даражада “Буни ҳаёт дейдилар”ни сайқаллаганман.
Нокамтарлик бўлса-да, минг эшитгандан кўра, бир кўрган афзалроқ, деганларидек, мана, ўша сатрлар, ўқинг-чи: мудроқ ҳислар ўз-ўзича жумбушга келиб, баҳри дилингизни бир нималардир чулғаб олаётгандай туюлади. Ва, беихтиёр нимагадир ташналигингизни, азиз бир кимингизнидир меҳрига ҳам чанқоқлигингизни юрак-юрагингиздан ҳис этасиз-да, ҳали-ҳамон барига эришадигандек, яйраб энтикасиз.
Ана энди барча “сиз”нинг ўрнига “сен”ни қўйиб ўқисангиз, қулоқ билан юрак масаласини қўя қолайлик, ҳар гал “сен”ни ўқиётганингизда, тилингиз тишларингизга, ҳатто, танглайингизга дўқ-дўқ урилаётганини ҳам сезиб, энсангиз қотаверади.
Шунақа: Машраб ака ҳар бир сўзнинг рангини, ҳидини, таъмини, ҳаттоки, феълини ҳам нозик ҳис қиладиган; хоҳ шеъриятига, хоҳ драмаларига бўлсин, алланиманингдир қутқуси ва ёки даъвосида тирғалган ҳар қандай маҳмадана шотирнинг баридан чандон устун, – негаки, шотирлар асарнинг асл моҳиятини барибир яратгувчиси англаганидай ҳеч қачон англаёлмайдилар, – ҳассос шоир, гўзал ёзувчи эдилар”.
Кўчирма тамом.
Бу ерда ўттиз йил муқаддам бўлиб ўтган воқеалар тўғрисида гап кетяпти. Албатта, хотирада айрим жузъий ноаниқликлар бўлиши мумкин. Муҳими – моҳият ўзгариб кетмаса бас. Менимча, “Жавоб” муносабати билан эслаб ўтилган парчада моҳият ҳам қисман ўзгарган кўринади. Мен ҳатто ўзимнинг хотирам ҳам панд бериб қўйиши мумкинлигини ҳисобга олиб устоз Эркин Аъзамдан шу масала юзасидан қисқагина изоҳ беришини илтимос қилдим. Мана, ўша изоҳ:
“Нортўхта ҳақиқатан ҳам бўлган воқеани эслаган. Лекин бу воқеа айнан кимнинг машинасида содир бўлганини эслай олмайман. Машраб ака мен ёзган нарсалар тўғрисида доим жўяли фикр билдирарди. “Байрамдан бошқа кунлар” қиссамга муҳаррир бўлган. Ҳа, айнан Нортўхта айтган “сиз” ва “сен” олмошларини ўз ўрнида қўллаш борасида Машраб акадан сабоқ олганимни ҳам яхши эслайман. Сабоқ олган одам устоздек инсон айтган ҳамма гапга ҳам қўшилмаслиги мумкин. Бироқ, ўша гапни ўйлаб кўради. Мен ҳам Машраб аканинг ўша гапини ўша ҳолатда тўғри ёки нотўғри эканини дафъатан қабул қилмаган бўлсам-да, лекин доим ижодимга хайрхоҳ бўлиб юрган инсонга безрайиб туриб: “Йўқ, қўшилмайман!” демаган бўлсам керак. Зотан, мен Машраб акани доим самимий ҳурмат қилганман. Қолаверса, мен ҳеч қачон ўз асарларим тўғрисида юксак фикрда бўлмаганман (камтарга камол)…”
Эркин Аъзамнинг изоҳи шундай. Дарвоқе, Нортўхта ака “Хоразм ҳақиқати” газетасида ишлаб юрган кезларида “Кўнгил кўчалари” номли ҳикоя ёзиб, “Мухбир” журналида эълон қилганини, сўнг уни “Бугуннинг эртаси” деган янги ном остида тўпламида чоп этганини алоҳида таъкидлайди.
Биз биламизки, мустақиллик йилларида Машраб ака биринчи ўзбек миллий сериали бўлмиш “Кўнгил кўчалари”ининг сценарий муаллифи бўлган. Балки, Нортўхта акамиздан сериал номини “ижара”га олгандир. Агар ижарага олмаган бўлса, демак, “таворуд” ҳодисаси рўй берган бўлиши мумкин (маълумки, мумтоз адабиётимизда икки шоир бир-биридан бехабар битта мавзуда бир хил шеър яратиб қўйса, “таворуд” ҳодисаси рўй беради).
Нортўхта ака “Кўнгил кўчалари” ҳикоясини эслатибди-ю, номи масаласида унга изоҳ бериб ўтишни унутибди. Бу воқеага ҳам изоҳ берилиши лозим.
Нортўхта ака, Эркин Аъзамнинг изоҳи Сизнинг хотирангизни тўлдиради. Машраб ака ҳам аниқликни яхши кўрарди. Умид қиламанки, изоҳ Машраб ака сиймосини янада ёрқинроқ тасаввур этишимизга ёрдам беради.
Яна бир гап. Машраб аканинг Муин Бсисуга бағишланган шеърлари масаласида ҳам аниқлик киритилиши лозим бўлган ўринлар бор экан. Нортўхта ака устоз Машраб Бобоевнинг келажак авлодга ўрнак бўладиган моҳиятига жуда тўғри урғу беради. Дарҳақиқат, Машраб ака Сўз Заргари эди, том маънода миллатпарвар ижодкор эди. Ҳозир Нортўхта ака мақоласидан кўчирма келтириб, сўнг фикримизни давом эттирамиз:
“Машраб аканинг ўнлаб китоблари орасида “Мен билган сир” шеърий тўплами бошқаларига нисбатан турли даврларда битилган шеърлари билан анча бойитилган. Уларни ўқиган сайин ўқигингиз келаверади. Қайта-қайта ўқиб, теран ўйлар сурганингиз сари, ҳаяжонингиздан бот-бот кўзларингиз чақнаб, шоирнинг маҳоратига, санъаткорлигига қойил қолаверасиз.
Тўпламдаги шеърларнинг бари, “Йўл бўйидаги аёл” достони ҳам, ҳатто, барча даврлар адабиётининг даҳоси Расул Ҳамзатовдан қилган таржималари ҳам бир-биридан гўзал. “Султон ва унинг икки вазири ҳақидаги шеър”лари эса содда, самимий, халқчил эртак йўлида ёзилган. Шеър бундан салкам чорак аср аввал эмас, ҳозиргина яратилгану ҳали сиёҳи ҳам қуримагандай туюлади ўқувчига. Ўқиётиб, ҳам ҳайратга тушаверасиз, ҳам даҳшатга!..
Зеро, ўз замонасидан ўзиб яшаш камдан-кам ижодкорга насиб қилади. Бинобарин, тўпламдаги бари шеърлар ўзғирлиги билан, умрзоқлиги билан бугуннинг шеърхонига ҳам, шоирига ҳам ибратдир.
Тўпламда оҳангги ҳам, ифодаси ҳам бошқача яна бир шеър бор – “Муин Бсису: икки шеър” деб аталган. Машраб Бобонинг бундан аввал нашр қилинган “Бағишлов” номли китобларида “Муин Бсису”нинг остига 1981 деб ёзилган. Лекин, иккинчи шеър берилмаган.
Аслида, “Мен билган сир”да чоп этилган ҳар иккала шеър ҳам ўтган асримизнинг етмишинчи йиллари аввалида ёзилган. Буни мен Машраб акамнинг ўзларидан эшитганман.
Биз биламизки, ўтган асрнинг етмишинчи йилларида бунақа шеърларни ёзиш ҳам, матбуотда эълон қилиш ҳам… деярли қатағон сиртмоғини ўз бўйнига ўзи солиши билан баробар эди.
Шеър битилган кунларда остига Машраб БОБОЕВ таржимаси деб ёзиб, Фаластин шоири Муин Бсису номидан “Тошкент оқшоми”да эълон қилдирганлар. Мен ушбу далилларни, келажакнинг синчков машрабшуносларига асқотар, деган умидда атай таъкидлаётирман.
Ниҳоят, саксонинчи йилларда вазият сал юмшай бошлагач, миллатимизнинг мудроқ, карахт, асрлар давомида беадат қўрқитилган руҳи бир силкингач, Машраб Бобоев юрак ютиб – ҳақиқатнинг қарор топмоғи учун, “Бағишлов” китобларига шеърнинг асл эгаси – ўз номларидан киритганлар. Аммо-лекин, ўшанда ҳам иккинчисини эмас… Гап шундаки, иккинчиси шунчаки бир оддийгина шеър эмас, йўқ, ҳали-ҳамон мурвати бураб қўйилган бомбанинг ўзгинаси… Биринчи шеър эса бирдан шеърхонни жумбушга келтиргувчи оҳанг авжида шундай бир ғамгин, аламли бир савол билан бошланган:
Миллатни ким йўқотади,
Қизим?
Миллатни ким йўқотади,
Ким?
Қон ютиб қон қусаётган юракларни беаёв тирнагувчи ушбу саволга хассос шоир Машраб Бобоев сатрма-сатр айни ҳақиқат каби жаранглагувчи жавобларни бир-бир битгач, шеър ниҳоясида бамисоли ҳукмнамо бир шафқатсиз хулосани қайд этганлар:
Таъқиб қилиб, қилиб қатағон,
Тинчимаган босқинчилар ҳам,
Йўқотолмас миллатни асло!
Дарахтни қурт, темирни ер занг,
Четдан келмас бошингга бало,
Ҳар бир бало чиқар ўзингдан.
Миллатни ким йўқотади,
Ким?
Билдингми,
Қизим?
Не аламки, бугун биз, кўксимизда сўнгсиз аламлар билан, бунинг гувоҳи бўлаётирмиз”.
Машраб аканинг “Ёшлик” (1984 й. №5) журналида эълон қилинган “Барҳаёт виждон” мақоласи (Мақолани мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин) бундан 30 йил илгари эълон қилинган бўлса-да, ҳали долзарблигини йўқотмаган. Фаластин шоири Муин Бсису шеърларини жигар қонини аралаштириб ўзбекчага ўгиргани учун ҳам “Ташриф қоғози” китоби худди ўзбек тилида ёзилгандек ўша пайтларда қўлма-қўл ўқилган эди, ҳозир ҳам Муин Бсису тўпламини варақласангиз, беихтиёр аъзои баданингизда чумоли ўрмалаётгандек бўлади.
Гап Машраб аканинг таржималари мавзусига келиб тақалган экан, Валентин Катаевнинг “Хаёл чечаклари” (русча номи “Трава забвения”, шекилли) номли хотира китобини қандай қилиб ўзбек тилида қайта ёзганига шахсан менинг ақлим бовар қилмайди.
Тўра Сулаймон бекорга Машраб акани ўзининг укасидек яхши кўрмасди.
Биз ҳам Машраб акани ўз оғамиздек ҳурмат қилардик, яхши кўрардик.
Машраб ака кимнинг қандай иқтидорга эга эканини ҳам жуда яхши биларди. Фақат ҳар кимнинг башарасига ойна тутиб: “Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама!” деб дакки беришни ёқтирмасди.


Машраб аканинг адабий мероси саралаб эълон қилинса, ишонаманки, юртимизда қайтатдан машрабхонлик бошланади. Бунга асло шубҳа йўқ.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...