понедельник, 19 февраля 2018 г.

Ғўзапоя минган бола (Эртакдек ҳикоя)

Ҳовлимизга кираверишда, дарвозанинг чап томонида каттакон тош бор. Узоқдан силилқ кўринади. Яқинроқ келсангиз, бужир-бужир: кичкиналигида чечак чиққан – ўшанинг изи… Билсангиз, шу тош меники.
У энамдан бесўроқ ўйнагани кетиб қолмайди, мушуги тешиккулчасини еб қўйган боладек аразлаб ётаверади. Жаҳлим чиқиб, тепсам ҳам индмайди… На дардини айтади, на йиғлайди! Манови кирпига ўхшаб тумтайиб олгани-чи!
Дарров тошни унутаман, энам оёқ-қўлимни ювиб ўринга тиқиб қўймагунича шу кирпига термилиб ўтиравераман. Юришини кўрмоқчи бўламан-да. Игналарига помидор санчиб қўйсам ҳам, барибир – юрмайди.
– Эна, кирпининг оёғи борми?
– Бор.
– Нега бўлмаса манови юрмаяпти?
– Оёғининг панд беришини билиб турибди. Шунинг учун калласини ишлатяпти.
– Ие, калласи ҳам борми? Кўринмаяпти-ку…
– Калла кўз-кўз қилинадиган ўйинчоқ эмас, калла – ишлайди, билдинг!
– Ишлаётган бўлса, шовқини эшитилмаяпти-ю?
– Кирпининг калласи тарактирмидики, ишлаётганда шовқин чиқарса, аҳмоқ!
– Ҳа-а… эсимдан чиқибди.
Мен кампирлар даврасида кўп бўламан. Шунинг учун “тоғдан” гап бошлаб қўйиб, “боғдан” давом эттириб кетавераман. Одатда, кампирлар шунақа қилишади.
Тошимнинг эси кўп, ичи ғиж-ғиж ақл. Шокирнинг қари итига ўхшаб ухлагани ухлаган. Менинг эсим сал камроқ – кўп ухламайман. Шокир мендан ҳам кам ухлайди – эси йўқ ҳисоб. Тошим эслигина. Ирилламайди, суяк ташлаган кишининг оёғини ҳам яламайди. Шокирнинг ити доим шунақа қилади. Лекин, қўрқоқ. Тикилиброқ қараб қўйсангиз – бас, дарров жуфтакни ростлаб қолади. Тошимнинг устига миниб ўтиришни яхши кўраман. Шокирнинг ити эса миндирмайди, сўрининг тагига қараб қочади. Қулоғидан, думидан тортқилаб чиқармоқчи бўлсам, ғингшийди, вангиллайди, ярамас.
– Итти қийнаманглар! – деб бақиради Шокирнинг энаси.
– Ўзи қочиб кетмасин-да. – Шокир йиғламсирайди.
– Ит эшак бўлсаки, устига минсанг! Яна мингашганинг нимаси!
– Авазнинг тоши қочиб кетмайди-ку!
– У – тош, ит эмас, эшак!
– Эшак эмас, тош… – дейман хафа бўлиб.
– Эшак! Эшак ҳам эмас, қўтос! – дейди Шокирнинг энаси тутақиб.
– Қўтос эмас, тош!
– Бор-э, турқинг қурсин! Кап-катта одам билан гап талашади-я, аргиндик! Бети йўқ, уятсиз!
– Шокирингизни тошимга миндирмайман…
– Миндирмасанг миндирма, қуриб кетсин ўша тошинг! Ёғи артилмаган “тириллоқ” бўлгандаям бир нави эди ордона қолгур! Тошига миндирмасмиш!.. Ана, ўзининг ити бор – минаверади.
– Қизғанчиқ, қиз бола! – Энасининг ён босаётганини пайқаган Шокирвой шартта ёқамга ёпишади.
– Ўзинг қиз бола!
– Мана сенга!
– Ҳой, хулиган, чотига ёпишма! Ғирром!..
Олишув Шокирнинг бурни қонашию энасининг сўридан тушиб, дағдаға қилиши билан якунланади. Қочаман. Шокир ортимдан қувлайди.
– Қоч-қоқ! Ўл-а, қўрқдинг-ку! – дея чапак чалади Шокир.
– Энангга айтгин, бурнингни артиб қўйсин, Тарзан!..
Ўзимнинг тошим яхши. Шокирнинг ити тош эмас, эшак! Эшак ҳам эмас, қўтос!
Кечга яқин Шокир келади. Энасининг қутисидан бир дўппи ёнғоқ ўмарибди. Хурсанд, оғзи қулоғида.
– Яна калтак егинг кепқолдими?
– Аваз ўртоқ, ёнғоқ емайсанми?.. Ўзим чақиб бераман.
– Нега емас эканман, сени қара-ю…
– Тошингга минди-ир…
– Майли, мингаш. Фақат белимдан ушламай ўтирасан. Биласан-ку, қитиғим бор. – Шокир ёнғоқ чақиб, мағзини менга битта-битталаб узата бошлайди. – Ўртоқ, қаерга ҳайдай?
– Масковга.
– Бензиним кам.
– Яна ярим дўппи олиб чиқсам-чи?
– Бир дўппи!
– Хўп, фақат бугун эмас… Ёнғоқни кўп ема, товушинг битиб қолади.
– А-а, – дея бепарво қўл силтайман, – жин ҳам урмайди, ўрганиб кетганман.
– Дўппингни бер бўлмаса, энам ухлаб ётибди, кириб опчиқай.
– Судралиб юрма тағин, кетиб қоламан-а!
– Зув этиб кираману зув этиб чиқаман.
– Кўзингни оч, қўлга тушиб қолмагин!
Шокир зум ўтмай қайтиб келди. Мамнун.
– Хўш, оғайни, тўппа-тўғри Масковга ҳайдайми, ё Ҳиндистонга қўниб ўтамизми?
– Ҳиндистонда нима қиламиз?
– Ҳинд чойи керак эмасми?
– Мен чой ичмайман, қаймоқ яхши.
– Ундоқ бўлса, колхоз пермасига тушиб ўтамиз.
– Э-э… бўлмайди. Пермада сигирлар арқонсиз юрармиш, Мамир акам айтган. Сузонғичига дуч келсак борми!.. Аваз ўртоқ, тошинг бугунча от бўлақолсин, майлими? Бирам кишнагим келяптики!..
– Бўпти, қизилларнинг оти бўлади.
– Босмачиларникиям зўр: ви-и-ий!..
– Уларники дарров ўлиб қолаверади – ёмон.
– Барибир чопағон, қизиллар етолмайди.
– Етиб олишади, қочиб қаёққа ҳам боришарди! Бизникилар пистирмада туришади-да.
– Биласанми, Аваз ўртоқ, уларнинг ичида битта кўри бор. Жуда хунук! Нуқул қўрқитади.
– Қаерда кўргансан?
– Чуваланчидаги клубда.
Оқшом пайтлари энам тошимнинг ёнига чиқиб ўтиради. Биргалашиб одамларнинг даладан қайтишини томоша қиламиз.
Кимёхон деган семиз хотин бор. У мени “куёв” дейди. Бир куни чақалоғининг қулоғини тишлатган. Барибир қизини олмайман. Ўша аёл: “Қани куёв, ўпиб қўяй-чи!.. Оҳ-оҳ, мунча ширинсан! Уяляпти. Ҳайт, бўйгинангдан холанг айлансин!” дейди нуқул.
У ўпишни билмайди, ўпган жойини ҳўллаб қўяди. Шуям ўпиш бўлди-ю! Ибодат ая яхши ўпади: чўлп этказади, холос, тилини бетимга текизмайди. Нафасимни бўғиб, юзимни бағрига босмайди. Орқамни сийпалаб “Полвон, полвон!” дея қўяди.
Болали хотинлар ўтиб бўлгач, жуфт-жуфт бўлишиб қизлар келади. Қизлар қизиқ, доимо нималарнидир пичирлаб юришади, ашула айтишса бўлмайдими? Энамнинг гапига қараганда, қиз боланинг битта “сир”и бўлармиш…
– Уста Ортиқнинг қизи бўй етиб қолди. Совчи келаётгандир-а, нима дединг?
– Билмадим, эна. Чақирайми?
– Кимни?
– Умида опамни-да.
– Нимага?
– Ўзидан сўраймиз.
– Қўй-э, уялади. Шокирнинг энасидан сўраб кўрармиз.
– Бўпти. Мана, чўнтагимга кесак солиб қўйяпман, бу – уста Ортиқнинг қизига совчи келяптимикан, деганим. Эсингизда турсин!
– Эҳтиёт қил, ушаланиб кетмасин.
– Ушалмайди – шўҳак.
Энг кейин валасапидини ғийтиллатиб бригадир ўтади.
– Энам, қалайсиз? Невара катта бўляптими? Радио гапиряптими? Қўшнингиз замиканий қилмаяптими, ишқилиб?
– Гапиряпти, гапиряпти, худога шукр!
– Яхши-яхши, гапираверсин.
Одамлар ўтиб бўлиши биланоқ олдимизга Шокирнинг энаси келади.
– Қундузбуви, неварангиз ёмон бола бўляпти, ҳар куни Шокирни уриб қочади.
– Нега урасан?
– …
– Ўзларидан ўзлари бирдан гап талашиб қолишади.
– Шокирингиз сал бетамизроқ, битта гапдан қолса, Асакаси кетадими!
– Нодон-да, нодон.
– Эси кириб қолар.
– Ишқилиб, омон бўлишсин… Худо хоҳласа, келаси йилдан мактабга боришади.
– Аваз, эшитяпсанми? Бу йилдан кейин мактабга борасан.
– Бормайман.
– Ие, мановини қаранг, бир умр шу тошни миниб ўтиб кетаман деб ўйлаяпти, шекилли. Борасан, ўзим қулоғингдан чўзи-иб ташлаб келаман.
– Шокир ҳам боради, икковларинг гангир-гунгур қилиб юрасизлар, зерикмайсизлар.
– Мен солдат бўламан!
– Бекорларни айтибсан, раис бўласан!
– Раис бўлмайман, раис семиз-ку-у!
– Ўксима, сен ҳам семириб кетасан.
– Ў-ў, семирмайман.
– Майли, шундай юраверасан кўкрагингнинг четани чиқиб, менга нима!
– Унақа деманг, Қундузбуви! Авазингиз Дамин қассобдек, юзидан ёғ томадиган йигит бўпкетади, мана кўрасиз.
– Қизларбуви, уста Ортиқнинг қизи бўй етиб қолибдими, а?
– Ҳа-я, шуни айтинг!
– Эрга бериш керак.
– Тўғри, қиз бола – бировнинг ҳасми.
– Вақтида тенгига узатиб, қутулган яхши. Совчи келаётгандир?
– Қайдам.
– Йўлдош товуқбоқарнинг ўғли Алпомишдек йигит бўпти.
– Кўзим тушмаган.
– Кўринг. Тошканда дўхтирликка ўқияптиймиш.
– А-а.
– Эна, бошим оғрияпти.
– Маҳалламизга битта дўхтир керак.
– Ана, эшитдингизми, районга боришдан қутулиб қолармидик…
– Мен турай, Қундузбуви.
Ниҳоят, энам мени уйга судрайди.
– Эна, тошимни биров ўғирлаб кетмайдими?
– Кимга керак бу сабилинг!
…Шокирни Америкага олиб кетаётган эдим (кира ҳақи – бир чўнтак туршак), кўчамиздан “Диги-Диги” бува ўтиб қолди (энам уни урушдан эси оғиб қайтган, дейди). Ёғоч оёғини дўқиллатганча келиб пешонамиздан ўпди, соқолини бурнимизга ишқаб қитиғимизни келтирди: ҳирингладик.
– Ҳа-а, хўрозлар, нима қиляпсизлар? – деб сўради у.
– Ўйнаяпмиз, – дедим.
– Диги-Диги ўйнамайсизларми, жуда зўр ўйин!
– Милтиғимиз йўқ.
– Чакки, чакки… – У бошини сарак-сарак қилди: хафа бўлди, чоғи. – Мен сизларга ўғилбола ўйин ўргатайми?
– Ўргатинг!
– Ўргатинг!
– Ундоқ бўлса, қани отдан тушинглар-чи, полвонлар.
– От эмас, тош, – деди Шокир.
– Самолёт-ку, аҳмоғ-эй! – дея жўрттага “газни кучайтирдим”. – Гув-в-в… гув-в-в. Бува, моторни ўчираверайми?
– Ўчирақол, қулоқни батанг қилдинг-ку, хумпар!
– Гув-в-в… виқ! Ўчди.
– Айтинглар-чи, қайси биринг зўр!
Шокир менга қаради, мен унга. Иккаламиз ҳам индамадик.
– Доим бирга ўйнаб, бирга юриб ким зўрлигини ажрим қилиб олмабсизлар-да, аттанг!
– Биз уришмаймиз.
– Аваз менинг ўртоғим.
– Жуда яхши! Мен сизларни уриштирмоқчи эмасман. Кураш – ўйин, уруш эмас. Қани, белларни ушланглар.
– Мен йиқиламан, – деди Шокир.
– Ие, ўғил бола ҳам шундай дейдими? Ушла, маҳкам ушла, ўзим ёрдамлашиб юбораман.
– Мен курашмайман, қитиғим бор.
– Қиз боламисан, нима бало! Қитиғи бор эмиш…
– Курашсак, уришиб кетамиз.
– Бор-э, тирранчалар! Вақтимни бекорга кетказиб, сенларга ўғилбола ўйин ўргатаман деб ўтирибман-а! Айтиб қўяй, икковингдан ҳам солдат чиқмайди…
Ҳар кунгидек, энам иккаламиз кўчада ўтирардик. Бетартиб оломон сафининг охирида бригадир келди. Валасапидини етала-аб. Балони тешилибди.
– Қани, йигитча, пастга тушинг-чи!.. Қачон қарамай, неварангиз шетта ўтиради-я, эна?
– Тошни яхши кўради.
– Кимники ўзи шу? – деди бригадир тошга ўтираркан.
– Меники!
– Бизники, болам.
– Э-э! Қизиқсиз-а, эна, худди хат-ҳужжати бордай, “бизники” дейсиз-а!
– Қанақа ҳужжат?
– Паспортга ўхшаган-да.
– Ҳеч жаҳонда тошниям паспорти бўларканми?
– Бўлиши керак, ҳатто валасапидники ҳам бор.
– Валасапитти зовутта чиқаришган.
– Во-во-во… шунинг учун ҳам тош сизники эмас.
– Кимники бўлмаса?
– Кимники бўларди, халқники-да. Тошни шийпонга обориб қўямиз.
– Кўтариб бўпсан!
– Бу ёғини бизга қўйиб берасиз: халқнинг оғирини енгил қиладиган техника бор.
– Бекорларни айтибсан! Буни неварам ўйнайди.
– Шийпонда темир-терсак тўлиб ётибди, марҳамат, бориб ўйнайверсин.
– Темир-терсагинг бош-шингдан қолсин!
– Тушунсангиз-чи, мунча оми бўлмасангиз, ахир, бу тош бизга керак, деяпман-ку!
– Кимга?
– Бизга… халққа!
– Халқ бу тошнинг устига чиқиб, қошига ўсма қўядими, нима бало?!
– Йўғ-э! Нутқ сўзлайди, билдингиз?
– Ерда туриб гапирсанг одамлар қулоқ солмаяптими?
– Во-во-во! Топдингиз. Тўғри танқид. Ташвиқот усулимни ўзгартирмоқчиман. Баланддан гапирсам…
– Гапингда туз борми ўзи?
– Бўлди-да энди, мен оғзимдан капчённий балиқнинг ҳидини эмас, буйруқ чиқариб ўрганганман. Хўп, эртага ҳал қиламиз.
Бригадир кетиши билан калишини судраганча Шокирнинг энаси келди.
– Қундузбуви, эшитдингизми, уста Ортиқ қизини эрга бермасмиш!
– Бўрдоқига боқармикан? – деди энам жаҳли чиқиб.
– Шунақага ўхшайди… Анави нима деяпти?
– Тошни олиб кетармиш!
– Вой! Қаёққа?
– Шийпонга.
– Нимага?
– Харидор бўлиб келди. Минбар қилармиш.
– Унда, ғўзапояга алмаштириб юборавермадингизми, сиздан нима кетди?
– Вой ўлай, шу нарса эсимга келмапти-я!
– Эна, алмаштирмайлик!
– Сен жим тур, қоқбош!
– Алмаштиринг, Қунбузбуви! Ўзим ўртада тураман.
– Уддасидан чиқасизми, ахир?
– Ўлибманми шунинг уддасидан чиқмай! Неччи боғ ғўзапоя керак?
– Итим билами.
– Нега билмайсиз?
– Қайдам. Ҳеч тош сотиб кўрмаганман.
– Айтаверинг, оғзингизга сиққанича айтинг! Бозор шунақа бўлади ўзи.
– Ўзингиз сўрай қолинг.
– Йигирма боғ десам-чи?
– Берармикан?
– Бермаса, бошқа харидор топамиз. Бозор шунақа бўлади, деяпман-ку.
– Бир бопланг, Қизларбуви!
– Хотиржам бўлинг…
Шундай қилиб, ҳаммаси тугади. Тош кетди. Афсус, жуда арзон кетди-да. “Бир пақирга”. Энам Шокирнинг энасидан хафа. Шокирнинг энаси – бригадирдан, бригадир – новвойдан, мен эсам ҳаммадан хафаман. Чунки дулдул отим ғўзапояга алмашиб кетди! Менинг отим, отгинам…
Барибир, тош зўр эди. Энди у йўқ. Ўрнига ўн икки боғ ғўзапоя олдик. Эсиз, ғўзапоя тош эмас-да. Эшак ҳам эмас. Шокирнинг итиям ундан яхши. Ғўзапояни миниб бўлмайди.. Масков бориш ҳам қолиб кетди. Уни фақат тандирга қалаш мумкин. Тандирга қалаб, энам дўлтали кулчалар ёпади. Нонни кўп еса, одам семиради (энамнинг гапи). Семирса, раис бўлади (бу – менинг гапим). Уф-ф! Ахир солдат бўлмоқчийдим-ку! Ё.. Раис бўлиб қолсам-а?
Йўқ, барибир солдат бўлмоқчийдим-ку?!


Манба: “Ёшлик” журнали, 1984 йил, №5

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...