понедельник, 19 февраля 2018 г.

РОҲИЛА. Еру осмон орасида юз йил сақланган бир муҳаббат қиссаси

Қувалик тарихчи дўстим Нодирбек МДА фондидан Мўъминжон Ҳакимнинг ўзбек тилида, араб имлосида ёзилган салкам 1000 саҳифалик “Хотира дафтари”ни буюртма бериб олиб, Қироатхонада бошини кўтармасдан мутолаа қилаётганини кўриб, кулгим қистарди: “Оббо, яна ўша муҳаббатномани ўқияпсизми? Туркистон мухторияти тарихини ким ўрганади? Носирхон тўранинг тақдирномаси яна юз йил чанг босиб ётаверадими?” деб қўярдим норози бўлиб. Нодирбек “Хотира дафтари”дан кўчирма кўтаради ва архив Қироатхонасида кўринмай қолади. Уч-тўрт кундан кейин телефон қилсам: “Фарғонадаман, ака, ҳадеб кўзингизга осий кўринавермай, деб уйда дарсхонамга кириб олиб Мўъминжон Ҳакимнинг “Хотира дафтари”ни… йиғлаб-йиғлаб мутолаа қиляпман”, деди. Баттар энсам қотади. Жиддий мавзу билан жиддий шуғулланаётган забардаст олимнинг аҳволи шу бўлса, додингни кимга айтасан! Академик даражасидаги олим йигит дарсхонасида битта табибнинг шахсий хотираларини ўқиб кўзёш тўкиб ўтирса, подани ким боқади?
07
Хуршидага бағишланади
Ишқ мулкида гадоу шоҳ бир,
Дайр ичида раҳбару гумроҳ бир.
Ишқ аро дарду балодин ўзга йўқ,
Зулму бедоду жафодин ўзга йўқ…
Алишер Навоийнинг «“Лисону-т-тайр” достонидаги Шайх Санъон ҳикоятидан
image015.jpgСадриддин Айнийдан иқтибос:
“Бухоро мадрасаларининг бинолари Ўрта Осиёнинг бошқа жойларидаги мадрасаларга ўхшаган асосан пишиқ ғиштдан икки қаватли ёки бир қаватли қилиб қурилган бўлиб, биз уларнинг намуналарини ҳозир ҳам Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва бошқа шаҳарларда кўрмоқдамиз.
У мадрасалар ички-ташқи кенг саҳнга, баланд ва мустаҳкам деворга, ҳашаматли тоқ-равоқ ва гулдасталарга эга бўлиб, баъзиларининг пештоқлари, гунбазлари ва деворлари ранг-баранг кошинлар билан безатилган бўлар эди.
Аммо у мадрасаларнинг асосий турар жойлари – ҳужралари ғоят тор, қоронғи бўлиб, кўпчилиги икки кишининг ётиб туришига зўрға кифоя қиларди. Бу ҳужраларнинг кўпчилиги бир эшикли ва олди равоқли бўлиб, одам ҳам, ҳаво ҳам, зиё ҳам ўша бир эшикдан киради. Ош пишириладиган ўчоқ, сув идиш, юз-қўл ювиладиган жой, кўмир, ўтин, кўпинча мой, гуруч, сабзи-пиёз каби озиқ-овқат захиралари ҳам шу тор ҳужрага жойлаштирилар эди.
Эски замонларда баъзи мадрасаларнинг кутубхоналари ҳам бўлган, мадрасани бино қилган кишилар керакли китобларни сотиб олиб, талабаларнинг истифодалари учун у кутубхоналарга қўйиб, мадраса вақфидан кутубхонадор учун ҳам ҳисса тайин қилганлар.
Мадрасаларнинг ва унга тайин қилинган вақфларнинг вақфномаларида арабча сўзлар ва диний иқтибослар билан қуйидаги мазмунда сўзлар ёзилган бўларди: “Сотилиши, сотиб олиниши, бировга бағишланиши, биров фойдаси учун васият қилиниши ва меросга қолдирилиши мумкин эмас. Бу сўзларга амал қилмай вақф қоидасини ўзгартирган киши Худонинг лаънатига, пайғамбарнинг ва бутун малоикаларнинг лаънатига учрагай …”
***
ХХ аср бошларида (аниқроғи, 1908 йилда) марғилонлик бўз бола Мўъминжон бошланғич мактабни тамомлаб Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга киради. Мўъминжон юзига устара урган, мўйлови сабза ура бошлаган йигитча эди. Янги илм толиби ниҳоятда навқирон бўлса-да, бу дунё даққи Юнусдан қолган, биров кириб, биров чиқаётган эски карвонсаройга ўхшарди.
Нисбатан тинч-осуда ҳаёт кечирган Мўъминжон бирдан издиҳомга тушиб қолади: Истанбулда султон олис оролга сургун қилинади, ҳукумат генч турклар ихтиёрига ўтади – Анвар пошо миллий қаҳрамонга айланади, Бухорода “ёш бухороликлар – жадидлар” ғимирлаб қолади, Боғчасаройда чоп этиладиган “Таржумон” газетасини пешқадам талабалар қўлма-қўл мутолаа қила бошлайди.
Хулоса. Мўъминжон тарихий воқеалар ичида ҳаёт кечирарди. У бошини қашлашга вақт тополмасди-ю, лекин бошини ишлатишга албатта вақт топар эди. Мўъминжон мадрасада араб тилининг сарфу наҳви, мантиқ, ақоиди исломий (илми калом), ҳикмат (табиий ва илоҳий), фиқҳи исломий (таҳорат, намоз, рўза, жаноза, ҳаж, закот, никоҳ, талоқ, савдо-сотиқ…) каби мажбурий фанларни қунт билан хатм қилади. Бундан ташқари, Марғилонда Охунжон табибга шогирд тушиб ўрганган касби – ҳакимликни ҳам ташлаб қўймайди; сабоқдош талабалар бетоб бўлиб қолса, уларни қўлидан келганча муолажа қиларди, керакли дори-дармонларни тавсия этарди. Бир йилда Мўъминжоннинг ҳакимлик довриғи Бухоро амирининг қулоғига етиб боради ва уни саройга ҳам таклиф этиб, касби коридан мақсадга мувофиқ равишда фойдалана бошлайдилар. Шу баҳонада Мўъминжоннинг топиш-тутиши ҳам бир қадар яхшиланиб қолади.
Орадан етти йил ўтади. Етти рақамида қандайдир ҳикмат бор. Етти рақамидан ҳушёр бўлиш керак. Мадраса таълими етти йилга етиб, саккизинчи йилга ўтилганда ёзги таътил бошланади. Шу жойдан бир муҳаббат қиссаси бошланади.
Энди сўзни Мўъминжоннинг ўзига бериб, биз оддий ўқувчилар сафидан ўрин оламиз (агар бу воқеалар саҳнага қўйилса, биз ўзимизни томошабинлар қаторига олган бўлардик).
***
Бундан бир неча йил илгари Бухородан келиб Самарқандда турганимда Махдум Хоразмий гузарида домла Мир Котибда хат таълимини машқ қилиб, мураккаб ҳуруфларга (ҳарфлар – Н.Б.) етишганимда Бухорога кетиб қолган эдим. Самарқандга келгач, яна шул орзуни юзага чиқариш учун машқни қолган жойидан давом эттирдим.
1915 йилда бир куни машғулотдан чиқиб, Жийдамозор ёнида Ҳидояи Шариф мусаннифининг қабри бўлиб, бу икки мозор зиёратидан сўнг яҳудийлар маҳалласидан ўтиб, Шоҳизинда мозорига борур эдим. Яҳудийлар масжиди дарвозаси очиқ экан. Дарвоза билан мактаб (Ҳедер – бошланғич мактаб) ораси бир айвон. Мактаб-Ҳедер эшиги ҳам очиқ. Эшик рўпарасида бир семиз мўйсафид мактаб муаллими (Меламдн) болаларга таълим берар эди.
Қизиқиб қолдим: “Нималарни таълим берур? Уларнинг мактабида тарбия қанақа экан?”
Дарвоза тагида андак турдим. Кирсам уришиб берурми, деб истиҳола қилдим. Ниҳоят, таваккал қилиб ичкарига кириб, ҳедер эшигигача борган эдим, муаллим-меламдн:
– Бийойад, писарам, бийойад! – деди. – Кел, ўғлим, келавер!
Ичкарига кирдим. Ёнидаги кўрпачадан жой берди. Олдидаги китобини очиб, менга ТАВРОТнинг форсий таржимасини ўқиб берди:
“Аллоҳ таоло на хоб мекунад ва на пинаги”.
Қулоқ солсам, бизнинг Қуръондаги “Оятул курсий”нинг худди ўзи.
***
Биз ровий ҳикоясини шу жойда тўхтатиб, унинг сўзлари нақадар ҳақиқатга мос эканини текшириб кўрамиз (изоҳ биздан Н. Б.).
“Бақара” сураси, 255-оят:
Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирикдир ва қаййумдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи хоҳлаганини, холос. Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган. У уларни муҳофаза қилишдан чарчамас. Ва У Алий ва Азийм Зотдир .
***
Мен айтдим:
– Бизнинг Қуръонда ҳам араб тили билан худди шунинг ўзи бор,– дедим.
Хулоса. Сўрашиб танишдик. У киши яҳудийларнинг энг катта олими экан. Қуддуси шарифда (Ерусалимда) яҳудийларнинг олий мактабини битириб келган экан. Мени уйига таклиф қилди. Бирга калисо-синагог яқинидаги уйига кирдим.
Уйида хотини, ўн саккиз ва ўн олти яшар иккита қизи бор экан. Улар мени яхши кутиб олди. Биргалашиб ўлтурдик. Хотини тезгина дастурхон сола бошлади.
Товуқ гўштини қуруқ қовуриб, ҳар хил нарсалар билан меҳмондорчилик қилди. Диний эътиқодим билан бидъат аралаш-қуралаш бўлиб кетган эди у пайтларда. Кўнглим тортмади.
– Ҳозиргина овқатланиб келган эдим. Товуқ гўштини ҳам унчалик ёқтирмайман, – деб баҳона қилдим.
Уялганимдан бир бурда нонни кавшаб ўтирдим, бир пиёла чой ичдим.
Катта қизларининг лаби гўштли, бепарво тана аъзоси суярлик эмас. Пала-партишроқ қиз эди.
Кичик қизи ниҳоятда келишган: юзлари оқ рангга андак гулнора ранги қўшилган каби. Аъзолари ўзига ярашган. Лаблари гўёки қизил гул ғунчасига ўхшарди.
Хулоса. Ўз вақтининг энг чиройли қизидир. Қачон менинг кўзим унга тушса, ул менга қараб турганини кўрдим.
Менинг табиб эканимни отаси билиб:
– Бавосир касали билан азобланаман. Бу дарди бедавонинг давоси борму? – деб сўради.
– Ўнг тиззам қақшаб оғрийдур,– деди хотун.
Ўз дардларини маҳаллий турк лаҳжасида биноийдек ифода этар эканлар. Қисман ажабландим, қисман хурсанд бўлдим – маҳаллий тубжой халқни ҳурмат қилмоқ вожибдур.
– Мен албатта илож-дору олиб келурман, – деб ваъда бердим. – Энди менга изн берингизлар, – деб ўрнимдан турдим.
Мени кузатиш учун катта қизлари Мариямдан бошқа ҳамма дарвоза тарафга юрди.
Кичик қиз ёнимга яқинлашиб секингина:
– Боз биёед, – деди маъюс оҳангда. – Яна келинг.
– Мебиём, – дедим астагина. – Келаман.
– Қачон келасиз?
– Тез кунда келаман.
– Раҳмат.
Мен ҳайрон бўлдим, ўйланиб қолдим: “Оё, мени яхши кўриб қолдиму? Йўқ, бу мумкин эмас. Чунки мен мусулмон, у эса яҳудий-ку!”
Ўша кундан бошлаб ҳамма вақт хаёлимдан: “Боз биёед”, деган сўзлари такрор-такрор ўтиб турарди.
Икки кун ўтди. Отаси билан онасига дору тайёрладим. Кечки пайт меламдн-муаллимнинг ҳовлисига кириб бордим. Роҳила ҳаммадан илгари чопиб келиб, хурсанд бўлиб мени кутиб олди. Ўлтурдик. Роҳила рўпарамга ўтириб олиб, мендан ҳеч кўзини узмади. Баъзан кўзига андак ёш келмакчи бўлса, ўзини бошқа нарсаларга машғул қилмакчи бўларди. Икки кун ичида кўзимга хийла сўлигандек кўринди. Роҳиланинг ота-онасига доруларни бердим.
Онаси ошхонага кириб кетади. Отаси ҳам бир нарса учун ўрнидан қўзғалади. Ўн беш дақиқа чамаси иккимиз ёлғиз қолдик.
Илгари ота-онасининг унга мурожаатидан исмини эшитган бўлсам ҳам:
– Отингиз нима?– деб сўрадим.
– Отим Роҳила,– деди-ю, бирдан йиғлаб юборди.
– Нега йиғлайсиз?– дедим.
– Худам,– деди.– Ўзим.
Опаси кирди.
Роҳила кўзёшларини опасига билдирмаслик учун уйдан чиқади.
Опаси қандайдир буюмни олиб, яна ташқарига чиқади.
Роҳила ичкари кириб ўтиради, кўзларини артади:
– Боз миёед,– деди.– Яна келингиз.
– Омадам. Аммо ба падару модаратон малол намеояд? – дедим. – Келаман. Аммо ота-онангизга малол келмасмикан?
– Малоли не, – деди. – Малол келмайди.
– Уч кундан кейин доруларнинг таъсирини билиш учун келурман.
Роҳила бир уҳ тортди-да, яна кўзларига ёш олди.
Менга маълум бўлдики, Роҳила мени чиндан яхши кўриб қолган эди.
– Роҳила, ўзимга қолса, ҳар куни келардим. Бироқ ҳар куни ҳузуримга беморлар келиб туради. Иккинчидан, ота-онангдан хижолат бўламан.
– Ота-онам кейин пушаймон бўлади. Аммо фойдаси бўлмайди.
– Роҳила, жинни бўлдингми! Нега унақа дейсан? Унақа дема.
– Шумо ҳам пушаймон мешавед,– деди.– Сиз ҳам пушаймон қиласиз.
Учинчи кун яна келдим. Роҳила касал бўлиб, кўрпа-тўшак этиб ётиб қолган эди. Анча сўлиб қолгандек кўринди.
Отасининг бавосиридан қон оқиши тўхтаган эди, ўзида хийла енгиллик сезадир.
Онасининг тиззалари оғриқдан тўхтаган, аммо қизининг аҳволини кўриб жиддий саросимага тушиб қолган эди.
Ота-она Роҳиланинг нима учун касал бўлиб қолганини аниқ билиб олган эди.
– Ҳар куни ҳеч бўлмаса бир соат ҳам келишингизни ўтиниб сўраймиз,– деб кўзларига ёш олади онаизор мени кузатиб дарвозахонага чиқиб.– Биз кенжа қизимизни бағоят яхши кўрамиз.
– Эвет,– деб ерга қарайди падар.– Шундоқ,– деб маъюс жилмаяди.– Қуддуси шарифда таҳсил кўриб юрган чоғларим Онадўли турклари лаҳжасини ҳам ўргандим,– деб изоҳ беради.– Чўх гўзал инсонлардир Онадўли турклари.
– Мен-да туркча кўнишиюрим,– дедим.– Истанбулга икки дафъа сафар килмишам, кардашлар эвинда мусофир бўлмишам.
– Сағ ўлсунлар.
–Ватан сағ ўлсун!
Навбатда келганимда ота-она бизни кўпроқ ёлғиз қолдирди. Роҳила билан бемалол суҳбатлашадиган бўлдик.
Марғилонда “Нисобу-с-сибён” китобини ўқиб, ёд олган эдим. Араб тилининг қийин сўзларини ҳам яхши билардим. Фақат малака йўқлиги туфайли арабча эмин-эркин гаплаша олмасдим.
Абусами деган пешқадам йигит:
– Мана буни кўргин,– деб менга битта китоб берди.
Қарасам, китобнинг номи “Баҳр ул муҳаббат фий асрорил-л мавадат” экан. Яъни, “Севги денгизи ва дўстлик сирлари”. Китоб муаллифи машҳур олимлардан Имом Муҳаммад Ғаззолий эди. Асар араб тилининг ширин сўзлари билан шу қадар таъсирли ёзилган эдики, гўё “Юсуф ва Зулайҳо” қиссасини мутолаа қилаётган чоғингиз воқеа-ҳодисаларни кўз олдингизда содир бўлаётгандек ҳис этардингиз. Илоҳий сўзларга сеҳрланиб қолардингиз.
Ҳаводан, деворлардан доим:
“Ҳой, Юсуф, бохабар бўл! Мени эсдан чиқарма! Мен ҳаммасини кўриб тураман. Пайғамбарликдан маҳрум бўлишинг мумкин!” деган сўзлар Юсуфнинг қулоғига эшитилиб турарди.
Ўша китобни қайта-қайта мутолаа қиламан. Ҳар гал ўқиётганимда албатта йиғлаб-йиғлаб олардим. Китоб менга жуда чуқур таъсир қилади, хотирамда ўчмас из қолдиради.
Роҳила билан ёлғиз қолиб суҳбат қуриб ўтирганимизда мен эркакман, у аёл-ку деган хаёлга бормасдим. Бундай гап тасаввуримга сиғмасди: “Муҳаббат мутлақо покиза бўлиши керак!” Чин муҳаббат шундай пок-покиза бўлади. Дарҳақиқат, юксак мартабадаги чин муҳаббат лаззатини айтиб ё гапириб тушунтириб бўлмаса керак. Уни фақат ҳис этиш мумкин. Боз устига, уни фақат бошидан кечирганлар ҳис этади, холос.
Роҳилага фақат қўлимни ушлаб ўтиришга изн берардим. Қизнинг ота-онаси ҳам менинг покиза ва соф туйғуларимни ич-ичидан ҳис этиб туришарди. Улар менга узил-кесил ишонишарди.
Кейинчалик маълум бўладики, улар бизни ёлғиз қолдириб ташқарига чиқиб кетишгач, пухта маскировка-иҳота қилинган махсус тирқишлардан бизни кузатиб, назорат этиб ўтиришар экан.
Бир куни яна Роҳилани кўргани келдим.
– Мулло Абдулмўъмин, бугун битта қариндошимиз тўй қиляпти, никоҳ марсими бўлади. Ҳаммамиз тўйга кетамиз. Роҳила эса тўйга боришга ожиздур. Илтимос, уйда ёлғиз қолмасин. Кечқурун келинг, Роҳиланинг ёнида бўп туринг,– дейди меламдн.
– Хўп бўлади, кечқурун албатта келаман,– дейман.
Кечқурун келдим. Уч-тўрт дона катта-катта анор опкелдим. Роҳиланинг ота-онаси, опаси тўйга кетдилар. Иккимиз уйда ёлғиз қолдик. У хурсанд бўлиб бирдан кулиб юборарди.
– Бутун кеча ёлғиз бўламиз,– деб қўярди хўрсиниб.– Тун бўйи ёлғиз бўламиз. Тонглар отмасайди…
Илгари бир-икки соатдан ортиқ ёлғиз қолмасдик.
– Юрагим сиқиляпти,– деб маъюсланади Роҳила.– Илгари ҳеч бунақа бўлмасди, сиз бўлсангиз хурсанд бўлиб ётардим.
Ҳар ким ўз хаёли билан хийла пайт гап-сўзсиз ўтирдик. Ниҳоят, Роҳила тилга киради:
– Анорни эзиб беринг, сувини ичгим келяпти,– деди.
Анорни эзиб-сиқиб битта чинни косага тўлдириб бердим. Роҳила ётган эди, бошини кўтардим. Косани оғзига тутдим. Андак анор шарбатидан ичиб:
– Нафасимни бирпас ростлаб олай, кейин яна ичаман,– деди.
Қирқинчи фонар ёнар эди. Анор суви тўлдирилган коса фонар соясида анор суви рангининг акси Роҳиланинг юзини бир бўлимига тушиб, хом нуқра каби чеҳраси рангини шундай оққа қизил қўшилишидан тенгсиз кўриниш пайдо бўлдики, ниҳоятда чиройли эди.
Косани жилдирсам, бетининг бўлак парчасига тушди. Демак, коса ичидаги анор суви (миқдори) юзининг ҳаммасини қопламайди. Роҳилага буни сездирмайман. Аста туриб токчадан чинни оқ товоқни олиб, анор сувининг ярмини товоққа қуйиб фонарни пастга туширдим. Юзи, бўйни ва кўйлакларининг ҳаммаси шу ранг тусига киради.
Роҳила ҳам гап нимадалигини тушуниб қолди. Чиройли жилмайди. Мен олдида ўтирибман.
– Ҳозир Зулайҳодан неча баробар чиройлисан, Роҳила!– дедим.
Дарҳол ширин табассму қилди:
– Юсуфдан сиз яхшироқсиз. Ҳеч қандай Юсуфга сизни алмашмасман!– деди.
Шу пайт қўлимнинг кафтини нохос кўкрагига босди. Шундай мулойим бир лаззатки, сезги билан баробар бир катта музни бошимга қўйса, жоним оёқ тирноғларимдан чиқиб кетди.
Қулоғимга: “Ҳой Мўъмин, ҳушёр бўл!” деган товуш эшитилгандай бўлди.
Дарҳол қўлимни тортиб олдим. Қўрққанимданми, ҳаяжонланганимданми, билмадим, нафасим бўғзимга тиқилиб қолди, бемалол нафас ололмасдим.
Қўлимни тортиб олишим билан Роҳила менга тескари қараб ётиб олди. У пиқ-пиқ йиғлай бошлади. Мен бўлсам, лол бўлиб қолдим: назаримда, жуда катта гуноҳ қилиб қўйгандек эдим.
– Сен мени қанча яхши кўрсанг, Роҳила, мен ҳам сени ундан кам яхши кўрмайман, балки ортиқчароқ яхши кўрарман. Лекин ҳаммасини Худо кўриб турибди-ку! Биз бағоят катта гуноҳга журъат қилолмаймиз,– дедим.
Роҳила эса ҳамон йиғидан тўхтамасди:
– Сизнинг кўкрагингизда юрак эмас, тош бордир!– деди.– Юзингиз шундай чиройли бўлишига яраша юрагингиз ҳам андак мулойим бўлганда кошкийди! Шунда мени бул даража азобламас эдингиз.
– Мен мусулмонман, сен яҳудий бўлсанг. Қандай қилиб биз қовуша оламиз, ахир!– дедим.
Бу – менинг энг катта хатойим бўлди. Унинг чин муҳаббатини мен қадрлай олмадим, буюк муҳаббатини баҳолай олмадим. Ожизлик қилдим.
– Иккимиз бошқа шаҳарга қочиб кетамиз. Мен мусулмон бўламан,– деди Роҳила.
– Падаринг яҳудийларнинг катта олими, валий бўлса, биз бу хил хиёнатга йўл қўйсак, ундан кейин ота-онанг яҳудийлар қавми орасида қандай бош кўтариб юради, Роҳила?! Бу томонини ҳам ўйлаяпсанми?! – дедим ҳис-туйғуларини ямлаб ютиб юборган эски воиз каби эзмаланиб.
Шу пандона гапни айтиб қўйдим-у, ўзимни бирдан ёмон кўриб кетдим.
– Оҳҳҳҳҳҳҳҳҳ!– деб юборди Роҳила.– Бу ишимиз отамга бир жазо бўлар эди!– деди.
– Нега ундай дейсан, Роҳила, яна жиннилик қиляпсанми?
– Ўзи аввал нима учун сизни уйимизга бошлаб келди? – деб яна оҳ тортиб юборади.– Кошкийди сиз яҳудийдан, мен мусулмондан туғилган бўлсайдик!– деди.– Худойи таоло одам ва ишқни яратганда нима учун яҳудийнинг ишқини яҳудийга, мусулмоннинг ишқини мусулмонга мойил қилиб, йўналтириб яратмаган экан-а!
– Роҳила, ишқ деган нарса ихтиёрий ҳам эмас, кутиладиган бир нарса ҳам эмасдир. Кутилмаган жойдан кутилмаган бир кишининг бошига нохос тушади-қолади,– дедим.
Аҳмоқона гап айтиб қўйганимни дарҳол англадим. Аммо кеч англадим. Айтилган гап – отилган ўқ. Гап оғиздан, ўқ камондан чиқиб кетгач қайтариб бўлмайди.
– Мен ўлсам йиғлайсизми? – деб сўради Роҳила.
– Роҳила, жинни бўлдингми?! Мунча ҳадеб совуқ гап қиляпсан?! Ахир, яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар “омин” дейди-ку!
– Фаришталар яхши ниятга “омин” демади-ку! Энди, майли, ёмон гапга “омин” деяверсин!– деб юборади жаҳл аралаш.
– Астағфируллоҳ! – деб ёқамга туфлаб қўйдим. – Ундай демагин, жоним! Биз бир умр дўст бўлиб қоламиз.
– Йўқ! – деб ётган жойида бош чайқайди Роҳила.
– Сен турмушга чиқасан, тўйингга албатта келаман,– дедим.
– Тўйимга эмас, таъзиямга келасиз!
– Астағфируллоҳ!
– Ўшанда кўкрак қафасингиздаги тош бир оз эриб, мулойимроқ бўлиб қолади.– Роҳила кўзларига яна ёш олади.
Негадир менинг кўзларимга ёш келмай қўяди. Кўзёшларим қуриб қолдимикан, нима бало!
Роҳиланинг кўзлари илинади, бирпас мизғиб қолади. Мен ҳам Роҳиланинг оёқ томонига бошимни қўйиб ухлаб қоламан.
Азон товуши қулоғимга чалиниб уйғонаман. Аста туриб, қия очиб қўйилган дарвозадан кўчага чиқиб кетаман.
Ўша кеча Роҳиланинг ота-онаси, опаси қачон уйга қайтганини пайқамадим.
Яҳудийлар ҳам эрта тонгда уйғониб, дарвозаларини қия очиб қўйишини ўшанда кўрдим: эрталаб Хизр алайҳиссалом ризқ улашиб юради, кимнинг дарвозаси очилмаган бўлса, ўша хонадон ризқдан бенасиб бўлиб қолади.
Бухорога қайтиб кетишимга тўрт кун қолган эди. Бу хабар Роҳилага қаттиқ зарба бўлишига ақлим етиб турарди. Унинг олдига борганимда кеча охиригача сафарим қариганини унга ётиғи билан айтмоқчи бўлдим-у, лекин ҳеч тилим бормади.
“Агар Бухорога кетишимдан бир кун олдин айтсам, унга қаттиқ зарба бўлади. Яхшиси, уч-тўрт кун олдин айтай. Ўзим бор пайтимда хийла кўникиб олади”, деб ўйладим.
– Роҳила, ўзинг ҳам биласан, мен Бухорога қайтмасам бўлмайди. Бошқа иложим йўқ. Яқин кунларда қайтаман. Имконини топсам, бирор баҳона қилиб яна олдингга келиб кетарман. Ёзда кўпроқ муддатга келаман. Бориб сарой табобатига яқин бўлган кунларимдан эсдалик учун бир суратимни албатта юбораман,– дедим.
Дарҳол кўзларидан дув-дув ёшлар тўкила бошлади. Шундай бўлишини кўнглим сезган эди. Роҳила юзларимга тикилиб қолади. Сўнг оҳ тортиб юборади.
– Ўшал куни сизни кўрмасдан ўлиб қолсам, мен учун яхшироқ бўларди,– деди алам билан.
– Роҳила, яна бемаъни гап қиляпсанми! Худо хоҳласа, янаги ёзда Самарқандга келиб, сенинг бирорта сўзингни ерда қолдирмайман, ҳамма истакларингни бажо келтираман. Дурустми? Ваъда бераман. Нима, ишонмаяпсанми? Унгача мен сенга суратимни юбораман. Бу ёғига сабр қилгин, хўпми? Яхшими?
– Сиз келгунча ўлиб қолсам ҳам сабр қилишим керакми? – деди пичинг аралаш.
– Яна-тағин оғзингдан совуқ гап чиқяптими! – дедим хафа бўлиб.
Роҳила кўзёшларини тия олмасди.
– Мен сенга Бухородан нима юборай?– деб сўрадим.
– Ўзингизни,– деди.
Бу гапни кулгига айлантириб, унинг хаёлини чалғитмоқчи бўлдим:
– Жуда катта конверт буюртма берар эканман-да!
Кулишдик.
Кечанинг иккинчи ярмида кўзлари ўз-ўзидан юмилиб қоларди, бирпас пинак этиб оларди. Тўрт-беш дақиқадан сўнг нохос уйғониб менга қарарди, ёнида ўтирганимни кўриб хотиржам тортарди-да, яна уйқуга кетарди. Шу тариқа тонг оттирамиз.
Ота-онаси келади. Мен улардан жавоб олиб, ижара уйимга кетдим.
Август ойи охирлаб қолади. Биринчи сентябрдан ўқиш бошланур (ҳа, 100 йил олдин Туркистон мадрасаларида ўқув йили Русия маориф тизими билан мослаштирилган эди).
Роҳиланинг ота-онаси билан хайрлашиб, қалбимни батамом забт этган бемор қизни оғир аҳволда қолдириб Бухорога кетдим. Бухорога етиб келиб ўша куниёқ почта билан суратимни Роҳилага жўнатдим.
Кеча-кундуз: “Ўлсам, йиғлайсизми?” деган сўзлари хаёлимдан кетмас эди.
Ҳаёт эса ўз измида, ўз йўналишида давом этарди. Яна мадрасада дарслар бошланади, муолажага алоқадор ишлар ҳам давом этаверади. Ҳамон табиий гиёҳлар аралашмасидан ибн Сино бобо йўл-йўриқлари асосида илож-дору тайёрлаб, ярмини Самарқандга юборар эдим.
Куз фасли. Октябр ойи эди. Самарқандлик Эшон Ҳодихоннинг тавсияномасини кўтариб Самарқанднинг Оқтепа станциясидан Мулло Рустам мингбоши Бухорода пайдо бўлади; сўроқлаб мени топади. Салом-аликдан сўнг хатни қўлимга тутқазади. Илтимоснома экан: “Оқтепа станцияси ёнида (ҳозирги Пролетар станцияси) бир катта бойнинг ўғли касалдир. Илтимос қиламиз, бир келиб кўрсангиз”.
Мен Марғилонга буюртма бериб бир кийимлик жуҳуди сариқ хонатлас олдириб қўйган эдим. Уни бирорта танишим орқали Роҳилага бериб юбормоқчи эдим. Самарқандлик инсонлар таклифини дарҳол қабул қилдим. Мулло Рустам билан Самарқандга жўнаб кетдим. Самарқанд станциясида поезддан тушиб қолиб: “Эртага мени Оқтепа станциясида кутинглар”, деб ҳамроҳимга тайинлаб юбордим.
Йўл-йўлакай Сиёб бозорига кириб ҳар хил ширинликлар харид қилдим. Хонатлас билан миёнчани ҳам қўшиб Роҳила ҳузурига кириб бордим. Бир кеча унинг ёнида қолдим.
Роҳила ўзини хийла олдириб қўйган эди. Аксар вақтини тўшакда ётиб ўтказарди.
– Мана кўрдингми, азизам, биринчи имконият пайдо бўлган заҳоти ёнингга етиб келдим. Сабр қилғил. Кўнглингни чўктирма, хафа бўлмагин. Ёзгача иложини топган заҳотим келиб сендан тез-тез хабар олиб тураман,– деб кўнглини кўтармоқчи бўлдим, тасалли бердим.
– Мана, кеча-кундуз менинг рафиқим бор,– деб кўкрагига босиб ётган суратимни кўрсатди.
Бирдан кўзларидан дув-дув ёшлар оқа бошлади.
Уни юпатмоққа уринаман:
– Кўрдингми, Роҳила, мен ваъдага вафо қилиб, Бухорога борган куним сенга суратимни юбордим. Мана, биринчи имкон пайдо бўлган заҳоти яна ҳузурингга етиб келдим. Ваъдага вафо қилишимни ўзинг кўриб турибсан-ку! Ёзда таътил пайти Самарқандга келиб ёнингдан бир қадам ҳам жилмайман, нима истасанг бажо келтираман. Дурустми, жоним?
– Кошкийди,– деб маъюс жилмаяди.
– Роҳила, бу хонатласни сен учун Марғилондан атайлаб олдирдим. Агар уни устингда кўрсам, Мажнун бўлсам керак! Ранги ҳам сенга мос келади,– дедим.
Қўлимдан дарҳол хонатласни олиб кўкрагига босади, шу тариқа мени хурсанд қилмоқчи бўлади. Аслида, шу тобда латта-путтага ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ эди.
Хонатласни кўкрагига маҳкам босиб, кўзларини юмиб олади.
Тун бўйи секин-секин гаплашиб ёнма-ён ётдик. Деярли ухламадик. У гоҳ йиғлаб, гоҳ қиқир-қиқир куларди. Одатдагидек, бармоқларимни ўйнар эди. Ора-орада бирпас мизғиб оларди. Бирдан чўчиб уйғониб кетарди. Юзимга термилиб туриб:
– Келганингиз мени қанчалар хурсанд қилса, кетишингизда дилим вайрон бўлади. Кўнглим шунчалар оғрийдики… Йўқ пайтингиз бир кун бир йилдек туюлади. Сиз буларни билмайсиз. Мени яхши кўришингизга ҳам ишонмайман,– деди.
Ичимда бир нарса чирт этиб узилиб кетгандек бўлади.
Тонг отди. Нонушта қилдик. Роҳила йиғлаб қолади.
Оқтепага бориб беморни кўздан кечирдим, лозим бўлган доруларни тавсия этдим.
Кейин Тошкентга жўнадим. Ҳозирги газета-журнал чопхонаси орқасидаги Русия меҳмонхонасига тушдим. Ҳозирги Ленин музейи ўрнида (хотира ёзилаётган ва охирига етказилган пайтларда ҳозирги Ўзбекистон тарихи музейи ўрнида Ленин музейи бор эди: изоҳ биздан– Н. Б.) қатор аптекалар бўлиб, энг замонавий дору-дармонларни шу ердан топиш мумкин эди. Беш яшик ҳар хил дорулар, тиббиёт асбоблари харид қилдим. Уларни Бухорога почта юки (багаж) этиб жўнатиб юбордим.
Эски шаҳарга бориб заргарлик дўконидан 100 сўмга бриллиант кўзли тилло исирға олдим. Яна бирталай майда-чуйдалар харид қилдим. Сўнг поездга Самарқандгача патта олиб вокзалда вагонга ўтирдим.
Самарқандга етиб бордим.
Яҳудийлар маҳалласида Роҳилалар ҳовлисига кирдим. Роҳила ҳамон касал бўлиб ётган эди. Устига хонатласни ташлаб олибди. Хонатлас сап-сариқ эди, Роҳиланинг юзлари оқ-сариқ эди; ранглар бир-бирига уйғун келган эди. Хонатлас ниҳоятда ярашар экан.
Ота-онасининг ҳузурида Роҳиланинг кафтининг орқасини биринчи марта ошкора ўпдим. У ҳам қўлимни лабига босиб, узоқ қўйиб юбормади. Қўлимни гоҳ юзига ҳам босиб турар эди.
Ота-онасига малол келмаса кошкийди деб хавотирланиб аста кўзимнинг қирини ташласам, улар бир нималарни баҳона қилиб бошқа тарафга қараб ўтиришган экан. Бирдан енгил тин олдим. Ўрнимдан қўзғалдим. Майда-чуйдаларни отасининг қўлига бердим.
– Бу Тошкентдан эсдалик,– дедим.
Қайтиб яна Роҳиланинг ёнига ўтирдим.
Ота-онаси хонадан чиқиб кетишди.
Кўкрак чўнтагимдан бриллиант кўзли исирғани чиқардим. Роҳиланинг қулоғидан ёқут кўзли исирғани аста ечиб олдим, ўрнига бриллиант кўзли исирғани қулоғига тақиб қўйдим.
– Нега мунча пул сарфлайсиз? Ўзимнинг ёқут кўзли исирғам бор-ку!– деди.
– Мен пулни яхши кўрмайман,– дедим.– Кошкийди сенинг кўнглингни шод этсам, Роҳила!
– Раҳмат. Майли, сиз учун тақаман. Энди қулоғимдан асло ечиб олмайман.
У чап қўлимни ўпди.
– Мана, жоним, кўрдингми, ёзги таътилгача яна анча бор, лекин имкон топиб сени кўргани иккинчи марта келдим,– дедим.
– Мени сенсирай бошладингиз!– деб кўрсаткич бармоғини ўқталиб ёлғондакам пўписа қилди.
Кулиб юбордим. У ҳам кулди.
– Кечиринг! Ўзим ҳам билмай қолдим. Қачондан бери сизни сенсирай бошладим, Роҳила?
– Билмасам,– деб яна кулди.– Ҳазиллашдим, энди сизламанг мени, доим сенсирайверинг. Сизласангиз хафа бўламан.
– Бўпти,– дедим.– Ёзгача яна бирор баҳона топиб, албатта Самарқандга келаман. Сен энди хафа бўлма. Сабр қилгин. Ёзда барча истакларингни бажо келтираман.
– Ростданми?– деб сўради у ишонқирамай.– Барча-барча истакларимни бажо келтирасизми?
У нимани назарда тутаётганини сезиб турардим. Унинг оҳу кўзларига тикилиб ўйланиб қолдим. Бир-биримиздан кўз узмай ўтиравердик.
– Ҳа, барча истакларингни бажо келтираман,– дедим жиддий оҳангда.– Мен севаман сени, Роҳила.
Нохос йиғлаб юборди. Бу сафар юпатмадим. Майли, кўнглини бўшатиб олсин.
– Мен Бухорога кўп дорулар, табобатга тегишли асбоб-ускуналар жўнатиб қўйганман Тошкентдан. Бориб олмасам бўлмайди,– дедим.
– Кечикмайсизми, ишқилиб?
– Бухорога бориб сенга дору тайёрлаб юбораман.
Бирдан кўзларидан ёш қуйилиб кела бошлади.
– Менинг касалим дору билан тузаладиган касал эмас. Наинки шу кунгача касалимни билмаган бўлсангиз!
– Биламан,– дедим ерга қараб.
– Дорум ўзингиздир.
Энди менинг кўзларимдан ҳам тирқираб ёш чиқиб кетди.
Юзимни юзларига босдим. Кўзёшларимиз қўшилиб кетди.
Ниҳоят, хайрлашиб вокзалга чиқдим.
1894Niva4_ulicy_Buhary.jpgБухорога қайтдим. Роҳиланинг ҳолати бу сафар менга қаттиқ таъсир қилади. Ўзи ҳам, сўзлари ҳам шууримга муҳрланиб қолади. Гоҳ қоматини, бутун вужудини, гоҳ сўзларини эслар эдим. Доим уни ўйлардим. Энди қатъий инондимки, мен Роҳилани чинакамига севиб қолган эдим. Унга ваъда бердим, уйланаман деб ваъда бердим: “Барча-барча истакларингни бажо келтираман”, дедим. Ёзда Роҳиланинг истаклари бажо келтирилади. Хўш, энди нима қиламан? У фақат бир нарсани истайди – ўзини менга бағишламоқчи, вассалом. Висол боғининг мевасидан тўйиб-тўйиб тотмоқ истайди.
Эй Худойим, нега уни яҳудий, мени мусулмон этиб яратдинг? Нега пайғамбарлар можаросини осмони фалакда ҳал этиб қўя қолмасдан, ерга тушириб одамзод ихтиёрига ҳавола этиб қўйдинг? Агар Роҳила менга ўзини бағишлаб, муслима бўлса, Мусо алайҳиссалом қиёматда Роҳилани умматим демайдими? Расулуллоҳ қиёматда Роҳилани умматим дейдими? Расулуллоҳ шафоат қилармикан, йўлингдан адашмаган пайғамбарларни қиёмат куни ёнига олармикан? Пайғамбарларинг қиёматда ўз умматларини ҳимоя қиламан деб даргоҳингни остин-устин этиб юбормайдими, Худойим?
Хулоса. Юрсам ҳам, турсам ҳам хаёлим шу каби фикрлар билан банд эди. Ул ой менинг ишқимда касалдир. Ул моҳитобоннинг муҳаббати чин муҳаббатдир. Агар ул бандаи ожиз шу дард туфайли ўлиб қолса, эй Худойим, даргоҳингда мен гуноҳкор бўламанми? Ўзинг уни яҳудий, мени мусулмон этиб яратиб қўйибсан-ку, Парвардигори олам? Нега бани одамни тенг қилиб яратмадинг?
Бошим торс этиб ёрилиб кетаман дерди.
Унга берган ваъдаларим эсимга тушса, ҳадемай ёз ҳам келади, мен нима қиламан, деб уйқуларим қочиб кетарди. Юриб кетаётган бўлсам, тўхтаб қолардим. Тўхтаб турган бўлсам, мадорим қуриб ўтириб қолардим. Ўтирган бўлсам, чалқанча тушиб ётиб олардим.
Роҳила арабий имлони, мен эсам иброний имлони билганимизда борми, хат ёзишиб бир-биримизнинг аҳволимиздан хабардор бўлиб турар эдик. Хат тафсиф мулоқотдир. Яъни, хат ярим кўришмоққа баробардир.
Бир куни Мир Араб мадрасасидаги ҳужрамнинг эшиги оҳиста чертилди.
– Марҳамат,– дедим.
– Мумкинми?– деб эллик ёшлар чамаси бир нотаниш киши ичкари кириб, одоб билан кўришиб бир четга ўтирди.
У гавдали, калласи катта, ўзи қорачадан келган эди. Қўйнидан бир хат чиқариб менга узатди. Очиб қарасам, Самарқанд уламоларидан илтимоснома экан: “Ушбу хатни олиб борувчи Жиззах қозисидир. Унинг ўғли анчадан бери касал. Биздан сизга илтимоснома ёзиб беришимизни ўтиниб сўради. Агар мумкин бўлса, бир-икки кунга Жиззахга келиб, қозининг ҳожатини чиқарсангиз. Ўзи яхши одам. Илоҳо, ноумид қилмагайсиз”.
Вассалом. Фалоний, Фалоний. Гарчи Фалоний билан Фалонийни яхши танимасам ҳам уларнинг таклифини бажонидил қабул қилдим. Чунки Роҳилани охирги марта кўрганимга икки ойдан ошган эди, унинг аҳволи ҳозир қандай эканини билмасдим. Мана, баҳонаи сабаб ўз оёғи билан келиб ўтирибди. Дарҳол хожамиздан икки кунга рухсат сўраб, ўша куниёқ Жиззахга жўнадик. Самарқандга тушиб ўтишни ҳам режалаштириб олдик.
Самарқандга келдим. Тўғри Роҳиланинг уйига бордим. Ота-онаси мени дарвозахонада кўриб эзилиб-эзилиб йиғлади. Сўнгра ўзларини қўлга олиб кўзларини артдилар. Роҳила ётган уйга мени таклиф қилдилар: у оғир касал эди, калта-калта йўталарди. Роҳиланинг олдига тиз чўкиб ўтирдим, бошини икки қўлим билан оҳиста ҳовучлаб кўтариб пешонасидан қайта-қайта ўпдим. У чап қўлини бўйнимга солди, ўнг қўлини кўкрагимга қўйиб мени ўзига аста тортди. Дарҳол чап юзимни лабига яқинлаштирдим. Юзимдан ўпади деб ўйлаган эдим; у эса юзимни бирпас искади, чуқур-чуқур нафас олиб ҳидларимга тўйиб олгандек бўлди. Сўнг бўйнимни қўйиб юборди.
– Қўлларингизга оғирлигим тушиб, чарчатиб қўймадимми?– деб сўради шивирлаб.
Бу гапи мени тўлқинлантириб юборди; ўпкам тўлиб кетди, кўзларимда ёш ғилтиллади. Бошини аста ёстиққа қўйдим. Пастки лабимни қаттиқ тишлаб бир нуқтага тикилиб қолдим: шу ҳолатида ҳам менга меҳрибонлик қиладир.
Ёнида индамай ўтирдим. Кўзларидан ашк оқа бошлади. Боши остидаги бир жуфт пар ёстиқлар қатидан рўмолчасининг учи чиқиб турган экан, уни оламан деб ёстиқни кўтардим. Икки ёстиқ орасида менинг суратим бор экан. Рўмолча билан кўзёшларини артмоқчи бўлдим.
– Худам,– деб рўмолчани қўлимдан олди. Кўзёшларини нафис ҳаракатлари билан артиб қўйди. Юзларимга маъноли тикилиб қолди.
Ўзимни ноқулай ҳис эта бошладим.
Унинг хаёлини чалғитмоқчи бўлдим:
– Роҳила хонум, мен Жиззахга бориб келдим. Фориш депарасида серсув тоғлар ҳам бор экан. Боғбон Ота ажиб боғ яратибди. Унга ҳавас қилдим. Худо хоҳласа, ёзда сени албатта Боғбон Ота боғига олиб бораман; боққа етмасдан ўнг тарафда тоғдан оқиб тушаётган шифобахш жилға бор экан. Жилға тутзорда ҳовузга тўпланади, одамлар ҳовуз пайновидан оқиб тушаётган сувдан тўйиб-тўйиб ичадилар, чодра тутиб қўйилган пана чертакка пақирлаб сув опкириб кетиб ғусл қиладилар. Афсус, ўша сувдан олиб келолмадим. Мана, фақат ўзимни олиб келдим, холос. Конвертсиз ҳам почта ташийдиган поездда келса бўлар экан. Жиззахда конверт йўқ экан,– деб кулдим.
Роҳила ҳам кулди. Ётган жойида юзлари ойдек сутранг нур таратарди.
– Одамлар чодрада ғусл қиладиларми?– деб сўраб қолди нохос.– Фарзанд истаб борган эр-хотин ўша жойда қўшиладими?
– Э-э йўғ-э! Нега бунақа деяпсан?
– Ўзингиз боя чертакка сув опкириб кетиб ғусл қиладилар демадингизми?
– Дедим…– Бирдан бу сўзнинг бошқа маъноси ҳам борлиги эсимга тушиб кулиб юбордим.– Оббо, сен билан ўйлаброқ гаплашиш керак экан-ку! Сендек оқила қиз бу томондан хавфли бўлар экан. Яъни, сўзингдан тутиб олиб, ҳеч кутилмаган томондан ҳужум қилиб қолиши мумкин. Ҳа!
– Чуқурлашманг,– деб киприк қоқди.– Мен бир оғиз изоҳ сўрадим, холос.
Чаккамни қашладим. Мавзуни бошқа томонга буриш лозим, шекилли.
– Бухородан нима юборай?– дедим.
– Ҳеч нарса даркор эмас,– деб бирпас тин олгач, қўшиб қўйди:– Майли, сазангиз ўлмасин, ўзингизни жўнатиб юбора қолинг.
– Бўпти, каттакон конверт ясатаман буюртма бериб, ўшанга ўзимни солиб юбораман,– дедим.
Одам ҳам сиғадиган конверт ҳақида биз олдин ҳам гаплашган эдик. Роҳила жилмайиб қўйди.
– Яна касал кўргани бордингизми?– деб сўради.– Қаерга бордингиз?
Сафар таассуротларини сўйлаб бердим. Бирдан Жиззах қозиси менга Нарвон Ота қишлоғидан беш таноб ер совға қилганини эслаб қолдим. Чопонимнинг чўнтагидан қози муҳр босиб берган васиқани чиқариб кўрсатдим.
– Сен билан эрта баҳорда Нарвон Ота қишлоғига бориб, еримизни қўш билан ҳайдатиб, ҳар хил кўчатлар экиб қайтамиз. Бодом, ўрик, зардолу, ангур, узум кўчатлари экамиз,– дедим.
Роҳила васиқани томоша қилиб қайтариб берди. Кулимсиради.
– Ўрик билан зардолуни, узум билан ангурни битта пайкалга экиб бўлмайди,– деб менга зимдан қараб қўйди.
– Нима учун?
– Ангур гуллаганда остидан илон ҳам ўтмаслиги керак. Акс ҳолда гулини ташлаб юборади.
– Узум гуллаганда-чи?
– Узум гуллаган пайтда илон инидан олисга кетмасдан болаларини боқаётган бўлади,– деди пинак бузмасдан.
– Зардолу билан ўрикни нега ёнма-ён экиб бўлмайди?
– Сабабини билмайман-у, лекин қандайдир ирими бор,– деди.
Кулиб-кулиб Роҳиланинг бурнини чимчилаб қўйдим.
– Роса улоқтирдинг-а!– дедим.– Ангур билан узум, ўрик билан зардолу битта нарса эканини билмасанг керак деб ўйловдим-да!
– Васиқани нотариусга олиб бориб тасдиқлатиб олинг,– деди Роҳила.– Жиззах қозисининг муҳри босилган васиқа фақат Жиззах депарасида қонуний кучга эга бўлади, Русия ҳукумати идораси бўлмиш нотариус контораси муҳр билан тасдиқлаган ҳужжат эса бутун дунёда қонуний кучга эга бўлади. Ё нотўғрими?
– Тўғри,– дедим.– Мунча ақллисан-а!– деб яна бурнини чимчилаб қўйдим.
Роҳила суратимни ёстиқ устига олиб қўйди. Чеҳраси ёришиб кетди.
– Ҳа, энди суратимдан зерикдингми? Кўкрагингга босиб ётардинг, энди ёстиқ остига тиқиб қўядиган бўпсан? Тинчликми?
– Худо сақласин! Бу сурат менинг умрлик йўлдошим, дилимнинг роҳатидир!– Ёстиқ остидан суратимни олди, кўкрагига босди, устидан силаб-сийпалади.
Сўнг қўлларимни қўлларига олиб сийналарига қаттиқ босди.
– Энди тортиб олмайсизми?
– Тортиб олмайман,– дедим кўзларимни юмиб.– Ёзда келганимда инон-ихтиёримни батамом сенга бераман. Хоҳласанг, пишириб ейсан! Хоҳласанг, хомлигимча еяверасан!
– Қандай ейишни ўзим биламан,– деди.
Кулишдик. Чеҳраси очилиб кетди.
Аҳволи яхши эмас эди. Ўпка сили мадорини олиб қўйган эди. Энди уни баҳоргача тирик кўраманми-йўқми?
Оғир ўй-хаёлларимни унга сездирмасликка ҳаракат қилардим.
Хонага отаси кириб келди.
– Абдулмўъмин, ошхонага чиқсангиз, чой тайёрлаб қўйдим,– деб лутф қилди.
– Буюринг,– деди онаси ҳам тавозе билан энгашиб.
– Нимани буюрай?– дедим. Роҳилага қараб:– Катта конверт буюрайми?– дедим.
Енгил кулги кўтарилди.
– Хоним афандимиз, марҳамат қилсинлар, деяптилар,– деб изоҳ берди меламдн-муаллим.
– Эвет,– деб хижолатомуз жилмайди онаси.
– Хоним Қуддуси шарифда салжуқий турклар билан мулоқотда бўлавериб, аларнинг гўзал лаҳжасини ўзлаштирмиш. Айбга буюрмагайсиз.
– Онажон, дастурхонни шу ерга олиб келинг, менинг олдимда чой ичингизлар,– деб қолди Роҳила.
У мен билан кўпроқ бирга бўлишни истарди. Буни ота-онаси ҳам дарров пайқади, албатта.
Ичкарига бежирим хонтахта олиб кирилди. Онаси бирпасда дастурхон тузади. Бақамти ўтириб чой ичдик, енгилгина тамадди қилдик.
Жиззах сафарим таассуротларини ҳикоя қилиб бердим. Васиқани чўнтагимдан чиқариб кўрсатдим. Роҳила яна нотариус масаласини қўзғади.
– Васиқани қолдиринг, ўзим нотариусга тасдиқлатиб, муҳр бостириб қўяман,– деди отаси.
– Сизга заҳмат бўлмайдими?– деб васиқани узатдим.– Чўх ташаккур эдарам!
– Дорулар учун ҳақ олмаяпсиз…– деб хижолат чекиб қизига қараб қўйди бечора ота.– Бизни бир умрлик қарздор этиб қўйдингиз.
– Яхшиликларингиз биздан қайтмаса, Худойимдан қайтсин,– деди кўзларига ёш олиб онаизор.
– Модари мо…– деб Роҳила гапининг давомини айтмади, фақат бош чайқаб қўйди, холос.
– Ташаккурлар,– дедим таъзим қилиб.– Мен бугун Бухорога етиб бормасам бўлмайди. Икки кунга ижозат сўраб келган эдим. Тоғ йўлини қор босган экан, Жиззахга бориб келишим кўпроқ чўзилиб кетди.
– Йўқ, бугун ҳеч қаёққа кетмайсиз,– деди Роҳила.
– Менга фақат икки кунга рухсат беришган, холос.
– Йўқ, йўқ, бугун ҳам қоласиз!– деди такрор Роҳила.
Ота-онаси кўзларини жавдиратиб менга қараб туришарди; шу тобда улар оёғимга йиқилишга тайёр турарди. Ҳолатимдан ўзим уялиб кетдим.
– Келинг, яна бирор нарсани баҳона қиларсиз,– деди отаси ялингандек бўлиб.– Мен сиз билан нотариусга учрашиб келаман. Шу баҳонада ишингизни ҳам битириб оласиз. Йўқ деманг энди.
Ота-она қизларининг кўнгли учун ҳар нарсага тайёр эди.
Яна бир кун Роҳиланинг олдида қолдим. Муаллим билан нотариус конторасига бориб васиқани ўз номимга қайта расмийлаштириб, махсус дафтарга қайд қилдириб олдим. Нотариус конторасинининг иш битирадиган ходими муаллимнинг ўқувчиси бўлган экан, устозининг иззат-ҳурматини ўрнига қўйди.
Ишимиз битгач, муаллим Ҳедер-бошланғич мактабга йўл олди. Мен уйга ёлғиз қайтдим.
Онаси ҳам Роҳила иккимизни ҳоли қолдириб хонадан чиқиб кетади.
– Битдими ишингиз?– деб сўради Роҳила.
– Отангни шогирди ишлар экан-ку нотариус конторасида! Бирпасда васиқани рус тилига таржима қилиб, машинкада чиқ-чиқ қилиб русча матнни бехато ёзиб, муҳрлатиб берди,– дедим.
– Ишни доим пухта қилиш керак,– деди Роҳила кулимсираб.– Ана энди баҳорда Нарвон Ота қишоғига бориб, ўз еримизда бемалол боғ яратишимиз мумкин.
– Раҳмат, нотариус борлигини менга айтмаганингда ҳолим нима кечарди, билмадим.
Тушдан кейин опаси келиб Роҳила билан анча гаплашиб ўтирди. У битта чеварга шогирд тушибди; устоз уйида ётиб, хизматини қилиб юриб, ҳунар ўрганаётган экан.
Опаси кетгач, Роҳила:
– Биласизми, суратингизни нима учун ёстиқ остига яшириб қўйган эдим?– деб савол берди.
– Наҳотки опанг сени суратимдан ҳам рашк қилса!
– Йў-ўқ, опам рашк қилмайди,– деб бош чайқаб кулади.– Баъзан мени кўргани қўни-қўшни кампирлар кириб туришади. Яҳудий кампирлар ҳам гап тарқатишда сартлардан қолишмайди. Уларнинг тиллари бир қарич бўлади, ў-ў-ў! Кўкрагимга мусулмон йигитнинг суратини босиб ётганимни кўриб қолишса борми, урди Худо!
– Тушунарли,– дедим.– Кампирлар ҳамма жойда ўзига яраша эрмак топиб олишади-да!
Билдимки, суратимни ёстиқ қатида кўриб ҳазиллашган бўлсам-да, у ростдан мени хафа бўлди деб ўйлаган кўринади. Ваҳоланки, мен фақат уни кулдирмоқчи бўлганман, холос. Шу арзимас воқеа ҳам Роҳиланинг менга муносабати нақадар жиддий ва чинакам инсоний туйғулар эканини кўрсатиб турарди.
Кечқурун Роҳиланинг ёнига ўрин тўшаб бердилар. Ўнг тарафига янги кўрпачаларни икки қават этиб ташлаб қўйишди. Мен ўринга кириб ётмадим, Роҳиланинг ўнг томонига ўтиб ўтирдим. Тун бўйи мижжа қоқмадим. У қўлларимни ушлаб, сийналари устига маҳкам босиб оларди. Шу ҳолатда уйқуга кетарди. Қўлларим толиб, секин тортиб олмоқчи бўлардим.
– Мендан ўзингизни олиб қочяпсизми?– деб пичирларди.
– Йўқ, жоним, ташқарига чиқиб нос чекиб келмоқчи эдим,– дейман ҳазиллашиб.
– Алдоқчи,– деб кулимсирайди.– Нос чекишни ҳам Жиззах қозиси ўргатдими?
– Ўзим билардим. Фақат сендан яшириб чекардим.
– Алдоқчи,– деди яна.
– Рост айтяпман. Бизда кампирлар ҳам нос чекадилар. Энам кўпинча мени қўшни маҳаллага югуртириб, носфурушдан нос олдирарди. Бир чимдим-ярим чимдим ўғринча чекиб юриб охир-оқибат қип-қизил кашанда бўлдим-қолдим.
Роҳила гапларимни жимгина эшитиб ётади. Албатта, заррача ҳам ишонмайди. Нафас олишида ўзгариш сезмайман. Агар нафас олиши ўзгарса эди, гапларимга ишониб ҳаяжонланганини ошкор этиб қўярди.
Дераза юқорисидан тўлин ой мўралаб турарди.
Роҳила юзларимга қаттиқ тикилиб қолади. Сўнг дона-дона қилиб:
– Сиз бераҳм ва золимсиз,– деди.
Индамадим. Бошимдан муздек сув қуйиб юборилгандек бўлдим. Аъзои баданим музлаб кетди. Бирпасдан сўнг эса баданим ловуллаб ёниб кетди гўё.
– Хафа бўлдингизми?– деб сўради майин товушда.– Мен шунчаки ҳазиллашдим, холос.
– Биламан,– дедим аста.– Биламан.
– Ҳазилим кўнглингизга оғир ботмадими?
– Бераҳм ва золим одамда кўнгил нима қилсин!
– Оғир ботибди-а… Водий халқи ҳазилкаш бўларди-ку!
– Ўн тўрт яшар пайтимда энди чойхонама-чойхона дайдиб юриб аския эшитадиган, аския айтадиган чоғим водийдан чиқиб кетган бўлсам, бу ёғига ўзинг муаллимлик қилаверасан-да!
– Битта ҳазилга шунча қовоқ-тумшуқми, мунча!
Қарасам, Роҳила ростакамига тараддудланиб қолди.
– Сен ҳозир касалсан. Оғзингга келган гапни айтишинг мумкин, хафа эмасман. Худо хоҳласа, баҳорда тузалиб кетасан. Ундан кейин беҳижоб гап айтиб юборсанг, жоним, албатта хафа бўламан. Ўшанда, эҳтимол, уйга қамаб олиб дўппослашим ҳам мумкин.
У қўлларимни олиб яна сийнасига маҳкам босади.
– Майли, розиман,– деб шивирлади.
Энди сийналари мулойим ва диркиллаган эмасди, сўлиб қолган эди, чандирга ўхшарди.
– Яна кўришар эканмизми?– деди шивирлаб. Кўзларида ёшлари ғилтиллаб турганини пайқадим.
– Ундай дема, совуқ нафас қилма.
– Ўлсам йиғлайсизми?
– Ўша гапни яна оғзингга оляпсанми? Мени хафа қилиб Бухорога кузатиб қўймоқчимисан?
– Кечиринг,– деди қулт этиб ютиниб.
У йиғисини аранг ичига ютиб ётарди.
– Ҳадемай баҳор келади. Май ойи охирларида таътилга келаман. Бу ерда устозимдан оладиган сабоқларим бор. Эҳтимол, вазифалар олиб, тоққа бориб мустақил машқ қиларман. Сен билан Фориш тоғларига қочиб кетамиз. Нарвон Ота қишлоғига бориб беш таноб еримизда деҳқончилик қиламиз. Мол-қўй қиламиз. Сен сигир соғишни ўрганасан, мен ўтин ёришни ўрганаман. Қалай!
– Ул вақтда майсалар ям-яшил бўлади, тоғларни лола-қизғалдоқлар қоплайди… Жилғалар жилдирайди… Булбуллар сайрайди… Дўланалар оқ ва сариқ тусда қийғос бўлиб гуллайди…
– Шошма, сен Фориш тоғларига қачон боргансан?– деб сўрадим ҳайрон бўлиб.
– Таърифини ўзингиздан эшитиб, тасаввурларимни гапириб беряпман,– деди кўзларини юмиб.– Аслида, Фориш тоғларини сиз ҳам баҳор чоғида кўрмаган бўлсангиз керак. Тўғрими?
– Мен кўрмаган бўлсам ҳам Жиззах қозиси Ўрозбой ота кўп кўрган, ўзи эса Паст Кўса қишлоғида туғилиб ўсган.
– Шунақами?– Хийла сукут қилади.– Биттаю битта ўғли бормикан?
– Ҳа. Буни ҳам сақлаб олган экан. Қайноғасининг ўғлини чақалоқ чоғида олиб тарбия қилган экан.
– Вой бечора-ей! Сақлаб олган боласидан мол-дунёсини аятмаётган бўлса, ростдан ҳам яхши одам бўлса керак.
– Худди шундай.
– Ўғли соғайиб кетдими?
– Худо хоҳласа, албатта соғайиб кетади.
– Омин.
– Баҳорда сен билан тоғларни сайр этамиз. Сен батамом тузалиб кетасан. Тоғ ҳавоси шифобахш бўлади.
– Мен тезроқ соғайиб кетсам бўлмасми?
– Бемор соғаядиган бўлса, табиб ўз оёғи билан кириб келади.
– Лекин мен сизни уйимизда кўрганимдан кейин касал бўлдим-ку?
– У ёғини эмас, бу ёғини айтяпман: сен тоғ ҳавосидан муолажа олиб соғайиб кетишинг учун Худойим бизга тоғдан ер инъом қилди. Қози эса шунчаки бир воситачи бўлди, холос.
– Тўғри,– деди паст товушда.
Роҳила Худонинг иродасига асло шубҳа қилмасди. У Худонинг итоаткор бандаси эди.
Азон товуши қулоғимга чалинди. Субҳи содиқ бўлган эди. Ташқарига чиқиб таҳоратимни янгилаб қайтдим. Бу орада онаси ичкарига кириб Роҳилани ҳам ювиб-тараб қўяди. У қибла томонни мўлжаллаб гиламча тўшаб қўйибди, Оллоҳ рози бўлсин. Бомдодни адо этиб бўлгунимча хонага ҳеч ким кирмади.
Нонуштани Роҳиланинг ёнида қилдик. Роҳилани қучоғимга суяб туриб унга чой ичирдим.
– Поезд қачон кетади?– деб сўради.
– Соат иккида вокзалдан жўнайди,– дедим.
– Иккигача ёнимдан жилманг,– деди.– Бу охирги учрашувимиз.
Эътироз билдириш учун энди оғиз жуфтлаган чоғим унинг кўзларидан дув этиб дурлар думалаб туша бошлади.
Ўзимни тутиб тура олмадим. Кўзларимдан ёшлар оқаверди…
Ҳозир шакаргуфторлик қиладиган пайт эмас эди.
– Роҳила, атайлаб мени йиғлатмоқчимисан?– дедим.
– Бу йиғи ҳеч нарса эмас, йиғининг каттаси кейин бўлади. Қадрим ўшанда билинади. Лекин йиғи-сиғиларнинг фойдаси бўлмайди.
Қўли билан мени ўзига чорлади. Юзимни лабига яқинлаштирдим. Иккимизнинг кўзларимиздан ҳам дув-дув ёшлар оқар эди. У юзларимни тинмасдан ялаб-юлқар эди, тинмасдан мени искар эди.
Деворда осиғлик турган соат бонг урди.
– Бир бўлдими дарров?– деди Роҳила.
– Энди бориб билет олишим керак,– дедим.
Йиғлаб-йиғлаб хайрлашдик.
– Роҳила, яна бирорта касал баҳонасида Самарқанд томонларга келиб қолишим ҳеч гап эмас. Биз тез орада албатта кўришамиз.
– Илоҳо, шундай бўлсин!– деди у.
Роҳила билан хайрлашаётиб қозининг хотини берган 100 сўмлик қоғоз пулни билдирмай ёстиғининг қатига тиқиб қўйдим. Хонадан чиқиб ота-онаси билан самимий хайр-хўшлашдим.
Жомадонимни кўтариб кўчага чиқдим. Бибихоним мадрасаси ёнида извошга ўтирдим. Бирпасда вокзалга етиб бордик. Поезд роппа-роса соат иккида гудок чалиб Бухорога жўнади.
Бухорода нима гап?
Роҳила доим кўз олдимда турарди. Сўзлари қулоқларим остида жаранглар эди, айрим гапларининг мағзини чақиб кўрардим. Бирдан ўпкам тўлиб кетардию кўрпага бошимни буркаб хун-хун йиғлаб олардим. Чин муҳаббат қанақа бўлишини Роҳила ўз ҳаёти билан исботлаб берди. Фақат китобларда бўлади деб ўйлардим чин муҳаббат… Ҳаётда ҳам бор экан. Муҳаббатнинг исмини сўрасалар, ҳеч иккиланмай Роҳила деб айтган бўлардим.
Орадан икки ярим ой ўтади. Апрел ойининг бошлари бўлса керак, бир куни туш кўрдим: ҳужрамда ётган эмишман, тун-оқшом эмиш; нохос уйғониб кетиб кўзимни очсам, э-э воҳ, рўпарамда Роҳила тик турган эмиш. Биринчи марта кўрганимдек, унда ҳеч қандай касаллик асароти йўқ эди. Фақат қоп-қора либосга бурканиб олган эди. Бошида катта қора ипак рўмол.
– Эй, Роҳила, қачон келдинг?– деб сўрадим.
Юзимга бирпас тикилиб туриб, қовоғини солди ва:
– Бевафо!– деди.
Дилим оғриди. Лекин бекорга хафа бўлмаяпти-ку, деб ўйладим: “Бухорога келса-ю, уни мен кутиб олмасам. Ахир инсонгарчилик бундай бўлмас…” Ўзимча Роҳилани оқлай бошладим… Шу пайт уйғониб кетдим.
“Нима бўлди экан-а? Мен уни доим оқ ҳарир ипак либосда кўрар эдим, бугун эса қора либосга бурканган ҳолда кўрдим тушимда…”
Эрта билан таъбим хира бўлиб, нонушта ҳам қилмасдан дарсга кетдим. Соат иккиларда дарсдан ҳужрамга қайтдим (ҳакимлик малакам ортиб боргани сари қўлимда пул тўпланади, энди камхарж илм толиблари каби бургаларга таланиб мадраса ҳужраларида умргузаронлик қилмасдим, “ёш бухоролик жадидларнинг ҳомийси” деб ном чиқарган сармоядор Файзуллахўжа истиқомат қиладиган маҳалладан қулай ижарахона топган эдим, Мир Араб мадрасасига яҳудийлар маҳалласи орқали ўтиб қайтардим). Дарвозамиз олдида уч-тўрт киши кутиб турган экан. Хизматкорим Набихўжа истиқболимга чиқди:
– Самарқанддан хат бор,– деб қўлимга конверт берди.
Тик турганимча конвертни очдим: ичида бир парча қоғоз бор эди, холос. Унда араб имлосида бир жуфт сўз ёзилганди: “Роҳила мурд”. Яъни, “Роҳила ўлди”. Мактубни ким, қачон юборгани номаълум. Конверт қопқоғига босилган почта муҳридан 1916 йил Апрел ойининг 13 кун санаси кўриниб турарди. Юрагим шиғ этиб кетди: Роҳила “13” рақамини ёқтирмасди, шу рақамдан ирим қиларди.
“Рақамни нега ёмон кўрасан? Ўн уч сенга нима ёмонлик қилган?” деб савол бердим бир куни.
“Исо алайҳиссаломни ўзининг ўн учта саҳобаси-апостолидан биттаси римлик зобитларга сотади. Пайғамбарига хиёнат қилган саҳобанинг номи Иуда эди. Унга 13 рақамини тамға қиладилар. Бундан ташқари, гўё битта шу Иуданинг ўзи яҳудий бўлган эмиш. Исо алайҳиссалом Иудани жуда яхши кўрар экан, суюмли саҳобаси пайғамбарга хиёнат қилади. Шундай қилиб, авом халқ яҳудийларга қарши гиж-гижланади!.. Бу чўпчак ғирт ёлғон бўлмаса, турк султони яҳудийларга ўз тупроғидан бошпана берармиди?.. Менинг ота-онам Қуддуси шариф қарамоғида бўлган турк маъмурларидан фақат яхшилик кўрган. Биласизми, Фотиҳ Султон Меҳметнинг 1458 милодий йили Рум ноиби Атнасйоснинг имтиёзларини сақлаб қолиш тўғрисидаги Фармони 450 йилдан сўнг Султон Абдулҳамид даврида ҳам ўз кучида қолади. Султонларнинг собитлигини ҳурмат қиламан. “Ҳуббул Ватан минал иймон” деган ҳадиси шариф уларнинг вужудига она сути билан киради ва жон билан чиқади. Ота-онам ҳикояларидан шундай хулоса чиқардим… Ўн уч рақамига нафратим эса жаҳолатга муносабатимни ифодалайди, холос”, деб ҳикоя қилган эди Роҳила.
Бу Роҳиланинг дунёқараши нақадар чуқур ва теран эканини кўрсатадиган бир мисолдир. Мен унга баҳо беролмайман.
Қўлимда конверт ушлаб турган ҳолатимни тасаввур этяпсизми? Хаёлимдан Роҳиланинг сўзлари бир-бир ўтаверади: “Соат иккигача ёнимдан жилманг… Бу йиғи ҳеч нарса эмас, ҳали узоқ йиғлайсиз. Ота-онам каби пушаймон қиласиз, лекин фойдаси бўлмайди… Ўлсам йиғлайсизми?”
Оёғимни судраб ҳовлига кираман. Ташқи ҳовли айвонида муолажа ва дору-дармон истаб келган касаллар тўпланиб қолган экан. Бош ирғаб уларнинг ёнидан ўтиб, ички ҳовлидаги ҳужрамга кириб кетдим. Хонтахтага ўмганимни бериб, бир нуқтага тикилиб қанча ўтирганимни билмайман, бир замон хизматчим Набихўжа томоқ қириб остонада пайдо бўлди:
– Мижозлар маҳтал бўлиб қолди,– деди.
Ночор ўрнимдан турдим. Ташқи ҳовлига чиқиб, айвонга яқин бордим-да:
– Маъзур кўринглар, дунёдаги энг яқин инсонимдан айрилиб қолдим,– деганимни аниқ эслайман.
Кейин нима бўлганини эслай олмайман. Беҳуш бўлиб йиқилибман.
Мижозларим бирдан дунёни бошларига кўтариб йиғлаб юборади. Қиёмат қўпади гўё.
Кечки пайт ҳужрамда ҳушимга келаман. Садоқатли хизматкорим пешонамни ҳўл сочиқ билан артиб ўтирган экан.
– Конверт қани?– деб сўрадим базўр тилим калимага келиб.– Уни шамол учириб кетмадими?
Набихўжа токчада турган конвертни олиб, кўзимга яқин келтириб кўрсатади.
– Хайрият,– деб қулт этиб ютиндим.– Асраб қўйгин.
Хизматкорим кўп меҳрибончилик қилди. Тун бўйи икковимиз ҳам мижжа қоқмадик. Эрталаб хожаларимга узрли сабабимни айтиб, уч-тўрт кунга рухсат олдим: “Самарқандда ҳамширам вафот этди”, дедим. Хожам дарҳол таъзия изҳор қилади, юзига фотиҳа тортади.
Самарқандга жўнадим.
Вокзалда поезддан тушиб яҳудийлар маҳалласига извошда кетдим.
Таниш дарвозадан ҳовлига кирдим. Ота-она ҳовлида экан. Иккови баробар мени маҳкам қучоқлаб олди-ю, бор овозда ҳўнграб йиғлай бошладилар. Мен ҳам ўзимни қўйиб юбордим.
Қиёмат бўлди.
Роҳила ётган хонага кирдик. Хонанинг тўрт тарафига гулмих қоқиб, дор тортибдилар ва дорларга Роҳиланинг ҳамма кийимларини осиб қўйибдилар. Мен совға қилган сариқ хонатласимдан кўйлак тиктирган экан, унинг ҳам осилиб турганини кўрдим. Фақат либослари бор эди, холос. Роҳиланинг ўзи эса– йўқ.
Йиғимиз яна авжига чиқди. Мен ҳар бир либосни бир-бир қучоқлаб, бир-бир искаб-ҳидлаб, чунон йиғладимки, назаримда, осмон тоқи зириллаб кетгандек бўлди.
Охири отаси йиғлаб ўтирган жойидан туриб, Таврот оятларидан қироат қилди. Фотиҳага қўл очилди. Аммо улар қўлларини юзларига тортмайдилар.
Мен тиз чўкиб ўтириб Қуръон тиловат қилдим. Юзимга фотиҳа тортдим.
Онаси дастурхон тузамоқчи бўлди.
– Йўқ, аввал гўрини кўрсатинглар,– деб ўрнимдан турдим.
Хонадан ташқарига чиқдим. Ота-онаси кўчалик кийимларини эгниларига ташлаб олдилар.
Муаллим ҳамон кўзёшларини тия олмасди:
– Роҳила то жон таслим қилгунча ҳушёр бўлди, гапидан адашмади. Доим сизни ёд этди. Қулоғидаги бриллиант исирғасини кўрсатиб: “Буни ечиб олманглар, у менга мангу ҳамроҳ бўлсин”, деди. Суратингизни ҳам гўр ичига қўйишимизни васият қилди. Диндошларимиз билиб қолиб ғавғо кўтармасин деб уни Таврот оятларига ўраб кўмдик. Суратингиз Роҳиланинг кўкрагида, исирғангиз эса қулоғида…
Самарқанд. Шоҳизинда мозорининг жанубида мусулмонлар қабристони ёнида, бир девор билан ажратилган яҳудийлар қабристони бор.
Қабристонга бордик. Учовимиз яна ўзимизни тия олмасдан баралла товуш чиқариб йиғлаб юбордик. Ҳеч ким ҳеч кимга таскин бермади. Қанча вақт қабристонда бўлганимизни аниқ билмайман. Қоронғи тушиб қолди. Уйга қайтдик.
Эртаси куни йиғлаб-йиғлаб Бухорога қайтдим.
Роҳила: “Мен ўтиб кетганимдан кейин кўп йиғлайсиз, лекин фойдаси бўлмайди, фақат пушаймон қиласиз, холос”, деган гапи рост бўлиб чиқди.
Уч йил йиғладим. Беш куни кам 1100 кун кўзёшларим тинмади.
100 йил яшасам ҳам Роҳилани унута олмаслигимга узил-кесил инондим.
Самарқандга йўлим тушса, шанба куни албатта Роҳиланинг қабрини зиёрат қиладиган бўлдим.
Қачон Роҳиланинг қабрини излаб борсам, э-э воҳ, отаси ё онаси қабр бошида юм-юм йиғлаб ўтирган бўлади. Баъзан мен Роҳиланинг қабри устида йиғлаб ўтирганимда Роҳиланинг ота-онаси келиб қоларди.
Қабр устида йиғлаб ўтириб гоҳ ўзбекча, гоҳ форсча марсиялар ёзаман.
Роҳиланинг ўзи айтганидек, энди буларнинг ҳаммаси бефойда. Пушаймонликдан суд йўқдир.
Тушимда кўрганимда у мени “бевафо” деди. Ўшандан кейин муҳаббатим юз чандон ортиб кетди: мен сени ҳамон севаман, Роҳила!
Жудолик ғамида сабр косаларим тўлиб-тошиб кетган бўлса-да, Роҳилага бўлган муҳаббатим заррача камайгани йўқ.
Кечалари ой ёруғида ёлғиз ўтириб йиғлайман. Ўзимни бевафоликда айблайман.
Агар илгарироқ “Мен мусулмон, сен яҳудий” демасдан, қалбимга қулоқ солганимда борми, ҳозир ўз ёғимга ўзим қовурилиб юрмаган бўлардим. Нега Роҳиланинг энг буюк орзусини пучга чиқардим? Имкон қидирсам бўларди-ку!
Инсоний умиди пучга чиқмаганда у асло касалга чалинмасди. Висолдан умидини узган бўлса-да, муҳаббатидан воз кечмайди. Демак, муҳаббатдан мақсад фақат висол эмас экан-да! Демак, Роҳиланинг ишқи илоҳий ва ҳақиқий эди.
1916 йилнинг 13 апрел куни Роҳила фоний дунёни тарк этади. Ўшанда Роҳила 17 яшар эди.
Онаизори қизининг куйикига чидамасдан, олти ойдан сўнг юрак-бағри эзилиб вафот этади. У ҳам ўз васиятига кўра қизининг ёнига дафн этилади.
Роҳиланинг опаси Мариям Тошкентга турмушга чиқиб кетади.
Роҳиланинг отаси Шолом муаллим эса ҳовлисини сотиб Қуддуси шарифга кўчиб кетади ва анда вафот этади.
Самарқандга борсам, бирдан-бир таскингоҳим– Роҳиланинг қабридир. Ҳар баҳор унинг қабри гулларга бурканади. Кўзёшларим билан Роҳиланинг қабрида ўсиб ётган гул-чечакларни суғориб қайтаман.
Ажал жаллоди раҳм этмай айирди ул нигоримдан,
Юзи гул, сочлари сунбул, шакар лаб гулузоримдан…
***
Қувалик фидокор тарихчи дўстим Нодирбек МДА фондидан Мўъминжон Ҳакимнинг ўзбек тилида, араб имлосида ёзилган салкам 1000 саҳифалик “Хотира дафтари”ни буюртма бериб олиб, Қироатхонада бошини кўтармасдан мутолаа қилаётганини кўриб, кулгим қистарди: “Оббо, яна ўша муҳаббатномани ўқияпсизми? Туркистон мухторияти тарихини ким ўрганади? Носирхон тўранинг тақдирномаси яна юз йил чанг босиб ётаверадими?” деб қўярдим норози бўлиб. Нодирбек “Хотира дафтари”дан кўчирма кўтаради ва архив Қироатхонасида кўринмай қолади. Уч-тўрт кундан кейин телефон қилсам: “Фарғонадаман, ака, ҳадеб кўзингизга осий кўринавермай, деб уйда дарсхонамга кириб олиб Мўъминжон Ҳакимнинг “Хотира дафтари”ни… йиғлаб-йиғлаб мутолаа қиляпман”, деди. Баттар энсам қотади. Жиддий мавзу билан жиддий шуғулланаётган забардаст олимнинг аҳволи шу бўлса, додингни кимга айтасан! Академик даражасидаги олим йигит дарсхонасида битта табибнинг шахсий хотираларини ўқиб кўзёш тўкиб ўтирса, подани ким боқади?
Кейинги сафар Фарғонага борганимда умумий танишимиз Инъомжон Бузруковичдан: “Нодирбек ҳам кўринадими?” деб шунчаки сўрадим. “Э-э, барака топсин! МДАдан битта ҳамюртимизнинг хотира дафтарини опкепти, менга ҳам бир нусхасини ўқишга берди, йиғлаб-йиғлаб ўқияпман”, деб тумбочка тортмасидан даста-даста арабий варақларни чиқариб кўрсатади. Инъомжон Бузрукович саксон ёшдан ўтиб, хийла ўзини олдириб қўйган, астойдил намозхон бўлган, арабий хатни равон ўқиб йўқлаб келувчиларни ҳайратга солар эди; ёш боладек беозор ва таъсирчан бўлиб қолган эди. Йиғи-сиғига мойил бўлиб қолганини билмас эканман. Ҳойнаҳой, Нодирбек чолни ҳам йиғлашга ўргатган бўлса керак… Яхшилаб тузламасам бўлмайди шекилли, деб Нодирбекка Фарғонадан телефон қилдим, лекин яна дийдиё қилишимга имкон қолдирмади: “Ака, ўн-ўн беш дақиқадан сўнг Теракмозорда кўришайлик, гап бор!” деб жўшқин оҳангда гапни мухтасар кунад. Кўришдик Теракмозорда. Ол-а, қўлимга Мўъминжон Ҳакимнинг “Хотира дафтари”дан ўн саҳифа парчани тутқазса бўладими! Ноилож олдим. Доим изланадиган ва битта ҳақиқатни топиб олиб, нуқул ўзиникини маъқуллайдиган одамдан олим чиқишига азалдан гумоним бор эди. Мана, шу гапимнинг тасдиғи рўпарамда куйдирган каллага ўхшаб турибди. Яна нима дейман! Нодирбек билан гапни қисқа қилдим: “Эшитдим, ўзингизга ҳамдард топиб олибсиз, чол ҳам йиғлаб ётибди”, деб хайр-хўшлашдим. Тошкентга қайтдим.
Бекорчи пайтим Нодирбек менга илинган парчани шунчаки кўздан кечирдим. Яхши тушунмадим, шекилли. Кейин астойдил қайта ўқидим. Э-э, воҳ…
Нодирбекка телефон қилиб раҳмат айтсаммикан ёки аввал Мусулмон билан Жўрабекка ҳам ўқитиб кўриб, уларнинг ҳам фикр-мулоҳазаларини эшитиб, кейин сиполикни бой бермасдан: “Ўзингизнинг асосий илмий ишингиз – Туркистон мухторияти ҳам, шаҳиди шариф Носирхон тўра тақдирномаси ҳам эсингиздан чиқиб кетмаса чакки бўлмасди-да, дўстим!” деб қўя қолганим маъқулмикан?
Сиз нима дейсиз, ўқувчи?
Тошкент,
2017 йил 25 май

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...