понедельник, 19 февраля 2018 г.

Оғам билан суҳбат

Матназар оғанинг Тошкентдаги маъракаси арафасида (2010 й.) “Ҳуррият”да чоп этилмаган мўъжазгина хотира-мақолам сарлавҳасини дўстим Рўзимбой Ҳасанга бўлажак китоби учун ҳадя қилганман. Лекин, камбағалда лафз бўлмайди, деган гапда жон бор экан. Бир неча кундан буён Матназар оғам тўғрисида Тошкендаги таниш-билишларга хотира-мақола ёзиб беришни илтимос қилиб юриб, қоғоз қоралайман десам, ажаб-ажаб, бирорта жўяли сарлавҳа хаёлимга келмади. Охири эски номдан фойдаланишга қарор қилдим. Майли, шундан кейин сарлавҳани бутунлай Рўзимбойга инъом этаман.

Хоразмни қазсангиз агар
Ер остидан дарёлар чиқар.
Хоразмни қазсангиз агар
Ер остидан дунёлар чиқар...

Илгари Хоразмга борсам, Рўзимбойнинг Урганчда иши бор кунларини мўлжаллаб сафарга чиқардим. Эрталаб поезддан тушиб тўппа-тўғри Матназар оғанинг ишхонасига борардим. Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимида Матназар оға ишлаб ўтирган бўларди. Суюниб кетарди бояқиш. Биргалашиб ўша тобда Матназар оғани ўйлантираётган мавзу тўғрисида бош қотирар эдик. Масалан, Матназар оға кўпдан буён Боғотга бориб, Пичоқчи қишлоғи яқинидаги бирорта сербалиқ захкашга қармоқ қуриб ўтиришни ният қилган бўларди.
– Кўпчилик керакмийди. Рўзимбой Эрпўлатни ҳам чақирса бас. Вағир-вуғур кучайиб кетса, балиқ қармоққа келмайди. Ҳовва.
Балиқ овлаш учун энг уқувсиз укаларини ёнига оларди оғамиз. Эрпўлат баъзан ими-жимида “ов”га чиқиб юришини мен билмасдим. Рўзимбой эса фақат шовқин-сурон кўтариб, қармоққа илиниб турган балиқни ҳам қочириб юборарди.
Матназар оға балиқ тутиб ейиш учун сув бўйига бормасди. Хаёл суриб ўтириш ёки шунчаки ҳар хил мавзуларда гаплашиб келиш мақсадида кўнгилга яқин жўраларини овга даъват этиб қоларди...

Ёз жазирасид Рўзимбой, Матназар оға учовимиз Полвонёп икки ўзанга ажралган жойдаги қумтепа ёнида кун бўйи чўмилганимизни кўп эслайман.
– Мана шу жойда Озод Шарафиддинов, Шавкат Раҳмон билан ҳам чўмилганмиз. Ўшанда Озод ака қумтепага кўтарилиб: “Аблаҳлар, қизил итваччалар! Мен сенларга тириклайин таслим бўлмайман! Эргаш қўрбоши тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлишни афзал кўради! Пақ-пақ!” деб кўрсаткич бармоғи-тўппонча билан ўзининг чаккасига кетма-кет икки марта ўқ отиб, нариги томонга юмалаб кетган эди. Биз Шавкат икковими юлғун соясида суҳбатлашиб ўтирган эдик. Домланинг гапларини эшитиб роса кулган эдик, – деб ҳикоя қилган эди Матназар оға.
Бу суҳбат ҳали СССР парчаланмаган йилларда бўлиб ўтади.
Эҳтимол, ўша эркин “ижодий мулоқотлар” самараси ўлароқ кейинчалик Шавкат Раҳмон “Хоразм туркуми”ни яратади.
Бир йили кузакда Рўзимбой, Матназар оға учовимиз кўҳна қалъаларни бирма-бир зиёрат этиб чиқдик. Рўзимбой отамерос “Москвич” машинасида бизни олиб юради. Йўл-йўлакай қовунхўрлик қиламиз, нонимиз бор... Бир куни қуёш ботаётган чоғда қайси бир қалъа харобалари пойига машинани қолдириб, ўзимиз уч тарафдан юқорига кўтарилдик. Учовимиз уч томонда, девор тепасида нафас ростладик. Секин-секин гапирсак ҳам товушимизни бемалол эшитар эдик. Кун ботаётган пайтларда товуш яхши тарқалади. Чарчаган эдик. Чанқаганмиз. Биринчи бўлиб Матназар оға пастга эна бошлайди.
– Туядан сўраган экан: “Юқорига кўтарилиш қийинми, пастга тушиш қийинми?” Шунда туя: “Э-э, учинчисининг қ.с., сўраманг!” деган экан зардаси қайнаб.
– Чиқиш – бир, тушиш – икки. Учинчиси нима экан? – деб сўраймиз.
– Учинчиси – чанқов, сувга ташналик, – деб кулади Матназар оға.
Хахолаб юборамиз. Дарҳақиқат, ўша пайтда ҳаммамиз жуда чанқаган эдик.
Аслида, туя қирқ кеча-кундуз озиқланмасдан юриши мумкин. Лекин очликка чидаган туя ҳам сувсизликка чидамас экан.
Бу латифа ўша пайтда унча-мунча одамнинг хаёлига келмайди. Матназар оға табиатан ўзига, ўзининг ҳолатига танқидий баҳо бера оладиган қудратга эга бўлган кучли одамлар тоифасига мансуб эди. У ҳар доим ўзини назорат қила оларди, ўзига танқидий баҳо бера оларди.
Ўшанда бир кеча Тўрткўлда, Рўзимбойнинг узоқ қариндошлари хонадонида тунаб қолган эдик. Ярим кечагача кўпни кўрган момомизнинг кўрган-кечирганларини эшитганмиз. Яна бир кеча Берунийда тунаган эдик.
Матназар оға тўкис қомусга ўхшарди. У билан ҳар қандай мавзуда гаплашиш мумкин эди. Суҳбат малакали бўларди. Бачкана мавзулар ўз-ўзидан четга чиқиб қоларди, Матназар оға ўтирган даврага бачкана мавзулар яқинлаша олмасди.
Навоий бобонинг “Чор девони”ни мутолаа қилганимдан сўнг ғазалларни ўзимча хронология ипига тизиб чиқдим. Ўша хронология бўйича роман ёзмоқчи бўлдим. Битта эмас, тўртта роман бўлади – тетрилогия. Ягона сюжет йўналиши бўлиши шарт эмас, лекин бошдан-охиригача Навоий бобо илгари сурган ғоявий ақоидларга амал қилинади. Руҳий оқим ўқувчини ушлаб туриши лозим. Зерикарли бўлмаслиги керак. Навоий бобо яшаган муҳит аниқ-равшан акс этмоғи шарт. Демак, Ҳирот шаҳри XV аср кўринишида кўз ўнгимизда яққол намоён бўлмоғи лозим. Нафақат Ҳирот, ўша пайтлардаги Самарқанд, Балх, Кобул, Марв (Байрамали), кўҳни Урганч, Машҳар, Астробод, Гушка, Тахтабозор. Илотан, Чоржўй... У пайтларда одамлар Ҳиротдан Самарқандга қайси йўналиш бўйлаб келарди: Ҳирот – Балх – Термиз – Қарши бўйлаб келишармиди ёки Ҳирот – Гушка – Тахтабозор – Мурғоб – Илотан – Марв – Урганч – Бухоро орқали келишармиди?
Матназар оға хомаки режаларимни эшитиб суюниб кетади. Тун бўйи гаплашиб чиқамиз. Агар ана шу режа амалга ошадиган бўлса, дунё адабиётида беқиёс асар пайдо бўлиши аниқ эди.
Ўша режа ҳозир ҳам кун тартибида турибди.
Матназар оғанинг шахсий кутубхонасида Навоий бобонинг кўп жилдлик асарлари орасида “Чор девон” ҳам бўлса керак. Мавриди бўлса, Матназар оға махсус белгилар қўйиб мутолаа қилган ғазаллар рўйхатини кўчириб олишим керак. Агар келажакда ўша тетрилогияни ёзиб битириш насиб этса, уни албатта Матназар Абдулҳакимга бағишлайман.
Шавкат Раҳмоннинг Дўрмон Ёзувчилар боғидаги боғ-ҳовлиси 1997 йилда каминанинг қарамоғида эди. Баҳорнинг охирларида Муҳаммад Юсуф бозорга бориб “Димламабоп” харажат қилиб келади. Қозонга масаллиқ босилгач, газ олови пасайтириб қўйилади.
– Масаллиқнинг ҳаммасини босдингизми? – деб сўрайди Муҳаммаджон.
– Ҳаммаси босилди.
– Ие, афанди-ей! Икки киши икки кило қўй гўштини ея олмайди-ку! Шолғом, сабзи, саримсоқ, кўкатлар, помидор, қалампир... Ёрилиб кетсак керак!
– Бўпти, меҳмонхонада Матназар акам бор, уни ҳам таклиф қиламан. Бирга тушлик қиламиз, дейман. Қалай?
– Бўлади. Мен Матназар акани ҳурмат қиламан, шеърлари зўр! Лекин ўзи билан салом-аликдан нарига ўтмаганман. Майли, бемалол гаплашиб ўтирамиз, – дейди Муҳаммаджон.
Матназар акани тушликка таклиф қиламан.
– Муҳаммаджон учовимиз ўтирамизми? – деб сўрайди Матназар оға.
– Ҳа, учовимиз ўтирамиз. Нима бўпти?
– Ҳеч нима, – дейди Матназар оға. Кўнглида қандайдир иштибоҳ борлигини сезаман.
Тушлик маҳали ўрик остидаги сўри-чорпояга жой ҳозирланади. “Димлама” сузиб, дастурхонга қўйилади. Матназар оға тўрга ўтқазилади. Мен пойгакда ўтириб, чой-пойдан хабар олиб тураман. Муҳаммаджон эса чап томонда ўтириб, Матназар оғага сидқидилдан хизат қилади. Дастлаб, Матназар оға қисиниб-хижолат чекиб ўтиргандек бўлади. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас бемалол ҳадди сиғадиган укалари даврасида ўтирганига ишонч ҳосил қилади: қўлтиғига ёстиқни тортиб ёнбошлаб олади. Муҳаммаджон ҳам қўлтиғига ёстиқни тортади.
Туш пайти бошланган суҳбат шомгача давом этади. Гаплашилмаган мавзу қолмайди. Кечки пайт Мадина келиб дадасини чақириб кетмаганида Муҳаммад Юсуф шу ерда ётиб қолишга ҳам рози эди.
Муҳаммаджон яна эрта-индин кўришиш нияти борлигини айтиб, дала-ҳовлисига йўл олади.
– Ростини айтсам, Набижон, мен Муҳаммад Юсуфни енгил-елпи қўшиқбоп шеърлар ёзиб юрадиган учарлардан бўлса керак деб юрардим. Жиддий йигит экан-ку! Мен уни яхши кўриб қолдим. Дим яхши йигит экан. Бизни учраштириб, яқиндан таништириб қўйганингиз учун раҳмат! – дейди Матназар оға.
Улар кейинчалик яқин бўлиб кетишади.
Матназар оға номзодини дастлаб ҳар хил сийловларга тавсия этган инсон ҳам Муҳаммад Юсуф бўлади.
Яқинда Анвар Обиджондан: “Матназар ака билан қандай яқинлигингиз бор эди? У Тошкентга келганида уйингизга меҳмонга таклиф қилганмисиз?” деб сўрадим. Анвар ака сигарет тутунини босим ичига ютиб: “Доим меҳмонга таклиф этардим, лекин Матназарнинг вақти бўлмасди, биз фақат оёқ устида гаплашардик, холос. Бир-биримизни жиддий ҳурмат қилардик. Матназар инсон сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам зўр эди”, деди.
Илгар ҳам айтганман, чамаси, 1986 йил бўлса керак, Анвар Обиджоннинг “Муштум” кутубхонаси туркумида чоп этилган “Безгакшамол” шеърий тўпламини Матназар оға Хонқадаги битта ўтириш чоғи меҳмонларга бошидан-охиригача ўқиб берган эди. Менимча, “Безгакшамол”дан сўнг Матназар оға “Минорага мактуб” шеърини Анвар Обиджонга бағишлаган бўлса керак.

Ватандошмиз иккимиз, дўстим,
Шаклдошмиз, ҳатто, начора.
Фақат қисматимиз бошқача,
Мен мўриман, сен-чи, минора...

Умид билан ёритар бизни
Меҳрибон тонг, мунис саҳарлар.
Таралади сендан ибодат,
Сочилади мендан заҳарлар.

Анвар Обиджон Юсуфжон Қизиққа, Умар Хайёмга, Трамвайга, ҳатто менга ҳам шеър бағишлаган:

                            Қўқонча шамол
Томни тешиб, дарахтларни букиб ўтди,
Боғлардаги бор мевани тўкиб ўтди,
Увлаб, бизни чангитганча сўкиб ўтди
Набивой Боқийга ўхшаган шамол.
                                                         2011

Хўш, Анвар Обиджон қачон Матназар Абдулҳакимга шеър бағишлар экан?

Матназар оға Хоразмни тўлдириб юрарди. Ҳозир, менинг назаримда, Хоразмнинг бир томони кемтик бўлиб қолганга ўхшайди. Тўғри, ҳаёт давом этяпти. Ҳаёт давом этаверади...
Дарвоқе, 2010 йилда Матназар оға бетобланиб қолади. Мен ёзнинг айни чилласида Хоразмга келаман. Кунлар ниҳоятда исиб кетган эди. Оғам билан кўришдим. Уч-тўрт кун юрдим. Қарасам, бўлмайди. Салқинда ҳам жон сақлаш қийин эди.
Матназар оғам билан битта хотира китоби тайёрлашга келишиб олдик: мен савол беравераман, у киши жавоб бераверади. Савол-жавоб диктофонга ёзиб олинади. Кейин мен Тошкентга кетиб савол-жавобларни оқ қоғозга кўчириб қайтиб келаман. Матназар оға матнни ўқиб, фикр-мулоҳазаларини айтади, кейин тўлдирилган нухса яна бир бора кўздан кечирилади. Хуллас, шу тартибда йирик насрий китоб ҳозирланади.
Мен кузда Хоразмга қайтиб келадиган бўлдим. Хайр-хўшлашдик.
– Унгача соғлигим ҳам яхшиланиб қолса керак, иншаоллоҳ, – дейди оғам.
– Дардни берган Зот шифосини ҳам беради, – деб ишонч билдираман.
Ростини айтсам, Матназар оғамнинг дарди қанд касали билан боғлиқ бўлгани учун оғир бўлмаса керак, энди қатъий тартиб-қоида бўйича яшашга мажбур, холос. Одамлар қанд касали билан қирқ йил ҳам яшаши мумкин, деб ўйлардим.
Афсуски, куз ойларида бирдан Матназар оғанинг аҳволи оғирлашади. Бир оқшом Рўзимбой шолипоядан қўнғироқ қилиб қолади: “Ҳозир Матназар оғанинг олдидан қайтдим. “Энди Набижон китоб ёзишга улгурмайди”, деди. Йиғлаб юборишдан аранг ўзимни тийиб қолдим. Мана, йиғлаётганимни бола-чақа кўрмасин деб шолипояга чиқиб кетдим”, деди.
Рўзимбой қўнғироқ қилганидан сўнг икки кун ўтиб Матназар оға узилади.
Биз режалаштириб қўйган китоб ёзилмай қолди. Насиб этса, келаси сафар Хоразмга борганимда Музаффар билан бориб оғамизнинг шахсий кутубхонасини кўздан кечириб, тетрилогия учун мўлжаллаб қўйилган матнларни қидирб кўраман.

...Ҳали бир авлод келгайдир
Номингиздан тавбалар айтиб.
Шунда, иншооллоҳ, ҳаммамиз
Ер юзига чиқармиз қайтиб!


Ассалому алайкум.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...