вторник, 17 апреля 2018 г.

52. Чилонжийда


Ўзимга ўзим дам олиш куни эълон қилиб сайрга чиқдим. Боғда Аҳмад Хоразмий чилонжийдани қоқиб бўз тўшама устига ёйиб саралаётган экан. Каптар тухумидек сип-силлиқларини офтобга суриб, буришиб қолган қисмини салқин томонга уюб қўяр эди.
-Ҳорманг энди, – дедим йўлнинг четига чўнқайиб.
Тўшама устида эмаклаб юрган Аҳмад Хоразмий илкис бошини кўтариб бирпас манга тикилиб қолди. Сўнг бирдан жилмайиб қаддини тиклади.
-Э-э, саломат бўлинг, ёшулли, саломат бўлинг! – Майсазор бўйлаб йўлкага чиқди. Сўрашдик. – Қаранг, Хизрни йўқласам бўлар экан, шу тобда кўнглимдан ўтказган эдим.
-Бўрини йўқласангиз, қулоғи кўринади-да! – деб кулдим.
-Йўқ-ай, йўқ-ай, ундай деб одамни уялтирманг, ёшулли! – Чап қўлида ҳовучлаб турган уч-тўрт дона чилонжийдани узатди.
Чилонжийдани олиб ўрнимдан турдим: ҳув нарида туфлисининг боғичини боғлаётган киши бўлиб ўриндиққа чап оёғини тираб энгашиб турган адютантимга кўз қирини ташладим. У боғични туфли қўнжига қистириб дарҳол ёнимга етиб келди. Кафтимни очиб чилонжийдаларни кўрсатдим. Адютантим бир донасини олиб оғзига солди, уч-тўрт марта ямлаб ютиб юборди. Билагимдаги соатга қараб қўйдим.
-Қайси ниятда кўнглингиздан ўтдим, Аҳмад оға? – дедим ўсмоқчилаб.
-Сиз гапди охиригача эшитинг, кейин қайси томонга бурсангиз, майли, ихтиёр ўзингизда, – деди ўпкаланиб.
Жадал бориб бир ҳовуч чилонжийда келтирди-да, ҳаммасини оғзига тиқиб лунжларини шишириб чайнай бошлади. Оғзида атала ҳосил бўлгач, осмонга қараб туриб луқмани лиқ-лиқ этказиб ютиб юборди; бошмалдоқдек кекирдаги нари бориб бери келди.
-Данагини ҳам ютиб юбордингизми?
-Ютиб юбордим, – деди бўғриқиб. – Ўлдирса чилонжийданинг данаги ўлдирсин!
-Хоразмликларнинг жаҳли бурнининг учида турадими, нима бало! Ман инструкцияга амал қилдим, холос. – Билагимдаги соатга қарадим, сўнг адютантимни бошдан-оёқ кўздан кечириб: – Ўзгариш йўқми? – деб сўрадим.
-Дим мозали экан, хароп! – деди адютантим тамшаниб. – Яна уч-тўрт дона есам майлими? – Йўлкадан майсазорга тушди.
-Мандан эмас, Аҳмад оғадан рухсат сўра, – дедим.
-Йўқ! – деди Аҳмад оға кескин товушда. Бирпас ўйланиб жилмайди-да, қўшиб қўйди: – Майли, рухсат, лекин ҳаром ўлсангиз ман жавоб бермайман!
Адютантим тисарилиб йўлкага қайтиб чиқди. Чамаси, ҳаром ўлишни истамади.
Ман ҳовучимда турган чилонжийдаларни оғзимга солдим. Кўзларимни юмиб обдон чайнаб ютдим. Данагини туфлаб ташламадим.
-Аҳмад оға, ишқилиб, данаги чиқиб кетадими? – деб кулдим.
-Чиқишга чиқиб кетади-ю, лекин кўндаланг келиб қолса, йиртиб чиқиб кетади, – деб иш жойига қайтди. – У ёғига ман жавоб бермайман.
Адютантим охири чидаб туролмади: хирмон тепасига бориб бужмайган чилонжийдадан ҳовучини тўлдириб олди; кафтини оғзига яқинлаштириб уч-тўрт донасини бирдан ҳўплаб-ҳўплаб маълум масофага узоқлашди.
Чаккамни қашлаб Аҳмад аканинг ёнига бордим. Хирмон тепасига чўнқайиб ўтириб бир ҳовучини қўлимга олиб ҳидладим.
-Буни Хоразмда нима дейишади? – деб сўрадим.
-Унаби. – У чилонжийдаларни саралашга киришган, ишдан бош кўтармас эди.
-Оддий жийда кўпми ёки унаби?
-Оддий жийда кўп экилгани учун аҳмақ одамлар шу жийданинг тури кўп бўлса керак деб ўйлайди. Аслида, ундай эмас. Оддий жийданинг эллик тури мавжуд бўлса, чилонжийданинг бир юзу қирқ тури бор.
-Йўқ-ай, алдатманг!
Аҳмад оға хахолаб юборди.
-Ана, нон турибди! – деб бўз тўшама четида турган яримта нонга ишора қилди.
-Ишондим, ишондим, – дедим кулиб. – Лекин одам кутилмаган фактга дуч келиб қолса, барибир ишонмас экан.
-Оддий жийда жийдадошлар туркумига киради, чилонжийда эса жумрутдошлар оиласига мансуб. Итжумрут, тоғжумрут каби турларидан дори-дармон тайёрланади. Унабининг ўзи ҳам қон босимини меъёрида сақлайди, ошқозон, ичак йўлларини ҳар хил текинхўр бактериялардан тозалайди. Унабида одамди заҳарлаш хусусияти мутлақо йўқ.
-Манда бирор ишингиз бормиди? – деб гапни бошқа томонга бурдим.
-Ҳа, – деди Аҳмад ака чўк тушиб. – Рухсат берсангиз, ман Лондонга кетмоқчиман.
-Тинчликми? Нима бало, сиз ҳам мухолифат сафига қўшилиб кетасизми?
-Йўқ-ай! Анчадан буён Кэтрин исмли битта аёл билан Интернет орқали хат ёзишиб турамиз. Ҳеч қўймаяпти, ёнига чақиряпти. Лондонга бориб унга уйланаман. Қироллик коллежидан агрокимё фанидан дарс ҳам топиб қўйибди.
-Шунақами? – дедим ҳайрон бўлиб. – Майли, ўйлаб кўрай-чи, кейинроқ жавобини айтаман, – деб орқамга қарадим: адютантим ҳув наридаги ўриндиқда кавшаниб ўтирарди. Кўнглим равшан тортиб ўрнимдан турдим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...