понедельник, 2 апреля 2018 г.

35. “Боғ аро қўйсам қадам...”


Машҳур халқ қўшиғининг нолакор мусиқаси эшитилади. Ажаб, қўшиқ мусиқасини сурнайда ҳам чалса бўлар экан-да! Авж пардалари бураб юборилади; куй гўё эшилиб-тўлғониб инграётгандек янграйди. Куй битта созда чалиняпти: на доира бор, на тор ва на дутор.
Сурнай деб тусмол қилганим, аслида, флейта деган (италянча Flauto, лотинча Flatus – шамол, шамолнинг эсиши) чолғу асбоби экан. Ман илгари флейта товушини хийла йўғон бўлса керак деб ўйлардим. Бу асбобнинг шу қадар ингичка оҳанглари бор эканки, беихтиёр “Войдод, дў-ўст!” деб қичқириб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Қароргоҳдаги кабинетимга ранг-рўйи бўзариб кетган адютантим эшикни аста очиб мўралади. Қулоғимга наушник тақиб диктофонга ёзилган суҳбатни эшитиб ўтирганимни кўриб яна эшикни орқасидан зичлаб ёпиб қўйди.
Қўшиқ мусиқаси ниҳоясига етгач, хийла пайт сукут сақланди.
– Раҳмат, қўлингиз дард кўрмасин, – деган ожиза товуши эшитилди.
– Мусиқани қўлим билан эмас, оғзим билан чалдим, – деди созанда ҳазил аралаш. – Агар флейтани пуфлаётганимни кўрганингизда борми, мани вақ-вақ этиб сайраётган бақага ўхшатишингиз мумкин эди: қулоқларимнинг остигача пуфакдек шишиб кетади. Карнай чалишдан кўра, флейта чалиш оғир.
– Флейта темирдан ясаладими?
– Темирдан ҳам ясаш мумкин. Лекин маники тутдан ясалган.
– Уни найга ўхшатиб чалдингизми ёки карнайгами?
– Найга ўхшатиб чалдим.
                         Вой, сурнайга ўхшамайдими? Товуши ўхшар экан-ку!
Қаҳқаҳа янграйди.
– Товушини ҳамма нарсага ўхшатиш мумкин, бу нарса созанданинг маҳоратига боғлиқ. Тўғри, сиртдан сурнайга ҳам ўхшаб кетади. Аммо унинг бармоқлар билан беркитиладиган тешикларидан ташқари ҳам доим ёпиқ турадиган қопқоқчали механизмлари ҳам бор, улар фақат керакли пайтларда очилади.
– Тавба, Орупада кашф этилган асбоб билан ҳам миллий куйларимизни ижро этиш мумкин экан-да!
– Флейта чексиз имкониятга эга. Катта флейтанинг овоз ҳажми уч октавага бориб етади. ХХ асрда яшаб ўтган ҳофизларимиздан Муҳиддин қори Ёқубов билан Ҳожихон Болтаевларнинг овозигина уч октавага етган, холос. Улар ноёб овоз соҳиби бўлган. Агар улар Оврупада яшаганларида бутун дунёни забт этган бўларди.
– Флейта учун махсус нота бўладими?
– Йўқ, ноталар скрипка калитида, эшитилиши бўйича ёзилади. Ман жуда кўп миллий қўшиқларимиз куйларини скрипка калитида нотага кўчириб, флейтада ижро этишга мослаб қўйганман. Баъзи бир куйларимиз Катта флейтада эмас, Пикколо деб аталадиган Кичик флейтада ижро этилиши керак. Бунда овоз ҳажми биринчи октавадаги РЕдан учинчи октавадаги СИ-бемолга қадар бўлиб, октава юқори даражада садо беради. Паст садо керак бўлса, куйнинг маълум бир жойлари Альт флейтада ёки Бас флейтада ижро этилса, нур устига нур бўлади. Агар паст садо биринчи октавадаги ФАга қадар бўлса, Бас флейтадан фойдаланиб, ҳар қандай куйни маромига етказиб ижро этиш мумкин.
– Ман бўлсам, Ҳафизулла, мумтоз куйларимизни фақат ғижжакда ижро этиш мумкин деб ўйлар эканман.
– Кейинги чорак аср мобайнида ижрочилик санъатида Абдуҳошим ака культи ҳукмронлик қиляпти. У киши беназир созанда. Умрлари узоқ бўлсин-у, лекин оламдан ўтиб кетса санъатни тушунадиган созандалар беҳуда чиранмасдан ғижжакларини михга илиб қўйиб, бемалол дамларини олиши керак. Миллий чолғу асбобларини боши узра кўтариб чиқиб устоз байроқ тикиб қўйган чўққига асло яқинлашиб бўлмайди. Бир томони – шу сабабдан ман атайлаб Вена шаҳрида етти йил олмон маэстронинг эшигини супуриб юрдим... Нимагадир эришдим, шекилли. Яна қайдам.
– Исмингиз нега Ҳафизулла? Уни ким қўйган?
– Афғонистоннинг биринчи президенти Ҳафизулла Амин ўлдирилган йили, апрел ойида туғилганман. Ўша зот шарафига бобом манга “Ҳафизулла” деб исм қўйган экан. Исм маъноси “Аллоҳ паноҳидаги инсон” дегани бўлса керак.
– Нега телевизорга чиқмайсиз? Консерт берсангиз бўлмайдими?
– Телевизорда пишириб қўйибдими! Ман Оврупа саҳналарида консерт беришим мумкин. Ҳозир манга кичик флейталарда жўр бўлиб турадиган шогирд тайёрлаяпман. Агар шогирдим бирорта отарчи гуруҳга қўшилиб кетмаса, насиб этса, келаси йили Парижда консерт бераман.
                        Мақтанмаяпсизми?..
Сукунат. Диктофондан ту-ту-ту деган товуш эшитила бошлайди.
Чамаси, Ҳафизулла тугмачани босиб уяли телефонини ўчириб қўяди.
Ён дафтарчамга қайд этиб қўйдим: “Мустақиллик байрами арафасида Ҳафизулла Аминовга Юртменистонда хизмат кўрсатган артист унвони берилиши керак”.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...