Хушмат деганлари хира пашшага
ўхшаган йигит экан. У ёқда кадрлар масаласи билан шуғулланадиган Авлиёқулнинг
антак-тентагини чиқариб юборди, бу ёқда Иноят Махсумни ҳоли-жонига қўймайди.
Яқиндан буён айнан ишга келадиган пайтим Ўрда атрофида йўлимни пойлаб турадию
машинадан тушаётганимда шартта рўпарамда пайдо бўлади.
– Ман сизни яхши кўраман, – деди
бир куни тўсатдан.
Шошиб қолган адютантим қўлтиғига
беихтиёр қўл югуртириб тўппончасини чиқариб пақ этказиб отиб ташламоқчи бўлди.
Ҳай-ҳайлаб уни аранг тўхтатиб қолдим.
– Кимсан?
– Ман Хушмат бўламан.
– Қайси Хушмат? – дедим
талмовсираб. – Бўлди, энди эсладим: матбуотда анави Қаламкаш билан олишиб юрган
журналист санми?
– Ҳа, ўша ман.
– Хўш, хизмат, Хушматжон?
– Ишсизман. Ваъда қилинган
лавозимдан ҳамон дарак йўқ-ку!
Ажабланиб башарасига тикилдим:
бундай сурбет одамни умримда биринчи марта кўраётган эдим. Қизиғи шундаки,
афт-ангорида битта тук ҳам қилт этмасди.
– Иш бўлади, бир оз кутиш керак, –
дедим.
– Шошманг, илтимос, лифтда сиз
билан олтинчи қаватгача бирга чиқишга рухсат беринг!
– Олтинчи қаватда нима қиласан?
– Ҳеч нарса қилмайман, зинапоядан
юриб ўзим қайтиб тушаман.
– Бўпти, юр бўлмасам, – деб
қўлтиғидан олдим.
Энсам қотди, аммо сир бой
бермадим.
– Қаерликсан? – деб сўрадим
йўл-йўлакай.
– Ман мустақил Юртменистон
фарзандиман! – деди шовқин аралаш.
– Нега бақириб гапирасан? Қулоғинг
оғирми? – Елкасига туртиб қўйдим.
– Кечирасиз, ҳаяжонланяпман. Айбга
буюрмайсиз.
Олтинчи қават йўлагида қўл бериб
хайрлашдик.
Кабинетга кириб дарҳол Авлиёқулни
ҳузуримга чақирдим.
– «Қандолатчилик» деган журнал
ташкил этиш керак. Унга Хушмат бош муҳаррир этиб тайинлансин, остига хизмат
машинаси ажратилсин, хонасига ҳукумат телефони ўрнатилсин. Штат масаласида бош
муҳаррир билан маслаҳат қилинсин.
Авлиёқул ён дафтарчасини ёпиб
ўйланиб қолди.
– Шу йигитни ёнимизга
яқинлаштирмаслик керак, – деди. – Жуда беқарор, шохдан шохга сакраб юрадиган
читтакка ўхшайди.
– Биламан. Лекин сиёсатдан узоқ
турадиган иқтисодий тармоқ журнали ташкил этиб берсак, кейинчалик ҳам бакор
келиб қолиши мумкин.
– Қайдам, – деб Авлиёқул хомуш
бўлиб кабинетдан чиқиб кетди.
Стол устида имзо чекишим зарур
бўлган хат-ҳужжатлар уюлиб ётган эди. Ҳаммасини четга суриб, «Қандолатчилик»
журналининг хомаки лойиҳасини тузишга киришдим. Мундарижасини, ёритилажак
мавзуларни белгилаб қўйдим: «Хива хонлигида қандолатчилик», «Бухоро амирлигида
қандолатчилик», «Қўқон хонлигида қандолатчилик», «Мамлакатимизда қандолатчилик
анъаналари», «Қандолатчилар сулоласи», «Замонавий қандолатчилик» ва ҳоказо. Торт,
конфет, парварда, ҳолва...
Рангли журнал сметасини Молия
вазири оғриниброқ тасдиқлаб берди.
– Бир йил боқиманда бўлиб ўтирса,
кейин ўзини ўзи эплаб кетар, – дедим. – Обунасига қарашиб юборсак, хазинага
оғирлиги тушмайди.
Орқаворатдан суриштириб кўрсам,
Хушмат енг шимариб ишга киришибди: шаҳар ҳокимиятини тўс-тўполон қилиб
яқиндагина капитал таъмирдан чиққан бинони таҳририят учун ажратиб олибди.
Нишона сони учун мандан Табрикнома ёзиб беришимни қисталанг қила бошлади.
Таҳрир ҳайъатига каминани фахрий раис этиб қўймоқчи бўлди. Албатта, бундай
таклифлар рад этилди. Оқсоқол адиблар, халқ назарига тушган артистлар номидан
табрикномалар уюштирилди. Таҳрир ҳайъати аъзолари рўйхатидан номимни чиқариб
ташлашни талаб қилдим. Ман панада турмасам, анави Қаламкашга худо беради: заказ
қилиб фелъетон ёздирди, энди кучукваччасининг бошини силаяпти деб мишмиш
тарқатади.
Аслини олганда, қадимий
анъаналарга эга бўлган мамлакатимиз учун «Қандолатчилик» журнали керак эди.
Ишқилиб, ҳолвани ҳоким еб,
калтакни етим емаса кошкийди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий