понедельник, 2 апреля 2018 г.

25. Уругвай


Мисрда ёшлар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланди. Гуруҳ босқичида бизникилар Гана, Уругвай, Англия терма командаларига рўпара келди. Ёшларимиз дастлаб Гана футболчиларига қарши майдонга тушди. Гарчанд сардорлик боғичини боғлаб олган Ш.Каримов рақиб дарвозасига тўп киритган бўлса-да, Африка филларидек бақувват ўйинчиларга бас келиш амримаҳол эканини яққол ҳис этиб ўтирдим. Бизникилар камида қўтосдек ҳаракат қилиши лозим эди. Аксинча, қўтос жасорати талаб этилган жойда ҳийла-найранг йўли танланди ва охир-оқибат майдондан бош эгиб чиқиб кетишди.
Футболни томоша қилаётган чоғимда мушукчамни тиззамга олиб бошини силаб ўтирган эдим. Ўйин тамом бўлган заҳоти мушукчани миёвлатиб, телевизор экранига қарата чирқиратиб отиб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Мушукча экранга вағғ этиб урилдию тап этиб гиламга тушди. Ўлдими-қолдими — билмайман, боғчага чиқиб кетдим.
Ниҳоятда дарғазаб бўлганим терма команда тренерининг қулоғига етиб борган шекилли, ўйинчилар Уругвай билан учрашувга бошқача кайфиятда майдонга тушди. Қўтосдек бўлмаса-да, ҳартугул, майдонда дадил ҳаракат қилдилар. Аммо маҳорат етишмаслиги яққол сезилиб турарди; ҳеч ким ташаббус кўрсатишни, кутилмаганда мустақил қарор қабул қилиб рақибни шошириб қўйишни зиммасига олмасди. Ташаббус, мустақиллик коптокка қўшилиб шерикдан шерикка узатилар, охирида энг ноқулай ҳолатда турган футболчига етиб келардию дуч келган томонга тепиб юбориларди. Бизникилар сафида бирорта ҳам мустақил қарор қабул қилишга қодир бўлган футболчи йўқ экан. Ўйиннинг пачаваси чиқди... Ҳасанали бошини оппоқ бинт билан боғлаб қўйган мушукчамни аста гилам устига қўйиб юбориб ўрнимдан турдим. Ўйинни охиригача томоша қилишга сабрим чидамади. Яна-тағин мушукчамга жабр бўлиши мумкин эди. Боғчамга йўл олдим. Остонада туйқус рўпара келиб қолган адютантимнинг башарасига шапалоқ тортиб юбордим.
– Кўзингга қарамайсанми, ҳўкиз! – деб орқасига ҳам бир тепдим.
– Кечирасиз, ўн дақиқадан кейин ташқарига чиқишингиз керак эди, – деб билагидаги соатга ишора қилди. – Шошиб қолдим.
– Нима, ман қўнғироқ чалинганда ташқарига чиқиб, яна қўнғироқ чалинганда ичкарига югуриб кирадиган ўқувчиманми?! Хоҳласам – чиқаман, хоҳламасам, шоқол, ҳеч қаёққа чиқмайман! – Устига хезланиб бордим, қўллари билан бошини тўсиб олди. Бу гал уни ургим келмади. – Энциклопедиядан Уругвайни топиб қўй, ҳозир қайтиб келаман.
Ҳовурим босилгунча боғчани сайр этдим. Этак тарафдаги ўриндиққа бориб ўтирдим. Дунё кўзимга зимистон бўлиб кўринарди. Бу аҳмақлар «Биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз! Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз! Биз ҳеч кимдан кам бўлмаймиз!» деб томоқ йиртиб бақиришни билади, холос. Амалда эса жиддий синовга дуч келган заҳоти қиблага қараб «Чийй!» деб қўядию мокиёндек бошини эгиб ўзини четга тортади.
Э-э, бевафо дунё, буларга ўргатавериб охири ўзимга ҳеч нарса қолмас экан-да!
Кабинетимга қайтиб энциклопедияга кўз югуртирдим. Уругвайнинг ер майдони бизникидан деярли уч баробар кичкина экан. Аҳолиси олти баробар кам. Лекин қўйлари ўттиз миллион бошдан зиёд. Ўрта ҳисобда ҳар бир кишига ўнтадан қўй тўғри келади. Салкам тўқсон фойиз аҳоли шаҳарларда истиқомат қилади. Агар шаҳарликлар кўпқаватли биноларнинг балконларида қўй боқиш имкониятига эга эмаслиги инобатга олинса, ҳар бир қишлоқ хонадонида ўттизтадан қўй бор экан. Ўттизта қўйдан беш қоп жун қирқиб олиш мумкин, бир қоп жундан ўттизта пайпоқ тўқиб сотилса, жами юз эллик жуфт пайпоқ бўлади. Бирорта ишбилармон ўнта хонадон пайпоғини кўтарасига олиб, Сибирда яшайдиган ўрисларга келтириб сотса, бас... Эҳ-ҳе, Уругвайда қишлоқ аҳолиси ҳам ёмон яшамас экан... Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Уругвай Компартияси Марказқўмининг раиси Р.Арисманди бўлган. У ҳозир ҳаётмикан? Дунёда глобал ўзгаришлар рўй бераётганини олдиндан пайқаб мамлакатда референдум ўтказиб, ўзини ўзи президентликка сайлаб олган бўлса, ҳозир ошиғи олчи бўлса керак. Акс ҳолда, сичқоннинг инини минг долларга харид қилиб, гадойтопмас бурчакда пусиб ётган бўлади.
Энциклопедияни ёпиб ўрнимдан турдим.
– Бизда қўйлар қанча? – деб сўрадим адютантимдан.
– Ўттиз миллионга яқинлашиб қолган; олти-етти миллиони яқин ва узоқ хорижда мардикорлик қиляпти.
– Ман сандан тўрт оёқли қўйларни сўраяпман, баран!
– Бундай маълумотни Қўчқоров аниқ билмаса, кечирасиз, ман билмайман, – деб ерга қаради адютантим.
– Қайси Қўчқоровни айтяпсан, галварс?!
– Қишлоқ хўжалиги вазирлигида чорвачилик секторини бошқарадиган ашақлик тепакални айтяпман.
– Тепакалнинг думи аллақачон тугилган, ҳозир Юридик институтида студентларга ярим ставка лекция ўқиб юрибди. Яна қайсидир нашриётда итбоқарлик қиляпти, шекилли.
– Билмасам...
Чамамда, бизнинг қўйларимиз сон жиҳатдан Уругвай қўйларидан кам эмасдек туюлди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...