понедельник, 2 апреля 2018 г.

22. Кесакдан ўт чиқди


Мўйловининг битта учини ямлаб Пароканд кабинетимга кириб келди. Мўйловнинг ямланган сўл учи лабининг бурчагига ёпишиб қолган, ўнг томони уришаётган мушукнинг думидек дикрайиб турарди. Қўлтиғида елим папка, унга қоғоз солинган. Балдоқ пиёлада тови кўтарилиб, устини юпқа парда қоплаган қаҳвадан бир ҳўплаб, рўпарамдаги стулни кўрсатдим.
– Ўтир.
Пароканд стулнинг учига ўтирди. Чамамда, орқасини эҳтиёт қилаётгандек туюлди.
– Геморройинг борми?
Хижолат бўлиб ерга қаради.
– Даволатмасанг, гемотома пайдо бўлади. Гемотома ўзбекчасига нима дейилади, биласанми?
– Ғурра бўлса керак.
– Тўғри, ғурра дейилади. Томир ёрилса, қон атроф тўқималарга ёйилиб кетиб, чиқиб кетишга йўл тополмай айрим жойларда тўпланиб қолади, ғурра пайдо бўлади. Қичишяптими? – Пароканд қип-қизариб кетди. – Одамлар олдида қашлашга уяласан. Тўғрими?.. Ўрнашиброқ ўтир, барибир қичиғи босилмайди. Аксига олиб ғурра ёрилиб кетиши мумкин... Сан ҳам оқ турсик киясанми?
– Ҳаворанг, – деди бошини кўтармасдан.
– Қора ёки қизил ранглисини кийгин. Бўлмасам, кечқурун ечиниб ўринга кираётган пайтингда келиннинг кўзи тушиб қолса: “Вой, адаси, сиз ҳам ой кўрибсизми?” деб ўсал қилиши мумкин. Ҳаворанг турсикда қон доғи билиниб туради. Яхшиси, даволатгин. Ўзимизнинг поликлиникага кир, Светлана Ортиқова деган тажрибали уролог дўхтир бор. Тўнқайтириб қўйиб бирпасда... – Балдоқ пиёлани тагликка қўйиб: – Хўш, муҳим топшириқ бажарилдими? – деб сўрадим.
– Ҳаракат қилдик, – деб елим папкани столга қўйди.
– Қани, бер-чи, – деб папкани олдим. Ғилофни очиб варақларга кўз югуртирдим: «Қаламкашнинг романлари ҳамда катта қиссалари тўғрисида нуфузли адабиётшуносларнинг айрим мулоҳазалари». – Бу нима? – дедим ажабланиб.
– Ички тақризлар, – деб Пароканд мўйловини ямлади. – Матбуотда оммавий кампания бошлашдан олдин танқидий йўналиш параметрлари тўғрисида қўшимча кўрсатмалар чиқиб қолса, назаримиздан четда қолмасин деган ниятда шундай қилдик.
– Яна қанақа қўшимча кўрсатма керак, ғурра! – деб папкани Пароканднинг башарасига қуриллатиб улоқтириб юбордим. Варақлар сочилиб кетди. – Писмиқ чалаакадемикларнинг дийдиёларини бошимга ураманми? Нима, ман энди ички тақризларни ҳам ўқиб, таҳрир қилиб беришим керакми?
– Узр.
– Ман санга моҳиятни тушунтирган эдим-ку, мулло?! – Шартта ўрнимдан туриб кабинетда у ёқдан-бу ёққа бориб келавердим. Йўл-йўлакай деворга қадаб териб қўйилган битта стулнинг оёғига тепиб синдирдим. – Моҳиятни топиб, негиз-негизини фош этиш керак, вассалом!
– Моҳияти гуманизм, негиз-негизи гуманизм бўлса, нимасини фош этиш мумкин?
Паст товушда айтилган гапни эшитиб, кабинетнинг нариги бошида таққа тўхтадим. Дафъатан қулоқларимга ишонмадим. Аста дераза ёнига бориб боғчага қарадим: қулоқларига наушник таққан фуқаро кийимидаги соқчиларга кўзим тушиб, пардадан узоқлашдим.
– М-да... Ростини айт, сан манга содиқмисан ёки адабиётга кўпроқ содиқмисан? Тағин қўйнимда илон сақлаб юрган бўлмай...
Пароканд бошини хам қилиб олган, қўллари стол устида дир-дир титраб турар эди.
– Ман виждонимга содиқман. Виждоним нимани буюрса, шуни қиламан. Виждоним эса, ўзингиз. Мани сиздан ўзга виждоним йўқ. Буни шу пайтгача ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак деб ўйлардим... – Бирдан Пароканднинг елкалари силкина бошлади.
Қўйиб бердим, ўпкаси босилгунча тўйиб йиғлаб олди. Четдаги столда турган графиндан фужерга тўлдириб сув қуйиб келтирдим.
– Ма, ич, – дедим. – Қизишиб кетдим, шекилли, – деб жойимга ўтиб ўтирдим.
Пароканд ҳиқ-пиқ этиб ўтирганча фужердаги сувни бир ҳўпламдан ичиб адо қилгач, лаб-лунжини кафти билан артиб фужерни бурчакдаги столга элтиб қўйди. Сўнг сочилиб ётган варақларни йиғиштириб елим папкага солди.
– Бўпти, боравер, бўшсан. Ҳозир тўғри бориб Светлана Ортиқовага учраш. Уялма, у Ғойиб Аҳмадни ҳам даволаган. Анави иш тўғрисида кейинчалик бафуржа гаплашамиз.
Пароканд хиёл таъзим қилиб кабинетимдан чиқиб кетди.
Тавба, кесакдан ҳам ўт чиқар экан-да!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...