Қизлар учун махсус Давлат мукофоти
таъсис этишга зўр эҳтиёж туғилди. Бу мукофот кимнинг номида бўлади? Нодира,
Зебунисо номлари таклиф этилди. Зебунисо номини ҳеч ўйлаб ўтирмасдан ўчириб
ташладим. «Бобур Мирзонинг набираси бўлган, гўзалликда тенгсиз эди, шоира
сифатида ҳам беназир!» деб қулоғимга лағмон осмоқчи бўлдилар. «Йўқ, бўлмайди!»
дедим қатъиян. Зебунисонинг ким бўлганини жуда яхши биламан. Аммо одамлар уни
«Озодлик»да чиқиб мияни пармалайдиган, ҳар бир сўзини пичинг билан бурама қилиб
айтадиган Замира Эшонованинг тахаллуси деб ўйлайди. Биз нариги Зебунисони
назарда тутсак ҳам, одамлар бериги Зебунисони кўз олдига келтиради... Нодира
масаласига келсак, у хоннинг хотини бўлган. Хоннинг хотини бўлиш ҳар кимга ҳам насиб
этавермайди. Биз оддий одамлар ҳам эришса бўладиган идеалларни байроқ этиб
кўтаришимиз даркор. Шундагина байроқ остига тарафдорларни тўплаш мумкин. Акс
ҳолда, туғ остида туғдордан бошқа ҳеч ким қолмайди. Қолаверса, Нодирани 1842
йилда Бухоро амири Насрулло золим Қўқонда сўйдириб юборган. Тарих титкиланса,
яна-тағин Бухоро билан Қўқон ўртасида ихтилоф юзага қалқиб чиқади. Хундорлик
масаласи кун тартибига қўйилса, иш бузилади. Ундан кўра, ҳали одамларнинг
хотирасидан буткул ўчиб кетмаган нурсизроқ фигура меҳробга кўтарилса, қибла у
ёқда қолиб оломон тош ҳайкалга сиғина бошлайди, Зулфия ҳартомонлама мақсадга
мувофиқ номзод ҳисобланади.
Шундай қилиб, қиз-жувонларга
мўлжалланган махсус Давлат мукофотига Зулфия номи берилди. Санъат музейи
орқасидаги майдончадан эски биринчи Президентимиз Йўлдош Охунбобо билан Ҳамид
Олимжон қабрлари мозорга кўчирилиб, ўрнига вафодор бева хотин тимсоли бўлмиш
Зулфияга ҳайкал ўрнатилди. Халқаро хотин-қизлар куни – 8 март байрамини Зулфия
ҳайкали остига гулдасталар қўйиладиган маросимга айлантириб юбордик.
Биламан, Зулфия шоира сифатида
ҳам, давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам ҳамма қатори шахс бўлган. Аммо бева
аёл сифатида, бир умр эски эрига содиқ қолган хотин сифатида чинакам
ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир. Зулфия шахсияти жамиятда кескин баҳс-мунозараларга
сабаб ҳам бўлмайди. Чунки шоира доим пана-панада юрган, ўзини ўтдан чўққа
урмаган, жонини койитмаган. Ёшлигида сочлари жингалак бўлгани учун жингалак
сочли Хуршид Давронни қаноти остига олиб, тетапоя чоғида ҳартомонлама қўллаб-қувватлаганини
ҳисобга олмаганда, бошига оғир иш тушган бирор кимсага ёрдам қўлини чўзганини
ҳеч ким эслаёлмайди. Ўшанда ҳам Хуршид Даврон опанинг марҳум эрини – Ҳамид
Олимжонни эслатиб юборгани учун ҳимоятга олинади. Шоира ҳар гал Хуршидни
кўрганида эрини кўргандек қониқиш ҳосил қилган экан.
Ғаламислар девонга Зулфия ижодидан
айрим намуналар юборибди:
“Москва! Бизнинг эркимиз,
иродамиз, қудратли таянчимиз Москва, кўз нуримиз Москва!
Биз ўз озодлигимиз ҳақида ўйласак,
ҳамма вақт икки ёрқин сиймо – буюк Ленин билан Сталин кўз ўнгимизга келади.
Улар тутган озодлик машъали Москвадан нур сочади. Бизга бу озодликни Улуғ
Октябрь революцияси берди, мамлакатимиздаги халқлар билан бир қаторда ўзбек
хотин-қизларини ҳам азоб-уқубатдан қутқарди. Бу ғалабанинг ташкилотчиси ҳам,
раҳбари ҳам Улуғ Ленин билан Сталин, Қизил Москва эса бу революциянинг
бешиги...
Саҳнадаги артистлар ва оёққа туриб
қарсак чалаётган томошабинларнинг нигоҳи бир томонга тикилган эди. Ойдин
Собирова ҳам шу томонга қарайдию қайтиб кўзини узолмай қолади. Унинг кўзларидан
ёш тирқирайди. Ҳукумат ложасида доҳий Сталиннинг ўзи, Гулсараларга эрк берган
доҳийнинг ўзи, эрк қуёши – азиз Сталин озод ўзбек қизини табриклар эди, у совет
даврида ўсиб гуркираган ўзбек санъатини табриклар эди, ўзбек совет маданиятини
табриклар эди.
Океан орқасидаги бир тўда
одамхўрлар, қалбидан виждонини, ҳаётидан гўзалликни юлиб ташлаган ваҳшийлар
ўзга халқларнинг тинчлигини бузишдан, халқ яратган гўзал ҳаётни поймол қилишдан
лаззатланадилар.
Ўз ҳаётини янгидан қурган,
мамлакатни гуллатиш учун тинмай меҳнат қилаётган халқ демократияси мамлакатлари
учун ҳам тинчлик ва гўзаллик азиз, жаҳон меҳнаткашлари – эркпарвар халқлар учун
тинчлик зўр эҳтиёждир.
Бизда ўз саноатимиз, ўз машинамиз
бор. Биз коммунизмга совет ихтирочилари яратган машиналар билан борамиз.
Бизнинг йўлимиз битта – партия йўли. Бу йўл халқни коммунизмга олиб борадиган
энг тўғри, ёрқин йўл! Буюк манзил – коммунизм чўққиси қуёшдай порлаб, бу йўлни
ёритиб турибди!”
Зулфия 36 яшар чоғида, эридан
айрилгач етти йил ўтиб “Ойдин” очеркини яратади. Ўша очерк ёзилганига 57 йилдан
ошибдики, ҳамон кимнингдир қитиқ-патига тегади. Дарвоқе, Гёте ҳам ўзидан 57 ёш
кичкина қизни севиб қолиб Амалия хонимнинг қитиқ-патига теккан эди. Одамзоднинг
қитиғи ҳеч ўлмас экан-да!
Комментариев нет:
Отправить комментарий